Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:03

“Ойдиной” - ўзбек киносининг ойдини


"Мен бу қизни юрагимда ушлаб бориб келдим" дейди Маржоной ҳақда Нозим Аббосов.
"Мен бу қизни юрагимда ушлаб бориб келдим" дейди Маржоной ҳақда Нозим Аббосов.

Ўзбекистонда бугун қўлига видеокамера ушлаганнинг ҳаммаси кино қилиш хаëлида. Ҳар йили суратга олинаëтган юзлаб болливуднамо ҳаваскор филмлар қатори мамлакатда халқаро майдонда тан олинаëтган кинолар ҳам қилинмоқда.

Ëш пайтимизда шаҳарга тушиб келганимиз заҳоти¸ атрофимизга тенгқурларимизни тўплаб¸ кўрган киномиз ҳақида гапириб берардик.

Кинолардаги ўтда ëнмас¸ сувда чўкмас қаҳрамонлар биз учун ибрат ва ўрнак¸ агар таъбир жойиз бўлса¸ бир мактаб эди.

Биз томоша қилган фильмни суратга олиш учун қанча вақт ва маблағ кетганини ўйламас ҳам эдик.

Харажати катталиги боис¸ мутлақо бадиий фильмлар суратга олинмайдиган мамлакатлар ҳам бор.

Ўзбекистон эса йилига ўнлаб кино суратга олинаëтган мамлакатлар қаторида.

Ўзбек киночилари ишлаган ишқ-муҳаббат ва оилавий можаро ҳақидаги йиғлоқи фильмлар Марказий Осиë кинотеатрларини томошабин билан тўлдирмоқда.

Бу киноларнинг савияси пастлигига ишора қилган мунаққидлар Ўзбекистонда ора-сира юксак санъат мезонларига тўғри келадиган фильмлар ҳам суратга олинаëтганини эътироф қилишади.

Ўзбекистонлик киночи Ëлқин Тўйчиев суратга олган “Сукунат”¸ Баҳодир Йўлдошев суратга олган “Орол” ва Нозим Аббосов суратга олган “Ойдиной” фильмлари халқаро мукофотларга сазовор бўлди.

“Ойдиной” фильми Австриянинг Инсбрук шаҳрида ўтказилган Осиë¸ Африка ва Лотин Америкаси фильмлари кинофестивали совринини олди.

Мукофот соҳиби¸ таниқли рассом ва кино устаси Нозим Аббосовга телефон қилганимизда¸ “Мен ҳозиргина учқичдан тушдим. Мен суратга олган фильм соврин олганидан хурсандман” деди.

- Ютдик. Кичкина қизча тўғрисидаги кино. Нима дейман энди. Мен хурсандман. Менинг қизим ютди. Мен бир тийинсиз бордим. Қўлимда бир тийин ҳам йўқ эди.

Мексикадан¸ Африкадан¸ Лотин Америкасидан делагациялар келишди. Мен бу қизни юрагимда ушлаб бориб келдим. Энди шу қизнинг йўли очилсин. Ажойиб қиз¸ дейди Нозим Аббосов.

Нозим Аббосов билан сал кейинроқ суҳбатимизни давом эттирамиз.

Ҳозир эса Австриядаги обрўли фестивалда соврин олган “Ойдиной” фильми ҳақида икки оғиз гапирсак.

Афсона жанрида яратилган “Ойдиной” фильми мактабда ўқишни истаган қиз ҳақида.

“Ойдиной” фильми фестивалнинг бирданига икки мукофотини қозонди.

Нозим Аббосов фестивал ривожига катта ҳисса қўшган киночи деб топилди ва “Ойдиной” фильмида бош ролни ижро қилган Маржоной Шавкатова фестивал ҳакамларининг махсус совринига сазовор бўлди.

Кино мазмунини икки оғиз калима билан баëн қилиш мумкин. Олти яшар қизалоқ ўқишни истайди ва бунга катталар қаршилик қилади. Қиз учун бу ҳолат ҳақиқий фожеага айланади.

Қиз ўзини ўраб олган бу тор муҳитни тарк қилиб¸ тоғ чўққиларига чиқиб кетади.

