Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:14

Тошкент мустақил ахборот манбаси яратмоқчи


Ҳозирча Ўзбекистондаги янги радиотармоқнинг айнан кимлар учун минбар бўлиши мавҳум.
Ҳозирча Ўзбекистондаги янги радиотармоқнинг айнан кимлар учун минбар бўлиши мавҳум.

Ўзбекистонда янги нодавлат радиостанциялар тармоғи иш бошлаш арафасида. “NRT” - Нодавлат радиостанциялар тармоғи номи билан иш бошлайдиган янги тузилмага 13 та мустақил радио жалб этилади.

NRT илк бор 27 июн – ўзбек журналистларининг касб байрами куни эфирга чиқиши режалаштирилмоқда.

ЎзА маълумотига кўра, янги радиотармоқ Тошкент шаҳрида “NRT – Toshkent” деб фаолият юритса, вилоятлар бўйича ўша ҳудуд номи билан эфирга чиқади. Масалан, “NRT – To‘rtko‘l”, “NRT – Buxoro” ёки “NRT – Qo‘qon” каби жами 13 та радиостанцияни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида тинглаш имкони яратилади.

Мазкур янги радиотармоқ лойиҳаси Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ишлаб чиқилган.

Ўзбек ҳукуматига хайрихоҳлиги таъкидланадиган Фирдавс Абдуҳолиқов раислигидаги ушбу ташкилотдан одатдагидай бирорта маълумот олиш имкони бўлмади.

2004 йилнинг январ ойида Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган ушбу ассоциация мамлакатдаги нодавлат телерадиоузатувчиларнинг профессионал бирлашмаси бўлиб, ҳозирги кунда ҳудудий радио ва телестанциялар, кабел телевидениеларидан иборат 50 ка яқин аъзога эга экани айтилади.

Янги радиотармоқ лойиҳаси учун Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 13 та радиостанцияга бепул техник анжомлар тақдим этган.

- Агентлик томонидан ҳудудий радиостанцияларнинг барчасига текинга замонавий радиоузатгичлар ва радио-реле қурилмалари берилди, деди Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ходими.

Исми ошкор қилинмаслигини истаган самарқандлик журналист йигит Ўзбекистондаги мустақил телерадиокомпаниялардан бирида фаолият кўрсатган. У янги радиотармоқ ишга туширилишининг ижобий томонлари борлигини айтади.

- Ўзбекистон шароитида янги станцияларни янги ускуналар билан таъминлаш албатта яхши бир ташаббус ва яхши қўйилаëтган қадам. Чунки мен ўзим вилоятлардаги аҳволни яхши биламан. У ерда баъзи бир ҳолатларда фаолият кўрсатаëтган студиялар нафақат замонавий¸ балки радиостанция сифатини¸ ишини таъминлаб турадиган ускунани сотиб олишга ҳам қурби етмайди.

Янги радиотармоқ очиш ташаббус орқали эса Бухоро, Навоий, қолаверса, водий томонларда, ҳали радиостанциялар фаолият бошламаган ҳудудларда нодавлат радиостанцияларнинг фаолият бошлаши яхши¸ албатта.

Масаланинг яна бир томони борки, техника сотиб олинганда уни ишлатишни ўргатишади. Ўша ерда янги мутахассислар пайдо бўлади. Бу томонлари албатта яхши, дейди суҳбатдош.

Бироқ самарқандлик журналист йигит Ўзбекистондаги вазиятдан яхши хабардор бўлгани учун мамлакатда оммавий ахборот воситалари мустақил фаолият кўрсатиши мумкинлигига ишонмайди.

- Ўзбекистон шароитида ҳозирги кунда бирорта электрон оммавий ахборот воситани мустақил фаолият юрита олмаслиги аëн бўлиб қолаяпти. Бу ерда нафақат сиëсий, балки молиявий жиҳатлари ҳам бор.

Сиёсат ўз ишини қилиб, оммавий ахборот воситаларини молиялаштиришнинг мустақил йўлини қидиришни ҳам йўққа чиқариб қўйган. Шунинг учун, менинг фикримча¸ электрон оммавий ахборот воситалари ҳозирги шароитда Ўзбекистонда мустақил фаолият юрита олмайди, дейди самарқандлик журналист.

Мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Умида Ниёзова бир пайтлари Ўзбекистондаги мустақил телерадиокомпаниялар билан ҳамкорлик қилган Интерньюс ташкилотида ишлаган.

Умида Ниёзова фикрича, ҳозирги Ўзбекистон шароитида мустақил оммавий ахборотларининг эркин ишлаши учун имконият йўқ.

- Биринчидан, мустақил дегани бу эфирга чиқадиган материаллар цензурадан ўтмайди, журналистлар репрессия қилинмайди ва журналистларни ўз-ўзини цензура қилмайдиган ахборот воситаларини мустақил, деб айтсак бўлади.

Ўзбекистондай давлатда мустақил оммавий ахборот воситалари йўқ. Радио, телевидение, газета олдиндан цензура қилинади.

Масалан, радиоларга келадиган бўлсак, FM-радиоларда жонли эфирлар бор. Лекин журналистлар нимани гапириш ва нимани гапирмаслик кераклигини жуда яхши билишади.

Менимча¸ NRT каби бунақа ташаббуслар тижорат мақсадида қилинади, дейди Умида Ниёзова.

ЎзА маълумотига қараганда, янги радиотармоқ “мамлакатнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолини тезкор ахборот билан таъминлашни янада яхшилашга қаратилган”.

Бироқ самарқандлик журналист фикрича, янги радиотармоқ барпо қилиш орқали ўзбек расмийлари яширин мақсадларни кўзламоқдалар.

- Бутун республикани ахборот билан таъминлаш жиҳатидан қарайдиган бўлсак, марказдан туриб қайси ахборотни республика бўйлаб тарқатиш ва хусусан, ўша радиостанция хизмат кўрсатадиган ҳудудда қайси ахборот мақбул ахборот эканлигини бошқаришнинг осонлаштирилган, таъминлаб турадиган услубларидан бири бу, дейди самарқандлик журналист.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги маълумотига кўра, мустақиллик йилларида мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларининг сони 2,5 баравар ошди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1119 та оммавий ахборот воситаси, шу жумладан, 700 та газета, 240 та журнал, 17 та ахборотнома-бюллетень сингари босма даврий нашрлар, шунингдек, 4 та ахборот агентлиги, 60 та телеканал, 18 та радиоканал, 80 та веб-сайт мавжуд.
XS
SM
MD
LG