Линклар

logo-print

Қарорлар жозибали, турмуш эса...

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик кузатувчилар фикрича, бугунги кунда Ўзбекистонда байраму мушакбозлик фақат ўзига тўқ амалдорлар кўнглига сиғиши мумкин, холос.

Ўзбекистонлик кузатувчилар фикрича, бугунги кунда Ўзбекистонда байраму мушакбозлик фақат ўзига тўқ амалдорлар кўнглига сиғиши мумкин, холос.

Ўзбекистонда президент Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон республикаси давлат мустақиллигининг 18 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ўзбекистонликлар президент қарорида айтилган “мустақиллик энг улуғ, энг азиз қадрият” деган ибораларга тўла қўшилишини айтадилар. Зеро, бу мустақиллик XIX асрдаги чор Россияси истилосидан кейин қўлга киритилган улуғ неъмат эди.

Бироқ тошкентлик мустақил таҳлилчи Шавкат аканинг сўзларига кўра, қарорда айтилган сўзларнинг аксарияти халқнинг ҳақиқий ҳаётидан жуда узоқ бўлган баландпарвоз гаплардир.

Масалан, қарорда "байрамолди дастурини тайёрлаш учун ҳар бир фуқаронинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши ҳисобга олинсин", дейилган.

Шавкат ака фикрича, 18 йил давомида айнан ана шу мезонлар ҳисобга олинмади:

- Масалан¸ қобилиятимизни намойиш қилиш. Масалан¸ мақтаниш бўлмасину¸ мен анча қобилиятга эгаман. Лекин мен буни қаерда намойиш қила оламан?

Қўлимда ўқитувчилик дипломи бўлатуриб¸ мактаб соҳасида ишлай олмасам¸ у ерда ойлик кам бўлса. Ўзимнинг соҳамда ишласам¸ мен ўзимни тўла-тўкис намойиш қила олган бўлардим.

Мен ҳозир бутун маҳоратимни¸ бутун билимимни мардикор бўлиб қурилишга намойиш қилиб ëтибман. Чанг ютиб ишлаб юрибмиз. Ваҳоланки¸ давлатимиз биздан катта ëрдам олиши мумкин эди¸ дейди мустақил таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, мустақиллик йилларида мамлакат иқтисодиётига, илм-фанига салмоқли ҳиссасини қўшиши мумкин бўлган катта зиёли қатлами ўз касбларини ўзгартиришга мажбур бўлди:

- Ҳафтанинг хоҳлаган кунида бозорга тушиб¸ латта-путта¸ темир-терсак сотаëтганларни савол-жавоб қилиб чиқсангиз¸ ўлдим деганда ҳар хил соҳалар бўйича 10-15 нафар мутахассис топасиз.

Масалан, унча-мунча одам электр соҳасига қўл ура олмайди. Чангютгич¸ плита билан савдо қилиб ўтирган электриклар бор. Юқори малакали токарлар ҳам темир-терсак сотиб ўтирганини кўрасиз¸ дейди мустақил таҳлилчи.

Президент қарорида айтилишича, аҳолининг ҳаёт ва фаровонлик даражаси барқарор сақланиб қолмоқда. Шавкат ака бу гапларга ҳам қўшилмайди:

- Ҳеч барқарор эмас. Ҳозир аҳоли “Эртанги даромадим қаердан экан, эртага бир бурда нонни қаердан топар эканман?” деган хаëл билан юрибди.

Қанақанги фаровонлик бўлиши мумкин? Фаровонлик¸ ўз қобилиятларини намойиш қилиш деган нарсалар анча узоқда.

Халқ ҳозир “Эртага боламга нима кийдирсам экан¸ боласи касалхонада ëтган бўлса¸ операцияга пулни қаердан топсам экан¸ уйим қулаб тушаяпти¸ эртага ремонт қилиш учун маблағни қаердан олсам экан?” деган ташвиш билан юрибди¸ дейди мустақил таҳлилчи.

Ана шу гаплардан келиб чиққан ҳолда, Шавкат акага кўра, ҳозир ўзбекистонликларга мустақиллик байрами татияпти, деб айтиб бўлмайди:

- Байрам умуман татимайди. Байрамнинг б ҳарфига ҳам яқин келмайди. Бу жамиятда ҳозирги вазиятда байрам сўзи ишлатилиши керак эмас.

Халқнинг қорни тўқ бўлса¸ севимли иши билан машғул бўлса¸ ўзининг севган¸ яхши кўрган ҳунари билан шуғулланса¸ бундан ташқари, байрам учун аталадиган маблағ йиғилиб қолса¸ ўшанда байрам татийди¸ дейди мустақил таҳлилчи.

Ўзбекистондан иш тополмай Россияда мардикор бўлиб ишлаётган Ҳамидулла аканинг айтишича, мустақилликдан улар озодлик, эркинлик кутган эди. Бироқ бугун миллионлаган ўзбеклар мамлакатдан ташқарида қул сингари ишламоқдалар:

- Мустақиллик ўзбек халқини қул қилди, деймиз-да. Қўлини совуқ сувга урмаган аëллар мана шу ерларга келиб қурилишларда мардикорлик қилаяпти.

Мустақиллик бизга шу нарсаларни берди. Россияда “чëрний¸ гастарбайтер” деган нарса бор. Гастарбайтерларнинг ичида энг кўп бу ўзбеклар¸ дейди Ҳамидулла ака.

Унинг сўзларига кўра, бу байрам халқнинг байрами эмас¸ балки амалдорларнинг байрами бўлиб қолди.

- Мустақиллик халқимизга жуда оғир кулфатлар келтирди. Мустақиллик учун курашганлар бир чеккада қолиб кетди.

“Биз СССР таркибида бўламиз. Биз ҳеч қачон СССРдан ажралмаймиз. Биз ажраладиган бўлсак¸ хору зор бўламиз” деганлар бугунги кунда мустақиллик тепасига чиқиб олди.

Булар мустақилликни хаëлларига сиғдира олмас эди. Охирги сайловда 99 фоиз овоз олганлар булар “СССР билан бирга бўламиз”, деганлар. Булар қандай қилиб мустақиллик байрами қилади?

Булар ўзларининг амал курсисида қолганлигини нишонлаяпти. Булар ҳеч қандай мустақилликни нишонлагани йўқ.

Ўзбекистонда Каримов ва унинг оиласи яшасин - бошқа нарса йўқ. Қанақа мустақиллик бўлиши мумкин¸ дейди Россияда мардикор бўлиб ишлаётган Ҳамидулла ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG