Линклар

Эрон: Режим таъқибларни кучайтирмоқда


Мухолифатнинг шанба кунги намойиши хавфсизлик кучлари қўли билан кўп ўтмай зўравонликларга дўнди.

Мухолифатнинг шанба кунги намойиши хавфсизлик кучлари қўли билан кўп ўтмай зўравонликларга дўнди.

Ҳафта охиридаги норозилик намойишлари зўравонликларга айланиб кетганидан сўнг¸ Эрон пойтахтида хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилганига қарамай¸ мухолифат норозиликни давом эттирмоқда.

Душанба куни Теҳрон бўйлаб вертолëтлар учмоқда¸ пойтахтнинг мухолифат етакчиси Мир Ҳусайн Мусавий қароргоҳи ҳисобланмиш шимолий қисмидан отишма овозлари эшитилмоқда¸ деб хабар қилди Эрон пойтахтидан мустақил манбалар.

Шунга қарамай¸ мухолифат тарафдорлари душанба куни ҳам Теҳрон марказида қисқа муддатга бўлса-да тўпланиб¸ ўз талабларини яна бир бор ўртага қўйди.

Айни пайтда¸ мухолифатчи номзод тарафдорлари намойишлар таъқиқланган мамлакатда норозиликни ифода этишнинг янги усулларини ўйлаб топмоқдалар. Эндиликда¸ Мусавий тарафдорлари кундуз кунлари ҳам машиналари фараларини ëқиб юриш орқали¸ сайловлардаги сохтакорликлар ва ëлғонларга қарши ўз норозиликларини намойиш қилмоқдалар.

Эрон давлат телевидениесига кўра¸ мухолифат тарафдорларининг шанба кунги намойиши чоғида 10 одам нобуд бўлган¸ 100 дан ошиғи жароҳатланган.

Айни пайтда¸ мустақил манбалар талофатлар сонининг бундан кўпроқ экани ва Эрон бўйлаб мухолифат тарафдорларини оммавий қамашлар бошланганини хабар қилмоқдалар.

Айтилишича¸ биргина шанба куни юздан ошиқ фаол ҳибсга олинган ва улар орасида собиқ президент Акбар Ҳошимий Рафсанжонийнинг орасида норозилик намойишида иштирок этган қизи ва бошқа қариндошлари ҳам бўлган. Душанба куни собиқ президентнинг қизи озод этилгани ҳақда хабар пайдо бўлди.

Хориж оммавий ахборот воситаларининг сайловлардан сўнг давом этаëтган норозиликни ëритишини таъқиқлаган Теҳрон ҳукумати¸ асосий босимни маҳаллий мухбир ва блоггерларга қаратмоқда.

BBC ва Newsweek ҳафталиги мухбирларини мамлакатдан чиқариб юборган маъмурлар¸ кейинги кунлар ичи камида 24 нафар маҳаллий журналистни қамоққа олган.

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайининг норозилик намойишларини тўхтатиш ҳақда жума куни қилган кескин чақириғи ва мамлакат бўйлаб мухолифатга нисбатан бошланган таъқибларга қарамай¸ сайловларда мағлуб бўлгани айтилаëтган Мусавий ўз тарафдорларини норозиликни тўхтатмасликка даъват қилмоқда.

Ўз интернет сайтига қўйилган даъватида Мусавий¸ “ëлғонлар ва сохтакорликка қарши чиқиш Сизнинг ҳаққингиздир”¸ дер экан¸ айни пайтда ўз тарафдорларини режим фитнасига учмасдан¸ норозилик чоғида босиқ бўлишга чақирди.

Мусавийнинг иттифоқчиси саналмиш собиқ президент Муҳаммад Ҳотамий Эрон режимини халқнинг ўз талабларини тинч йўл билан ифода этиш ҳаққидан маҳрум этилиши оқибатларидан огоҳлантирди.

Эрон Посбонлар кенгаши¸ мухолифат шикоятларини ўрганиб чиққач¸ 50 шаҳарда қонунбузарликка йўл қўйилганини тан олди ва айнан шу сайлов участкаларида овозлар қайта саналишини маълум қилди.

Кенгашга кўра¸ бу шаҳарларда берилди¸ деб қайд этилган варақалар сони овоз берувчилар сонидан анча кўп чиққан. Бу шаҳарлардаги жами овозлар 3 миллион экани¸ Маҳмуд Аҳмадийнажод ва Мир Ҳусайн Мусавий олган овозлар ўртасидаги фарқ эса¸ 11 миллион эканини таъкидлаган кенгаш¸ овозларнинг қайта саналиши барибир ялпи натижага таъсир кўрсата олмаслигини айтмоқда.

Аммо мухолифат бунинг етарли чора эмаслигини айтиб¸ мамлакат бўйлаб янгидан сайлов ўтказилишини талаб қилишда давом этаëтир.

Эрон хавфсизлик кучларининг шанба кунги бир неча юз минг кишилик мухолифат намойишини куч билан бостиргани халқаро майдонда танқид ва норозиликка сабаб бўлмоқда.

АҚШ¸ Британия ва Германия раҳбарлари тинч намойишнинг қонли фожеага айланганини танқид қилиб¸ Теҳронни ўз халқи ҳаққини ҳурмат қилиш ва ўз сиëсий талабларини тинч йўл билан ифода этаëтган одамларга қарши куч қўлламасликка даъват қилдилар.

- Менимча¸ барча овозларни шаффоф тарзда¸ лозим бўлса¸ халқаро кузатувчилар иштирокида қайта санаш орқали барча шубҳаларни тарқатиш мумкин. Шунда сайлов натижасига ишонч қайта тикланиши мумкин. Менимча¸ вазиятга ойдинлик киритишнинг энг осон ва энг яхши йўли шудир¸ деди жумладан Германия канцлери Ангела Меркел якшанба куни.

Ғарб давлатларини Эрон ички ишларига аралашаëтганликда айблаëтган Теҳрон расмийлари¸ бу айбловларни душанба куни янада кучайтирди.

- Аксар Европа давлатлари ва Америка¸ одамларни демократик усулларни танлашга рағбатлантириш ва ўз баëнотларида қонуний талаблар қўйиш ўрнига¸ исëнчи ва оппортунистлар тарафини олмоқда¸ деди жумладан Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Қашқавий.
XS
SM
MD
LG