Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 21:05

Қутурган ит эгасини қопади


Шу пайтгача ашаддий миллатчилар намойишлари Россия милицияси томонидан бостирилган бўлса¸ энди миллатчилар ментларга қарши ҳужумга ўтмоқда.
Шу пайтгача ашаддий миллатчилар намойишлари Россия милицияси томонидан бостирилган бўлса¸ энди миллатчилар ментларга қарши ҳужумга ўтмоқда.

Россиядаги рус миллатчилари ва тақирбошлар зулмидан энди ҳукуматнинг ўзи жабр тормоқда. Рус бўлмаганларни ваҳшийларча ўлдиришдан қаноат ҳосил қилмаган тақирбошлар энди милициянинг ўзига ҳужум қилмоқда.

Москвадаги “Сова” ахборот-таҳлил маркази Россиядаги миллатчи ва ирқчи гуруҳлар фаолиятига оид ҳисоботини “2009 йилнинг баҳори: Ирқчилик асосидаги қотилликдан сиёсий терроргача” деб номлади.

Ҳисоботда айтилишича¸ ашаддий миллатчи гуруҳлар жамият учун тобора хавфли бўлиб бормоқда¸ ҳуқуқ-тартибот идораларининг бунга қарши кураши эса амалий бўлмай, балки фақат мафкуравий бўлиб қолмоқда.

“Сова” ахборот-таҳлил маркази директори Александр Верховскийнинг Озодликка айтишича, сўнгги пайтда бу миллатчилар фаолияти тамоман доирадан чиқиб кетди:

- Миллатчилар бу ҳақда кўп гапиришмоқда. Яъни Россияга келган мигрантларни кўчада ўлдириш билан тугатиб бўлмайди. Улар барибир келаверади.

Битта-битталаб ўлдириш уларнинг назарида самарали усул бўлмай қолди. Шу баҳорда бир қанча миллатчи гуруҳлар ҳукуматга қарши курашишга очиқ даъват этишни бошладилар.

Миллатчилар икки марта милиция бўлимига ва бир марта ҳарбий комиссариатга ўт қўймоқчи бўлдилар. Улар буни ошкора айтишаяпти, “Гастарбайтерларни битталаб тугатиб бўлмайди, бу тузумнинг ўзини тугатиш керак”, дейишаяпти, дейди Александр Верховский.

Таҳлилчи назарида¸ бу жуда хавфли вазият. Унинг фикрича, бунга энг аввало ҳукуматнинг ўзи айбдор:

- Ҳақиқатан ҳам уларга ва уларнинг қилган жиноятларига аввал эътибор берилмади. Жиноятга жазо ҳар доим ҳам муқаррар эмаслигидан руҳланган ирқчи ва миллатчи ёшлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпая бошлади.

Ҳукумат энди ҳушёр тортаяпти. Бироқ энди унга қарши курашиш жуда қийин кечади. Бу бор гап, дейди Александр Верховский.

15 йилдан бери Москвада ишлаëтган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Ниёзалининг айтишича, Россия ҳукуматининг ўз манфаати йўлида тувакда ўстирган чақиртиканаги бугун чирмовуқ бўлиб унинг ўзига ёпишяпти.

- Асл сабабига қарасангиз¸ ҳукумат тарафдорлари буларни қандайдир бошқа томондан қўллаб-қувватлади. Яна буларга шунақа шароит яратди. Ҳукумат ўз тилидан айта олмаган гапларни буларнинг тилидан айттириб¸ буларнинг қилган номаъқулчиликларига кўз юмди десак ҳам бўлади¸ дейди Ниëзали.

Унинг сўзларига кўра, тақирбошлар ва миллатчилар гарчи одам ўлдиришдек оғир жиноятлар содир қилган бўлса-да, лекин улар суд залларидан енгил жазолар билан қутулиб чиқишди.

Муқаррар жазодан енгилгина қутилиб қолган тақирбошлар бугун қутурган ит каби ўз эгасини қопа бошлади. Россия ҳукумати унинг ўзига эркинлик бериб, кўпайтириб бугун эса:

- Йўқотишнинг¸ қандай қилиб йўқотишнинг иложини топа олмаяпти. Россиянинг миллатпарастлари жуда кўпайиб кетган¸ дейди Ниёзали.
XS
SM
MD
LG