Линклар

Теҳрон ахборот қамалини бошлади


Эронда халқаро радиоканаллар тўлқинлари ва сайтларни бўғиш амалиёти президентлик сайловлари натижаларидан норози мухолифат тарафдорлари чиқишларидан сўнг бошланган.

Эронда халқаро радиоканаллар тўлқинлари ва сайтларни бўғиш амалиёти президентлик сайловлари натижаларидан норози мухолифат тарафдорлари чиқишларидан сўнг бошланган.

Эрон расмийлари халқаро радиоканаллар ва жаҳон интернет порталларида ёйинланаётган хабарларнинг мамлакат аҳолисига етиб келмаслиги учун турли техник воситаларни ишга солишга уринмоқда.

Пировардида эронликлар АҚШ ва Британия ҳукуматлари томонидан молиялаштириладиган “Би-би-си” ва “Америка овози” радиостанцияларининг форс тилидаги эшиттиришларини эшитолмай қолганлар.

Қароргоҳи Прагада жойлашган “Фардо” радиосига мурожаат қилган эронлик тингловчи мамлакатда халқаро радиолар тўлқинларига халақит берилаётганини айтди.

- Фарда радиосининг узлуксиз ахборот етказиб тургани биз учун ўта муҳим. Чунки бу ерда биз Эрон ичидаги янгиликлардан бехабармиз. Америка овози ва Би-би-си радиоларини эшитиб бўлмаяпти, дейди у.

Эрон шимолида яшовчи тингловчи ҳам халқаро радиолар материаллари эфирга узатиладиган тўлқинларда “чигирткалар” пайдо бўлганини хабар қилади.

Айни ҳолатни Эрон жанубида ҳам кузатиш мумкин.

- Мен Бандар Аббосдан қўнғироқ қилаяпман. 21 июн куни биз ҳаққоний маълумот ола биладиган барча сайтлар, радиотўлқинлар бўғилиб, янгиликларни эшита олмай қолдик. Сизларнинг технологиянгиз яхшироқ экани кўриниб турибди, дейди Эрон жанубидан қўнғироқ қилган тингловчи.

Америка овози ва Би-би-си эфирига халақит бериш, мухолифатчи сайтлар, шунингдек, Facebook ва Twitter каби порталларни бўғиш 14 июнда "президентлик сайловлари сохталаштирилди" деб чиққан эронликларнинг норозилик намойишларидан сўнг бошланган.

Буни Эрон расмийлари халқаро радиоканаллар эфирини узатувчи сунъий йўлдошга кучли тўлқинлар юбориб, ундан келаётган аудиотўлқинларга халақит бериш орқали амалга оширган.

Шундан сўнг “Hotbird 6” сунъий йўлдошидан Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёга тўлқин узатувчи Фарда радиоси яна тўрт сунъий йўлдошдан (Telstar 12, Nilest 101, Arabsat BARD4, Asiasat 3-D) чиқа бошлади ва частоталар сонини кўпайтирди.

Би-би-си ўзининг форс тилидаги эшиттиришларини узатиш учун яна икки сунъий йўлдош, Америка овози эса беш сунъий йўлдошдаги олтита каналдан фойдаланишга мажбур бўлди.

Расмий Теҳрон халқаро радиолар ва сайтларни бўғишни қачон бас қилиши ҳозирча номаълум қолмоқда.

Эрон 1999 йилдаги талабалар исёни ва 2005 йилдаги президентлик сайловлари чоғида ҳам хорижий радиолар эшиттиришларига техник тўсиқлар қўйганди.
XS
SM
MD
LG