Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:23

Хитой пул беради, Ўзбекистон эса рухсат


Хитой раҳбари Ху Цзин Тао (чапда) ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон (ўнгда) Нуробод ГЭСи қурилишига сармоя ётқазиш масаласини келишиб олдилар.
Хитой раҳбари Ху Цзин Тао (чапда) ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон (ўнгда) Нуробод ГЭСи қурилишига сармоя ётқазиш масаласини келишиб олдилар.

Хитой Тожикистондаги бир қатор йирик энергетик иншоотлар қурилишига бир миллиард доллар сармоя ётқизиш истагини билдирди. Бироқ бу лойиҳаларнинг Ўзбекистон розилигисиз амалга ошмаслиги айтилмоқда.

Тожикистон президенти маъмурияти тарқатган маълумотларга кўра, Хитой Халқ республикаси раиси Ху Цзин Тао ва Эмомали Раҳмон Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидан сўнг ўзаро учрашиб, муҳим ҳужжатларни имзолаганлар.

Хитой томони Тожикистон иқтисодиётига бир миллиард доллар сармоя ётқизиш истагини билдирган.

Икки мамлакат раҳбарлари имзолаган ҳужжатда айтилишича, Хитой томони Тожикистонда энергетика соҳаси ривожланишидан манфаатдордир.

Хитой берадиган маблағ Хингоб дарёсида Нуробод ГЭСи ва Душанбе шаҳрида кўмир билан ишлайдиган иссиқлик тармоқлари қурилишларига сарфланади.

Бундан ташқари расмий Пекин ва Душанбе ўзаро ҳамкорлик дастури бўйича яна бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни белгилаган.

Жумладан, Хитой Лолазор- Хатлон ва Жануб- Шимол электр линияси қурилишига 65 миллион доллар, республика учун муҳим иқтисодий аҳамиятга эга Душанбе- Данғара автотранспорт йўли қурилишига 51 миллион доллар маблағ беради.

Кузатувчиларнинг айтишларича, АҚШ ва Россия глобал иқтисодий бўҳрондан чиқиш йўлларини қидириш билан овора бўлаётган бир даврда, пайтдан фойдаланган Хитой Тожикистонда ўз таъсир доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

- Хитой глобал иқтисодий бўҳрондан энг кам шикаст еган мамлакатдир. Хитой кризис пайтида тезда ўзини ўнглаб олди. Буни бугун Хитой давлати бутун дунёга сармоя ётқизаётганлигидан ҳам англаш мумкин, дейди Тожикистон сиёсатшунослар ассоциацияси раиси Абдуғани Мамадазимов.

Иқтисодчи Музаффар Содиқзодага кўра, Хитой Тожикистон иқтисоди ўта оғир вазиятда қолган бир пайтда ёрдам қўлини чўзмоқда.

- Бугун Тожикистон иқтисодиёти жуда оғир аҳволда. Назаримда, Хитой мана шу вазиятдан фойдаланиб қолмоқда.

Жорий йил тўрт ойи давомида икки республика ўртасидаги товар айрбошлаш 80 фоизга ошган.

Бизнинг ҳисоб -китобларга кўра, жорий йил декабр ойида бу кўрсаткич қариийб икки миллиард долларга етади, дейди иқтисодчи.

Бошқа кузатувчилар эса Хитой ва Тожикистон режаларининг амалга ошиши биринчи навбатда Ўзбекистонга боғлиқлигини эътироф этишмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Россия ва Хитой Тожикистондаги энергетик иншоотлар лойиҳасини молиялашдан олдин Ўзбекистон раҳбарияти билан бу борада келишиб олади.

Расмий Тошкент эса Тожикистонда энергетик иншоотлар лойиҳалари амалга оширилишига норозилик билдириб келаётир. Ўзбекистон мазкур лойиҳалар минтақадаги сув муаммосини янада кучайтиради, деган нуқтаи назардадир.

Яна бир гуруҳ таҳлилчиларнинг эътироф этишларича, Хитой экспанцияси Тожикистонда ишсизлик ва меҳнат мухожирларининг янада кўпайишига олиб келади. Чунки қўшма лойиҳаларни амалга ошириш баҳонасида ишчи кучи ва мутахассис сифатида Тожикистонга Хитой фуқароларининг кириб келиш хавфи катта.

- Бу ёрдам ортидан ўша давлат ишчи кучи ҳам республикага кириб келмоқда. Бугун биргина Сўғд вилоятида 5000 дан ортиқ хитойлик турли жабҳаларда ишламоқда.

Тожикистон аҳолисининг асосий қисми эса бугун Россия ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилмоқда.

Иккинчидан, Хитой пулни қарзга бериб, бу маблағни икки карра ошириб қайтариб олмоқда. Чунки Хитой томони молиялаштирган лойиҳаларни асосан хитойлик ишчилар амалга оширади.

Айтмоқчиманки, Хитой ўзи берган қарздан ўз фуқароларига маош бермоқда. Тожикистон эса йилдан йилга қарзга ботмоқда, дейди кузатувчи Муҳсин Турсунов.
XS
SM
MD
LG