Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:03

Эркакларни асранг, аëллар!


Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра¸ қирғиз эркаклари аëлларига нисбатан ўртача 8 йил камроқ умр кўраëтган экан.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра¸ қирғиз эркаклари аëлларига нисбатан ўртача 8 йил камроқ умр кўраëтган экан.

Жорий йилнинг 22 июнидан 29 июнигача Қирғизистонда МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб “Эркаклар саломатлигини ҳимоя қилиш ҳафталиги” ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Ҳафта давомида ўз саломатлигини мустаҳкамламоқчи бўлган барча қирғизистонлик эркаклар шифохоналарда давлат ҳисобидан бепул даволана оладилар.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, сўнгги йилларда эркакларнинг ўз саломатлигига эътибори сусайган. Бунга эркакларнинг оила тебратиш ташвиши билан бутунлай банд бўлиб қолгани, қашшоқ қатламга мансуб аҳолининг дори-дармон сотиб олишга ва шифохона ҳақини тўлашга қурби етмаётгани сабаб бўлган.

- Мақсадимиз бу муаммога жамоатчилик диққатини қаратишдир. Бунинг бир қатор сабаблари бор.

Масалан, қашшоқ тоифадаги эркаклар бир амаллаб фарзандлари ва рафиқаларини касалликлардан даволашга ҳаракат қиладилар. Аммо ўз саломатликларига эътибор бермайдилар, дейди Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мадамин Қаратаев.

Вазир ўринбосарининг айтишича, эркаклар саломатлиги жамиятнинг соғлом бўлишини, миллат генофонди софлигини кафолатлайдиган асосий омилдир.

Айни пайтда биз билан суҳбатда бўлган йигитлар Қирғизистон ҳукуматининг эркаклар саломатлигига диққат қаратганидан мамнун эканликларини айтадилар:

- Бу жуда яхши иш бўлипти. Шифокорларимизнинг виждони уйғонибди, деб айтсак ҳам бўлаверади. Бундай ҳафталик ҳеч бўлмаганда йилига икки маротаба ўтказилиши керакмикин, деган фикрдаман. Чунки йиллар давомида иқтисодий муаммо туфайли касалини даволай олмай юрган йигитлар кўп.

Бу тадбир давомида даволаш бепул бўлгани учун ҳамма дўстларимни йиғиб, албатта шифокорлар кўригидан ўтаман, дейди ўшлик Илҳом Маматохунов.

Бироқ бошқа бир суҳбатдошимиз “Эркаклар саломатлигини ҳимоя қилиш ҳафталиги” ўтказилаётганидан кичик шаҳарлар ва қишлоқлар аҳолиси бехабар эканини, шунинг учун ҳам бу тадбир кутилган натижаларни бермаслигини айтади.

- Албатта, бундай тадбирнинг ўтказилишини фақат олқишлаш керак. Аммо бизнинг дўхтирларимиз бу тадбирни ҳам кўнгилдагидай ўтказмайди. Масалан, мен яшайдиган ҳудуддаги эркаклар ҳафталик ўтаётганидан, бепул даволаниш мумкинлигидан бехабар.

Бундан аввал ичак қуртларига қарши ҳафталик ўтказилган эди. Ўшанда қуртга қарши дориларни ҳам чала тарқатишган. Баъзи мактабларга бу дори тарқатилган. Баъзи мактабларга эса умуман етиб бормаган.

Дори тарқатилмаган мактабларда ўқийдиган болаларнинг ота-оналари ўз улушларини сўраб поликлиникага борсалар, “дорини тарқатиб бўлдик, тугаган”, деб жавоб беришган, дейди Рустамжон Абдулазизов.

Айни пайтда бир ҳафтадан бери қаттиқ тумов билан оғриётган, аммо пули йўқлиги учун шифокор кўригидан ўтиб, дори-дармон ололмаётган Арофатхон Ҳошимова қирғиз ҳукумати кўпроқ аёллар саломатлигига эътибор қаратиши зарур, деб ҳисоблайди:

- Аёллар ҳам бола боқади, ҳам ишлаб келади. Ишдан келиб, уй ишларини қилади. Ҳар ҳолда эркаклар аёлларчалик кўп қувват сарфламайдилар. Шунинг учун кўпроқ аёллар саломатлигига эътибор берилиши керак эди... апчу... ўххў... ўххў...

Йўтал тутиб қолгани учун Арофатхонни ошиқча саволга тутиб ўтирмадик-да, унинг таклифини Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мадамин Қаратаевга етказдик.

- Эркаклар аёлларга қараганда саккиз йил кам яшайди. Қирғизистонда эркакларнинг ўртача умр кўриш муддати 64 ёш бўлса, аёлларники 72 ёшдир, дер экан вазир ўринбосари шу тариқа ўз вазирлиги томонидан ўтказилаётган тадбирнинг шу кунда ўта долзарб эканини яна бир бор таъкидлади.

Расмий, шунингдек, мамлакатда аёллар саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича кўплаб дастурлар мавжудлигини, эркаклар саломатлигига эса биринчи маротаба жамоатчилик диққатини жалб қилишга ҳаракат бўлаётганини қайд этди.

2002 йилда “Эркаклар саломатлиги ва гендер” халқаро ташкилоти Эркаклар саломатлиги ҳафталигини ўтказиш ташаббуси билан чиққан эди. Маълумотларга кўра, бу ташаббус МДҲ мамлакатлари ичида фақат Қирғизистон томонидангина қўллов топган.
XS
SM
MD
LG