Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:06

Ўз йўлидан кетаëтган рассом


Ғафур Қодиров асарларидаги соддалик остида синоат яширинган.
Ғафур Қодиров асарларидаги соддалик остида синоат яширинган.

Бу майдон ичра гул кўп¸ чаман кўп. Ўзбек рассомларининг халқаро майдонда от қозонаëтгани¸ Ўзбекистонда истеъдодлар чашмаси қайнаб-тошаëтгани белгиси сифатида кўрилмоқда.

- Охирги бажарилаëтган асарлар кўп йиллар давомида режалаштириб қўйилган асарлар. Табиат манзараси билан қанақадир катта муаммолар ҳал қилинди деб айтиш қийин.

Лекин инсон ўзининг ҳаëтига¸ ўзининг кўнглида бўлаëтган кечинмаларга нисбатан манзара орқали кўпроқ гапириб¸ кўпроқ нарсани тушунтира билиш мумкин¸ дейди Ғафур Қодиров.

Ғафур Қодировнинг таржимаи ҳоли бошқа ўзбек рассомларникига ўхшайди.

1958 йил туғилиб¸ Тошкентдаги Бенков номли рассомлик билим юрти рангтасвир бўлимини 1978 йил тугатган Ғафуржон Москвадаги Суриков номли санъат академиясида таниқли санъаткорлар қўлида таҳсил олиб¸ Ўзбекистонга қайтди.

Маҳобатли рассомчилик¸ деворий суратлар устаси касбини эгаллаган Ғафур Қодиров кейинчалик дастгоҳли рассомлик билан шуғулланди.

Пластик ифодаларнинг оддийлиги¸ рангларнинг ëрқинлиги ва мавзу жўнлиги тагидаги сирлилик Ғафур Қодиров ижодига хос хусусият.

Ғафур Қодировнинг "Фарғона йўли" асари унинг машҳур картиналаридан биридир.
Масалан¸ унинг “Фарғона йўли” асарига назар ташлар эканмиз¸ сафар олдидан ҳис қиладиганимиз бир дунë кечинмаларга ошно бўламиз.

- Ҳар битта асарнинг ўзининг келиб чиқиши¸ тарихи бўлади¸ дейди Ғафур Қодиров.

Ғафур Қодировнинг “Фарғона йўли” асари Чингиз Айтматовнинг Жамила қиссаси қаҳрамони рассом бола чизган асарни эслатади.

- Йўлнинг маъноси жуда ҳам чексиз маъно. Ҳаëтда ҳар бир инсоннинг йўли бўлади. Бу йўл ўзининг оддийлиги билан инсонга яқин туради деб ўйлайман.

Ҳозирги вақтда жуда кўп инсонлар Тошкентга келиб яшайди¸ ўқийди. Асарни кўрганда¸ уларда қанақадир ҳаяжонли ҳислар уйғониши табиий деб ўйлайман.

Сабаби¸ бу қуëш энди кўтарилаëтган пайтда олинган. Мен ўйлайманки¸ асарнинг оддийлиги унинг инсонларнинг кўнглига етиб боришига хизмат қилади¸ дейди Ғафур Қодиров.

Ғафур Қодиров ижодининг илк йиллариданоқ тилга тушган рассом. Бундан 20 йил олдин унинг асарлари Париждаги кўргазмага қўйилган ва рассомнинг ўзи Францияда ижодий таҳсил олган эди.

- Кўргазмаларда ҳар доим одам гавжум. Тасвирий санъатга ҳамма ҳам қизиқавермайди¸ ҳамманинг унга хоҳиши¸ вақти бўлмаслиги мумкин. Ҳозирги шароитни вақтинча деб ўйлайман.

Мана яқинда Москвада бўлиб қайтиб келдим. Москвада ҳам инсонлар ҳам моддий томондан¸ ҳам маънавий томондан яшашга ҳаракат қилишаяпти. У жойларда ҳам бу муаммо бор.

Ҳар бир одамнинг савияси унинг ëши катта ëки кичик бўлишидан қатъий назар Оллоҳ томонидан берилган даражаси орқали қабул қилинади деб ўйлайман¸ дейди Ғафур Қодиров.

Ғафур Қодиров биз билан елкадош¸ замондош бир рассом. Рассомнинг қалб кўзи доимо очиқ бўлади.

- Жамиятимизда бўлаëтган ўзгаришлар рассомлар назаридан четда қолаëтгани йўқ. Рассомларнинг ижодларига¸ бажараëтган асарларига эҳтиëж жуда катта. Бу фақат бизнинг республикамиз нуқтаи назаридан эмас.

Ҳозирги кунда ўзбек рассомларининг асарларини Вашингтонда ҳам¸ Европада ҳам¸ Японияда ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистонда шахсан мен ўзим ўзбек рассомларининг асарларини коллекция қилаëтган¸ шахсий галереялар ташкил қилаëтган одамларни биламан.

Оддий ишчи одамлар ҳам ўзи учун¸ кўнгли учун рассомларнинг ишини уйида сақлаш имкониятига эга¸ дейди Ғафур Қодиров.

Ғафур Қодиров яратган “Товус”¸ “Давроннинг никоҳ тўйи”¸ “Бола кўтарган аëл”¸ “Ситора” деган асарлари аллақачон ўзбек тасвирий санъати хазинасига қўшилиб улгурди. Рассом асарларини Москва музейлари¸ Париж ва Римдаги шахсий коллекцияларда кўришимиз мумкин.
XS
SM
MD
LG