Линклар

logo-print

"Туғилмай туриб ўлган ғоя"

  • Фаррух Юсуфий

Афғонистонда барқарорлик ўрнатишни устивор мақсад қилиб белгилаганига қарамай янги АҚШ маъмурияти¸ Ислом Каримов ташаббусини эътиборсиз қолдирмоқда.

Афғонистонда барқарорлик ўрнатишни устивор мақсад қилиб белгилаганига қарамай янги АҚШ маъмурияти¸ Ислом Каримов ташаббусини эътиборсиз қолдирмоқда.

Мустақил кузатувчилар¸ Ислом Каримовнинг Афғонистонда барқарорлик ўрнатишни кўзда тутувчи 6+3 ташаббусига ана шундай баҳо бермоқдалар. Шунга қарамай¸ расмий Тошкент бу ғояни илгари суришдан қолмаëтир.

Тошкентда 17-18 июн кунлари бўлиб ўтган халқаро конференцияда Афғонистон, Покистон, АҚШ, Хитой, Россия ва бошқа давлатлардан келган йигирмадан ортиқ эксперт қатнашди, деб хабар қилди ЎзА ахборот агентлиги.

Расмий хабарга кўра, улар Афғонистонда барқарорликни ўрнатишнинг ижтимоий-иқтисодий омилларини муҳокама қилиш баробарида, Ўзбекистон президентининг 6+3 гуруҳини ташкил этишга оид ташаббусини афғон муаммосини ҳал қилишнинг энг самарали усули ўлароқ баҳолашган.

Бироқ мазкур анжуманга оид интернетда пайдо бўлган баъзи хабарларга кўра, халқаро экспертлар Каримов ғоясининг камчиликлари ҳақида ҳам гапиришган. Хусусан, 6+3 гуруҳида Афғонистон ҳукуматининг иштироки кўзда тутилмагани бу камчиликларнинг асосийси сифатида қайд этилган.

www.uzmetronom.com интернет сайтининг ёзишича, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд конференцияда фойдали тавсияларнинг ишлаб чиқилишига умид қилгани, лекин анжуманда бунга оид конкрет фикрлар айтилмаганидан афсус билдирган.

Элчи Норланд ва америкалик бошқа экспертларнинг Тошкент конференциясидаги иштироки ва улар билдирган фикрлар ҳақида АҚШ элчихонасидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Шунингдек, анжуман ташкилотчиси бўлмиш минтақавий сиёсат жамғармаси мутасаддилари ҳам Озодлик радиоси билан мавзу хусусида суҳбат қилишдан бош тортди.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Фарҳод Толипов тадбирда қатнашмагани, лекин одатда бу каби илмий-амалий конференцияларда 6+3 ғояси ёхуд бунга ўхшаш ташаббусларга оид конкрет таклифлар ишлаб чиқилмаслигини айтади.

Президент Каримовнинг ташаббуси ҳақида гапирадиган бўлсак, дейди таҳлилчи...

- 6+3 деган концепцияга келадиган бўлсак¸ биз бир йилдан бери бирор бир Ғарб давлатидан бу концепция бўйича расмий жавоб олганимиз йўқ. Бундан мен ҳам ҳайронман.

Чунки бир вақтлар 6+2 деган анжуман илгари сурилганда¸ бу концепция ишга солинган эди ва бир қанча вақт давомида Ўзбекистонда 6+2 га кирган давлатлар иштирокида Афғонистон масаласи бўйича бир қатор музокаралар олиб борилган эди.

Буни биз Ўзбекистонинг сиëсий фаоллиги¸ Ўзбекистон ташаббусининг жаҳон ҳамжамияти томонидан қанчалик қўллаб-қувватланганлигига мисол¸ деб кўрсатишимиз мумкин.

Бу ғоянинг давоми сифатида илгари сурилган 6+3 ғояси олдинга сурилганига бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам¸ ҳалигача расмий жавоб қайтарилгани йўқ¸ дейди Фарҳод Толипов.

Балки ҳозирча 6+3 ташаббуси НАТО каби Ғарб уюшмалари назаридан четда қолиб кетаётганига бу ғоянинг Афғонистондаги мавжуд вазият тақозо қилаётган талабларга мос келмаётгани сабаб бўлаётгандир, деб хулоса қилади таҳлилчи Толипов.

Президент Каримов 6+3 гуруҳини тузишга оид таклифни ўтган йили НАТОнинг Бухарест саммитида илгари сурган эди. Ўзбекистон раҳбари айтаётган 6+3 формуласи 1997 йилда тузилган ва Афғонистонга қўшни олти давлат – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон, Покистон ва Хитой ҳамда Қўшма Шататлар билан Россияни ўз ичига олган 6+2 гуруҳига НАТОни ҳам қўшишни кўзда тутади.

Аммо Каримовнинг янги ташаббусида ҳам Афғонистон ҳукумати учун ўрин ажратилгани йўқ.

Россиядаги “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов мазкур ғоя истиқболларини шубҳа остига қўяётган асосий сабаблардан бири ҳам шунда, дейди.

- 6+3 гуруҳи балки фойдадан холи бўлмас, лекин унинг фаолиятига оид шарт-шароитлар аниқлаб олиниши лозим. Аввалги 6+2 гуруҳи фаолият олиб борган пайтларда¸ унга Афғонистон ҳукуматининг киритилмаганини тушунса бўларди, чунки ўшандаги толибон режимини ҳеч ким тан олмаган эди.

Лекин Бонн конференциясидан кейин Кобулда халқаро ҳамжамият тан олган ҳокимият ўрнатилганидан кейин ҳам, Ўзбекистоннинг Карзай ҳукуматини Афғонистонда барқарорлик ўрнатишни мақсад қилган гуруҳга киритмаётгани ғалати ҳолдир, дейди яқинда Афғонистонда бўлиб қайтган россиялик журналист.

Бу вазиятда эса, Каримовнинг 6+3 ғоясини шунчаки сиёсий очко тўплашнинг воситаси, деб баҳолаш мумкин, деб давом этади Дубнов.

- Бу ҳали туғилмай туриб, ўлган ғоядир, чунки шу пайтгача Ўзбекистон раҳбарияти тузилажак гуруҳнинг моҳияти нимадан иборат бўлишига оид саволлар, яъни янги гуруҳ эскисидан нима билан фарқ қилади, қандай янглиги бор, деган саволларга жавоб бергани йўқ.

Бу ҳақда Россия расмийлари билан ҳам бир неча марта суҳбатлашганман. Улар ҳам Каримовнинг таклифини тушунмасликларини айтиб, елка қисишган.

Албатта, Ислом Каримовнинг ўзини ҳақ ¸бошқаларни ноҳақ, деб ҳисоблашга асослари бордир. Балки шундай ҳамдир, лекин ҳозирча у киши буни исботлай олгани йўқ, дейди “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов.
XS
SM
MD
LG