Линклар

Теҳронда тўқнашув юз берди


Теҳрондан келаётган маълумотларга кўра, президентлик сайлови натижаларига қарши норозилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берган.

Шунингдек, Теҳрон марказида портлаш рўй бергани ва бир киши нобуд бўлгани тўғрисида ҳам хабар тарқатилди.

Гувоҳларнинг айтишича, ҳукуматнинг намойишларга таъқиқ жорий этганига қарамай, мингдан зиёд мухолифатчи бугун пойтахт марказига тўпланган. Намойишчилар тўпланаётган жойга хавфсизлик кучлари ва Басиж қуролли гуруҳи аъзолари ҳам сафарбар қилинган.

Теҳрондан ташқари Рашт ва Исфаҳон шаҳарларида ҳам хавфсизлик чораларининг кучайтирилгани айтилмоқда.

Бундан бир оз аввал мухолифат расмийлари Теҳрондаги бугунги норозилик акцияси бекор қилинганини маълум қилган эди.

Мухолифатчиларнинг таъкидича, Эрон ҳукумати 12 июн кунги сайлов натижаларига қарши намойиш ўтказишга рухсат бермаган. Бироқ мухолифат етакчилари бу борада расмий баёнот билан чиққани йўқ.
XS
SM
MD
LG