Фильмда опера ҳофизи Паваротти сурати замонавий Ўзбекистондаги тарғибий плакатлар фонида кўзга ташланади ва қишлоқнинг ташландиқ кинотеатрида Чарли Чаплин фильмлари намойиш қилинади.

Кинорежиссëр ардоқлаган идеаллар бир нур тўпи бўлиб бугунги Ўзбекистон воқелигини кесиб ўтади. Буни қилишим зарур эди¸ дейди Нозим Аббосов.

- Чарли Чаплин кинода Худо. Барибир қандайдир контраст бўлиши керак эди. Чарли Чаплин ва қаттиққўл мактаб директори ўртасида контраст бўлиши керак эди. Мен шунинг учун мана шундай юриш қилдим¸ дейди Нозим Аббосов.

Нозимнинг санъат ва кино ҳақидаги эстетик тасаввурларини шакллантиришда унинг устози¸ таниқли кино устаси ва рассом Шавкат Абдусаломов катта ҳисса қўшди.

- Мен Нозимнинг муваффақиятидан жуда севиндим. Биласизми¸ у оддий санъаткор эмас¸ балки ичида ўт ëнаëтган¸ бошқаларга ўхшамайдиган санъаткор.

У суратга олган тасвирларда маҳорат баробарида ўта ҳассос¸ нозик тарзда ифода қилинган ҳис-туйғулар ëтади.

Нозим маҳалла киночиси эмас. У Феллини¸ Антониони каби куррасал фикр юритувчи улкан ижодкор.

Мен Нозимнинг санъат деб аталган нарвоннинг энг сўнгги мартабасигача кўтарилишини тилайман¸ деди Шавкат Абдусаломов.

Австриядаги кинофестивал совринини олган Нозим Аббосовнинг асл касби рассом. Аммо у кино суратга ола бошлади.

“Нега”¸ дея берган саволимизга Нозим Аббосов “Устозларим Шавкат Абдусаломов ҳам Рустам Ҳамдамов ҳам рассом¸ аммо уларнинг хаëл дунëси бўз тортилган чорчўпга сиғмагани учун ҳам кино олишди” деб жавоб берди.

- Рассомликда бир иш қиласиз¸ икки иш қиласиз¸ уч иш қиласиз. Кинода кино билан миллион иш қиласиз. Кинода жуда катта имкониятлар бор. Рустам Ҳамдамов нима учун кинога кирди? Фақатгина мана шу сабаб туфайли.

Рассомчиликда бир иш қиласиз¸ устахонада ишлайсиз¸ кўргазма қиласиз. Аммо кам. Кинода эса миллион иш қилиш мумкин¸ дейди Нозим Аббосов.

Нозим Аббосов таниқли кино устаси Шуҳрат Аббосовнинг ўғли. Кўпинча таниқли кишиларнинг фарзандлари уларнинг соясида кўринмай қолишади.

“Маҳаллада дув-дув гап”¸ “Оловли йўллар” каби фильмларни суратга олган кино устасининг ўғли сифатида отаси панжасига панжа уриш машаққати ҳақида сўраймиз Нозимдан.

- Мен отамнинг соясидан ҳеч қачон чиқмайман. Чунки менинг отам бўлади. Ота битта бўлади¸ она битта бўлади¸ дейди Нозим Аббосов.

Нозим Аббосов ойлаб¸ йиллаб хаëл суриб ëтадиган санъаткор эмас. У ҳозир янги фильм устида ишламоқда. Фильм лойга шакл берадиган Хоразм кулоли ҳақида¸ дейди Аббосов.

- Биринчи июлдан Хоразмга катта лойиҳа ва катта команда билан кетаяпман. Август¸ сентябр ойлари Хоразмнинг энг жаннат пайтлари. Ўша пайтда суратга оламан. Хоразмни кўрсатишим керак¸ дейди Нозим Аббосов.

Нозим Аббосовга кўра¸ ўзбек киночилари нафақат ишқ-муҳаббат ва оила можароси ҳақида¸ балки ҳаëт ҳақиқати ҳақидаги чўпчакнома бўлса ҳам фалсафий фильмлар олишга қодир.

Аббосов суратга олмоқчи бўлган кулол ишлаган кўза устига эса “Кадрлар ҳар ишга қодирлар” деган ëзув ëзиғлиқ.
XS
SM
MD
LG