Линклар

logo-print

АҚШ базаси Манасда қоладиган бўлди


Манас базаси Афғонистондаги АҚШ қўшинлари учун муҳим таянч базаси ҳисобланади.

Манас базаси Афғонистондаги АҚШ қўшинлари учун муҳим таянч базаси ҳисобланади.

Аввалига миллий манфаатлар учун америкаликларни Бишкекдаги бу базадан ҳайдаган Қирғизистон ҳукумати энди айни шу манфаатлар даъвоси билан уларни қолдиришга қарор қилди.

23 июн куни Қирғизистон парламенти мудофаа қўмитасида ана шу масала муҳокама этилди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Қодирбек Сарбаевнинг парламент депутатларига маълум қилишича, Бишкекдаги АҚШ базасини мамлакатда сақлаб қолиш қарори ҳукумат томонидан миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.

Бундай қарорнинг қабул қилинишига Афғонистон ва Покистонда турли қуролли гуруҳларга нисбатан жанговар ҳаракатларнинг кучайганлиги ва бунинг оқибатида “турли тўдалар, жумладан, Ўзбекистон исломий ҳаракати гуруҳининг Марказий Осиё мамлакатлари чегаралари сари силжигани сабаб бўлган”.

Қирғизистон парламенти мудофаа қўмитаси аъзолари бўлган депутатлар муҳокамадан сўнг АҚШ ҳарбий базасининг Бишкекдаги ҳозирлиги юзасидан имзоланган янги келишувни парламент умумий йиғилишида тасдиқланишига ўз розилигини билдирдилар.

Қирғиз парламенти депутати Рашид Тоғаевнинг айтишича, янги шартномага биноан АҚШ базасининг мақоми ҳам ўзгаради.

- Бу база ноҳарбий юкларни ташишга мўлжалланган. Бунинг учун эса транзит майдончаси ташкил этилади. Майдонча қурилиши учун АҚШ тарафи 36 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратилади, деди Рашид Тоғаев.

Парламент депутатининг айтишича, янги шартномада АҚШ базаси учун тўланадиган ижара ҳақи миқдори ҳам ўзгарган. Эндиликда АҚШ Қирғизистонга йилига 60 миллион доллар ижара ҳақи тўлайди. Аввал эса ижара пули 17 миллон долларни ташкил этар эди.

- Кейинги йилнинг июлида бу шартнома ўз кучини йўқотади. Тарафлар ўзаро келишган ҳолда шартнома муддатини узайтириш ҳуқуқига эга бўлади, деди Рашид Тоғаев.

Бундан ташқари, АҚШ томонига бир қатор бошқа талаблар ҳам қўйилган. Масалан, АҚШ Бишкекдаги “Манас” аэропорти аэронавигация тизимини янгилаш учун 30 миллион доллар қўшимча маблағ ҳам ажратади. Айни пайтда Қирғизистон тарафи АҚШ базасининг ҳозирдаги таркиби сақланиб қолишига қаршилик қилмайди.

Қирғизистон парламенти депутати Бақит Бешимов фикрича, базани Қирғизистонда қолдириш қарори миллий манфаатлардан кўра кўпроқ президент оиласи манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилингандир.

Депутат ўз фикрига далил сифатида АҚШ томони билан имзоланган янги шартномага кўра Америка ҳарбий базасини таъминловчи маҳаллий ширкатлардан солиқ олинмаслиги тўғрисида модда киритилганини айтади:

- Авваллари базадан бир оила даромад олар эди. Бу оиланинг ширкатлари базани таъминлар эди. Бугун эса бошқа оила бу ўринни эгаллаяпти. Лекин аввалги оила ҳар ҳолда солиқ тўлар эди. Унинг ўрнини эгаллаган оила эса солиқ ҳам тўламоқчи эмас. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, янги шартнома Қирғизистонга фойдадан кўра кўпроқ зиён келтиради, деди Бақит Бешимов.

Парламентдаги муҳокама пайтида депутатлардан ҳеч бири ҳамкасбларининг бу сўзларига эътироз билдиришни ўзларига эп кўришмади.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев жорий йил 3 февралида Москвага қилган сафари чоғида Бишкекдаги АҚШ базасининг мамлакатдан чиқарилиши тўғрисида баёнот берган эди.

Қарорга мувофиқ, АҚШ базаси шу йилнинг 18 августигача мамлакатдан чиқарилиши шарт бўлган.

Айни пайтда қирғиз ва ғарб матбуотида АҚШ базаси Қирғизистондан чиқарилмаслиги ва бу борада Вашингтон вакиллари Москва ўртамчилигида расмий Бишкек билан музокаралар олиб бораётганини хабар қилган эдилар.

Бироқ шу кунгача қирғиз ҳукумати бу маълумотларни рад этиб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG