Линклар

"Яна бир гўзал ëлғон"

  • Абдулла Искандар

Совет шиорлари ўрнини эгаллаган Кока-Кола каби чанқовбосди ичимликлар рекламаси¸ айниса болалар ва ëшларни ўз нишонига айлантирган.

Совет шиорлари ўрнини эгаллаган Кока-Кола каби чанқовбосди ичимликлар рекламаси¸ айниса болалар ва ëшларни ўз нишонига айлантирган.

Монополиядан чиқариш қўмитасига кўра¸ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар мамлакатда бепул реклама қилинади. Аммо ўтказилган кичик суриштирув бу иддаонинг реалликдан узоқлигини кўрсатди.

Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистонга ташриф буюрган британиялик журналист дўстимни ўзбек болаларининг “Айва¸Айва” деб чопиб юргани ҳайратга солди.

Болалар такрорлаëтган бу калима ўша пайтда телевизорда айлантирилаëтган реклама слогани эди.

Ана шундан бери орадан кўп сувлар оқиб ўтди. Кўчалардаги коммунизм шиорлари ўрнини “Кола” шарбати ва “Саратон” папироси рекламалари эгаллади.

Ўзбекистон тўрт томондан ëпирилиб келаëтган реклама қуюнини 1999 йил қабул қилинган реклама тўғрисидаги қонун билан қуюшқонга солмоқчи бўлди.

Реклама оқимини тартибга солиш уринишлари бугун ҳам давом этмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот текинга тарғиб қилинсин¸ деган таклиф ҳам чиқди.

Ўзбекистоннинг бирданига олти вилоятида мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар текинга реклама қилинадиган бўлди.

Монополиядан чиқариш қўмитаси 22 июн куни айни таклифни вилоят ҳокимиятларига жўнатди.

2009 йилнинг "Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили" деб эълон қилиниши боис шундай таклиф киритилгани айтилади.

Монополиядан чиқариш қўмитаси ходими Бобур Рашидовга кўра¸ қишлоқларда маҳаллий маҳсулотнинг реклама қилиниши тараққиëт учун омилдир.

Реклама текин бўлган вилоятлардан бири Наманган. Биз Наманган вилоят телевидениесига қўнғироқ қилганимизда¸ текин реклама ҳақдаги гапнинг хомхаëл эканини тушунгандай бўлдик.

- Сизга нимага керак бу?

Озодлик: Масалан¸ Хоразмдаги кулоллик ашëларини сизларда пулсиз реклама қилиш мумкинми?

- Бу кўриладида. Реклама бўлмаса¸ кўрсатув қилиб берилади¸ дейди Наманган вилоят телевидениеси ходими.

Намангандаги телевидениедагилар балки билмас¸ деган андиша билан реклама жойлаштирувчи ширкатларга боғландик.

- Текин реклама?! Қишлоқда? Биз хусусий ширкат бўлсак¸ нега энди биз пул сарф қилиб ëки чўнтагимизга зиëн қилиб қишлоқларда маҳаллий маҳсулотни реклама қилишимиз керак? Нега?

Биласизми¸ текин пишлоқ фақат сичқон тутадиган қопқонда бўлади¸ дейди реклама жойлаштирув ширкатларидан бирининг ходими.

Биз Монополиядан чиқариш давлат қўмитасидан таклиф олган олти вилоятдаги ўнлаб реклама ширкатларига мурожаат қилиб айни жавобни олдик.

“Ўзимиз зўрға турибмизу¸ энди бир қилмаганимиз текин реклама қолувди”¸ дейишди.

Балки вилоятларда ишлаб чиқарилган маҳаллий маҳсулотни текин реклама қилиш билан Ўзбекистон телевидениеси шуғулланар? Ҳар ҳолда давлат ташкилоти¸ дея уларга қўнғироқ қилдик.

“Бундай таклиф ҳақда эшитмадик¸ билмадик. Реклама қилмоқчимисиз¸ марҳамат¸ олдин пулини тўланг”¸ дейишди.

Телеканалларда эса Ўзбекистонда чиқарилган автомобилдан тортиб қадоқланган чойгача рекламалар кетиб ëтибди.

“Бу саккиз йилдан бери бизнинг кўчаларимизда югураëтган саккизта севимли ўзбек. Улар ўрнига энди хромланган панжара остидаги ички дунëси алоҳида ҳашаматли биллур фанорли 16 нафар ўзбек чиқди”¸ деган овоз кетади ва кадрда чопон кийиб қатор югураëтган ўзбеклар кўринади.

Агар уларга “Серқуëш¸ ҳур ўлкам” деб гимн айттирилса¸ Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбуслар¸ деб ҳам хаëл қилиш мумкин.

Умуман¸ Ўзбекистон аҳолиси қулоқларини қоматга келтираëтган рекламалар мутойибага сабаб бўлмоқда.

Тошкентлик видеоҳаваскор қўл телефони рекламасини ҳажв қилиб интернетга илиб қўйди.

Ўзбекларининг чойхўрлиги боисми¸ Ўзбекистон каналларида чой рекламаси сероб.

Бу рекламалардаги маҳсулотлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган¸ аммо улар фақат ҳақ эвазига тарғиб қилинмоқда¸ дейди Ўзбекистон телевидениеси ходими.

Ўзбекистон монополиядан чиқариш қўмитасининг олтита вилоятда маҳаллий маҳсулотларни текин реклама қилиш ҳақидаги гапларини аҳоли ўша рекламалардаги гўзал ëлғон каби қабул қилишмоқда¸ дейди Ўзбекистон ойнаи жаҳонининг ўз исми айтилишини истамаган ходими.
XS
SM
MD
LG