Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:05

Ҳижобга қарши кампания давом этмоқда


Тожикистон Миллий университетининг тўрт талабаси ҳижоб кийгани учун олий ўқув юртидан ҳайдалди. Талабалар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мамлакат Бош прокурори ва Омбудсменига мурожаат қилдилар.

Мамлакатхон олий ўқув юртидан ҳайдалган толибалардан бири. Унинг айтишича, икки йилдан буён ҳижоб кийган қизлар турли таъқиб ва камситишларга дуч келишмоқда. Суҳбатдошимиз республика Бош прокурори ва мамлакат Омбудсмени ҳижобли қизларга ёрдам беради, деган умидда.

Тожикистон омбудсмени вазифасига яқинда киришган Зариф Ализоданинг айтишича, у ўз номига келган барча аризалар кўриб чиқишга тайёр.

- Албатта, биз фуқароларимиздан келган ҳар бир мактубни кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз. Агар фуқаро Тожикистон қонунлари асосида ҳаракат қилган бўлса-ю, бирор-бир тизим унинг ҳуқуқларини поймол қилган бўлса, биз албатта адолат тикланишига ҳаракат қиламиз. Чунки Омбудсменнинг вазифаси шундан иборат, дейди Зариф Ализода.

Кузатувчиларга кўра, ҳозирда миллий кийимда ёки ҳижобда ўқишга бораётган қизлар олий ўқув юртлари раҳбарлари ва ўқитувчилари томонидан қаттиқ таъқибга учрамоқда.

Айни пайтда Тожикистон Маориф вазирлигининг олий ўқув юртлари ва мактабларда ҳижоб кийиш ҳамда рўмол ўрашга қаршилик кўрсатаётгани диндорлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси Сўғд вилояти бўлимининг хотин-қизлар кенгаши раҳбари Ҳафиза Содиқованинг Озодлик радиосига айтишича, мактабларда ягона форманинг жорий қилиниши ҳижобда ўқишга келадиган ўқувчилар учун эшикларни ёпиб қўйди.

- Маориф вазирлиги жорий қилган ўқувчилар кийими хорижий давлатлардаги пешбанд тақиб юрган хизматчиларни эслатади. Ахир қизларимиз миллий кийимда юришса, бунинг нимаси ёмон?

Бизга Шарқ тиллари факультетидан бир гуруҳ қизлар бизга мурожаат қилишди. Олий ўқув юрти раҳбарияти уларга: “Университет остонасигача истаган кийимингда келавер, лекин остонадан ўтишда рўмолни бўйинларингдан ечиб, орқага тугиб киринглар”, дея шарт қўйган, дейди Ҳафиза Содиқова.

Унинг айтишича, бундай талаб инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишидир.

Аммо маориф ходимлари бундай деб ўйламайдилар. Хўжанд шаҳар халқ маорифи бўлими раҳбари Мирзо Аҳмадзоданинг айтишича, ўқувчиларнинг ҳижобда мактабга келиши таъқиқланган.

- Маориф вазирлигининг низомига мувофиқ равишда мактабга ҳижобда келиш тақиқланган.

Мактабда ягона кийим жорий этилган ва бирор ўқувчи бундан четда колмаслиги лозим. Мамлакатимизда дин давлатдан ажратилган. Мактабларимиз диний мактаб эмас, дунёвий мактабдир, дейди Мирзо Аҳмадзода.

Ўқув муассасаларида ҳижобнинг таъқиқланиши толибалар учунгина эмас, балки ҳижобли ўқитувчилар учун ҳам қатор муаммолар туғдирмоқда.

Хўжанддаги oлий ўқув юртларининг бирида ишлаётган Муниса исмли муаллима ҳижобда юрганлиги унга катта қийинчиликлар келтираётгани ҳақида айтади.

- Ҳижобга кирганимга олти ой бўлди. Лекин ана шу олти ой давомида деярли ҳар куни раҳбарлардан таънаю маломатлар эшитаман. Бошқа муаллималардан фарқим шундаки, бошимда рўмолим бор.

Ҳозир менга: “Рўмолингни ташлайсан ёки ишдан ўз ихтиёринг билан бўшаш ҳақида ариза ёзасан”, деб шарт қўйишди., дейди Муниса.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси Сўғд вилояти бўлими вакили Салоҳиддин Ҳусайнзоданинг айтишича, бу каби таъқиблар Тожикистон Конституциясига зид келади.

- Биз халқ маорифи соҳасида миллий мактаб концепциясини қабул қилганмиз. Ахир бунда кийиниш ҳам миллий маънавият асосида бўлиши керак эмасми?

Маориф вазирлиги учун худди ҳижобни, уяли телефону машиналарни таъқиқлашдан бошқа муҳимроқ муаммо йўқдек.

Тожикистонда ҳар бир одам хоҳлаган кийимни кийиш, хоҳлаган жойда ўқиш ҳуқуқига эга, дейди Салоҳиддин Ҳусайнзода.

Айрим маълумотга кўра, ўқув муассасаларида ҳижобга қарши кампания бошланганидан буён республика бўйлаб 21 та қиз ўқишдан ҳайдалган.
XS
SM
MD
LG