Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:10

Дадахон Ëқубов яна таъқибда


Ўзбекистонликлар ҳамон Дадахон Ëқубовнинг “Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувини яхши эслашади.
Ўзбекистонликлар ҳамон Дадахон Ëқубовнинг “Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувини яхши эслашади.

Сешанба куни Озодликка таниқли журналист¸ Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати¸ Ўзбекистон президентининг собиқ маслаҳатчиси Дадахон Ëқубовнинг дом- дараксиз йўқолгани маълум бўлди.

Журналистнинг рафиқаси Раъно опанинг Озодликка айтишига кўра¸ Дадахон Ëқубов шу йилнинг 14 май куни “туман ички ишлар бўлимига кетдим” деб¸ чиқиб кетганича қайтиб келмаган.

Раъно Ëқубова: Булар жабрланувчи сифатида терговга қатнаб юрган эдилар. Жабрланувчи сифатида терговга борсалар “Сиз жабрланувчи эмассиз. Сиз гумонланувчисиз. Сизни қамаймиз” деб қўрқитишган.

12 май куни кечқурун бир аҳволда келдилар ва “13 май куни ҳам тергов давом этар экан” деб айтдилар. Кейин кетдилар. Эрталаб чиқиб кетганларича¸ ҳали кўрганимиз йўқ.

Биз кейин қидириб милицияларга бордик¸ у қилдик¸ бу қилдик. Кейин милициялар ҳам “Биз билмаймиз” деб¸ қидирган киши бўлиб уйимизга келишди.

Озодлик: 13 май куни бўлдими бу?

Раъно Ëқубова: Ҳа. 13 май куни чиқиб кетганларича қайтиб келмадилар. Ҳамма қариндош-уруғларникини қарадик. Ҳеч қаерда йўқ. Ҳар хил миш-мишлар.

Озодлик: Нима дейишаяпти? Тахминлар қандай?

Раъно Ëқубова: Ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Милициядагилар “Бизлардан қўрқиб¸ у ëқ бу ëқда бекиниб ëтгандир” дейди. Бекиниб ëтган бўлганида¸ бизга хабар берган бўлардилар. Шунақа қилиб ўтирибмиз. Нима қилишга ҳам ҳайронмиз.

Тергов қилган боланинг ўзи уйга келиб¸ икки кун пойлаб ўтирди. Сиз бекитиб ўтирибсиз¸ деб ўйлаб ҳамма ëқни текширди. Шу билан кейин жим бўлиб кетишди. Қидирилаяпти¸ деб айтишди.

Нима қилишни ҳам билмайман. Шундай бир одам йўқ бўлиб қоладию¸ ҳеч кимнинг иши йўқ. Ахир у киши унақа-бунақа инсон эмас эдику. Ҳеч бўлмаса келажак авлод олдида чиройли ном қолдириб кетсалар яхши эди.

Қаерда¸ нима бўлибди¸ соғ-саломатми – била олмаяпман. Ўтган сафар қамаб олиб кетиб қолишган эди. Айбсиз айбдор бўлганларига жуда ҳам хафа бўлиб кетаяпман. Бир айби бўлса ҳам майли эди.

Озодлик: Қанақа айб билан айбланган эдилар?

Раъно Ëқубова: Бу киши бир аëлга алданиб¸ жабрланувчи бўлиб қолган эдилар. Бу аëлга катта миқдорда пул берган эдилар. Ўша пулни ундириш учун “Пулимни ундириб беринглар. Менда тилхатлари бор” деб у аëлнинг устидан милицияга ариза берган эдилар.

“Хўп¸ хўп” дейишиб январ ойидан бери чўзилиб келди. Охири ўзини гумонланувчи қилиб ëмон қўрқитишди. Кейин ўша милиция бола “Бизлар ҳазиллашган эдик” дейди.

Нима ишлар бўлганини мен ўзим ҳам тушуна олмайман. Қамалиб қолганларида 10 кун ушлаб “эҳтиëт чора” дейишди. Ўшанда окладнинг 350 баробари миқдоридами – хуллас олти миллион сўм жарима тўлашлари керак эди.

