Линклар

Президентга хат ёзилди... Кейинчи?

  • Шерзод

Асосий қисми ўзбек-қирғиз чегараси атрофидаги ҳудудларда яшовчи қирғизистонлик ўзбеклар президент Бакиевдан ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини талаб қилмоқдалар.

Асосий қисми ўзбек-қирғиз чегараси атрофидаги ҳудудларда яшовчи қирғизистонлик ўзбеклар президент Бакиевдан ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини талаб қилмоқдалар.

Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий маркази президентлар Қурмонбек Бакиев ва Ислом Каримовга ўзбек-қирғиз чегарасидаги муаммоларни бартараф қилиш илтимоси билан мурожаатнома жўнатмоқчи.

Қирғизистон Республикаси Ўзбек миллий-маданий марказининг президентлар номига ёзилган мурожаатида қирғиз-ўзбек чегарасидаги мавжуд муаммоларга қирғизистонлик ўзбеклар номидан ташвиш билдирилган.

- Мактуб ташаббускори ўзбек халқидир. Халқ ўз муаммолари битилган мактубларни, шунингдек, бу муаммоларни бартараф этиш талаб қилинган имзоларни йиғиб¸ бизга юборган. Биз мана шу мактублар асосида мурожаат қабул қилдик, дейди Ўзбек миллий-маданий маркази президиуми аъзоси Қодиржон Ботиров.

Суҳбатдошимиз¸ Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларига жўнатилиши режаланаётган мурожаатнома мазмуни билан батафсилроқ таништира олмаслигини айтади:

- Биз мурожаатни тайёрлаш учун махсус таҳрир комиссияси тузганмиз ва уларга мурожаат матнини тайёрлаш бўйича барча ваколатлар берилган.

Мен улар мурожаатномани қандай таҳрир қилишганини билмайман, дейди Қодиржон Ботиров.

Фарғона.ру ахборот агентлигининг маълум қилишича, 2009 йил 17 июнида республика Ўзбек миллий-маданий марказининг кенгайтирилган йиғинида асос сифатида қабул қилинган мурожаат матнида қирғиз - ўзбек чегарасида сўнгги ойларда юз берган нохуш воқеалардан мисоллар келтирилади.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевдан фуқаролар Конституциявий ҳуқуқлари гранти сифатида чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимояловчи чоралар кўриш талаб қилинади.

Ўшлик мустақил кузатувчи Ғанижон Холматов миллий-маданий марказлар ўз рейтингини ошириш учун бундай мурожаатномаларни тез-тез ёзиб туришларини, аммо улардан самара йўқлигини айтади:

- Қирғизистон Ўзбек миллий-маданий марказининг чегаралар, чегарадаги нохуш воқелар тўғрисидаги мурожаати Ўзбекистонда фақатгина ахборот тарзида қабул қилинади.

Аслида бундай ишлар миллий марказ рейтингини ошириш учун қилинади. Чунки бундай мурожаатлар кўп бўлади, унга эътибор берилмаганидан кейин мурожаатнинг иккинчи босқичи тўғрисида ўйланилмайди¸ эсдан чиқарилади, дейди ўшлик мустақил кузатувчи Ғанижон Холматов.

Чегарадаги муаммоларни ҳал этиш илтимоси билан икки давлат расмий идораларига авваллари ҳам кўп маротаба мурожаатлар қилинган.

Масалан, ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Изатилло Раҳматуллаев ўзи етакчилик қилаётган “Қонун ва тартиб” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази Ўзбекистон тарафга чегарадаги муаммолар юзасидан ўндан ортиқ мурожаатнома юборганини айтади:

- Бизнинг “Қонун ва тартиб” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази Ўзбекистон Ички ишлар вазири жаноб Матлюбовга, Ўзбекистон Бош прокурори Қодировга ва бошқа бир қатор расмийларга ўзбек-қирғиз чегарасидаги муаммолар бўйича ҳамда айрим шахсларнинг аризасига асосан ўндан ошиқ хатлар юборган, ҳали бирортасига ҳам жавоб олганимиз йўқ.

Энг охирги мактубни Хонобод воқеаларидан кейин юбордик.

Қирғизистон фуқароси ўзбек-қирғиз чегарасидаги Шархонсой дарёсида оқиб кетган ва ўлган. Ҳалигача унинг жасади топилмади. Ўзбекистон тарафга сувни тўхтатиб, жасадни излаш бўйича мурожаатнома юбордик. Шу пайтгача жавоб йўқ, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
XS
SM
MD
LG