Бу пулни тўлай олмадилар. Чунки имкониятимиз бўлмади. Жуда қийналиб кетдик. “Бошқа чора кўринглар” деб ялиндилар.

Невараларимиз билан яшаб турган ҳовлимизни сотамиз деб¸ бу ҳовлини ҳам сотишга улгурмадик. Бировга берган пулимни ундириб беришса¸ тўлайман¸ деган ниятлари бор эди. Ундириб бериш ўрнига “ўзингни қамаймиз” дейишипти.

Озодлик: Сиëсий бошпана сўрабми ëки бошқа мақсаддами мамлакат ташқарисига чиқиб кетган бўлиши мумкинми?

Раъно Ëқубова: Йўқ. Уйдан эрталаб пулсиз ва ҳужжатсиз чиқиб кетганлар. Мендан РОВД гача етиб оламан¸ деб ялиниб 3000 сўм сўраб олиб кетдилар.

Тўғрисини айтсам¸ университетдан олган ойликлари йўлкираларига зўрға етар эди. Ҳужжати¸ кийим-кечаклари ҳаммаси уйда. У ëқ бу ëққа кетиш учун таниш-билиш¸ пул¸ шароит бўлиши керак.

Озодлик: Прокуратурагами¸ милициягами мурожаат қилдингизми?

Раъно Ëқубова: Кўп жойга хат орқали мурожаат қилдим. Ҳамма хатларим жавобсиз қайтиб келаяпти. Сенатгача ëздим.

Ўзлари ҳам (Дадахон Ëқубов назарда тутилмоқда – таҳр.) “Бир нарса бўлса¸ мана шу хатни жўнатинг” деб хат ëзиб кетган эдилар. Ўша хатни ҳам жўнатдим. Ҳаммаси жавобсиз бўлиб яна ўзимизга қайтиб келаяпти.

Прокуратура туманга жўнатдим¸ дейди¸ униси бу ëққа жўнатдим¸ дейди. Мурожаат қилмаган жойим қолмади.

Озодлик: Биз бу гапларингизни радио орқали берамиз. Балки эшитиб қоларлар овозингизни.

- Ният қилиб ўтирибман. Қаерда бўлсалар ҳам соғ-саломат бўлсинлар. Болаларининг бағрига эсон-омон¸ ëруғ юз билан қайтиб келсинлар. Ҳеч қанақа айблари йўқ. Мен шуни аниқ биламан¸ дейди кўз ëшларини бир зумга ҳам тия олмаган Раъно Ëқубова.

Дадахон Ëқубовнинг тақдири билан қизиқиб Ўзбекистон Бош прокуратурасига ҳам мурожаат қилдик ва ҳозирча жавоб ола олмадик.

Айрим тахминларга кўра¸ таниқли журналист¸ ўзига қарши бошланган таъқиблардан безор бўлгач¸ мамлакатни тарк этган бўлиши мумкин.

Дадахон Ëқубов ўтган асрнинг 80-йилларида халқ орасида машҳур бўлган “Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари” телекўрсатувига муаллиф бўлган ва Арманистондаги зилзилани ëритган саноқли журналистлардан бири сифатида кўрилади.

Ëқубов 90-йилларда Ўзбекистон парламенти депутати ва президент давлат маслаҳатчиси бўлган. Сўнгги вақтларда Ëқубов Ўзбекистон Миллий университетида журналистикадан сабоқ берар эди. У товламачиликда айбланиб¸ тергов қилиниб жаримага тортилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида Юсуф Жума¸ Муҳаммад Бекжон¸ Мамадали Маҳмуд каби ижодкорлар жазо ўтамоқда. Журналист Дилмурод Саййид ҳам товламачиликда айбланиб тергов қилинмоқда.

Халқаро ташкилотлар бу журналистлар касбий фаолиятига кўра таъқиб қилинаëтганини айтиб келишади.
XS
SM
MD
LG