Линклар

Икки оталик эгизаклар

  • Фаррух Юсуфий

Мутахассислар¸ икки оталик эгиз ҳомиланинг миллиондан бир ҳолатда учрашини айтадилар.

Мутахассислар¸ икки оталик эгиз ҳомиланинг миллиондан бир ҳолатда учрашини айтадилар.

Бир-биридан саноқли дақиқалик фарқ билан туғилган эгизакларнинг бошқа-бошқа отадан бўлгани ҳақда эшитганингиз борми? Кам бўлса-да учраб турадиган бундай ғайриоддий ҳодиса¸ қолаверса тиббиëт билан боғлиқ бошқа янгиликлар билан танишинг.

Дастуримизни ғалати ва айни пайтда ғайироддийликка даъво қила олмайдиган хабар билан бошлаймиз.

Ўтган йили бола туғиб, катта шов-шувларга сабаб бўлган америкалик эркак яна бир болани дунёга келтирди.

Орегон штатининг Бенде шаҳарчасидан бўлган Томас Биити ҳақида аввал ҳам ҳикоя қилганмиз.

Бир қизнинг отаси Томас Биити 11 июн куни ўғил кўрди.

Эслатиб ўтамиз, 35 яшар Биити 24 ёшигача аёл бўлган, лекин талабалик йилларида жинсини ўзгартирган. Бунда у аёллик репродуктив аъзоларини ҳам сақлаб қолган.

Тўнғич қизига Сьюзан, деб исм берган Томас ва рафиқаси Нэнсининг айтишича, ўғилларига ҳозирча ном танлашгани йўқ.

Шифокорларга кўра, чақалоқ кутилган вақтида ва соғлом туғилган.

Айни пайтда, АҚШнинг Техас штатида бундан бир йил аввал туғилган эгизлар ҳам катта шов-шувга сабаб бўлмоқда.

Гап шундаки, етти дақиқалик фарқ билан бирин-кетин туғилган Жордан ва Жастин исмли эгизларнинг бошқа-бошқа оталардан бўлгани аниқланди.

Эгизларнинг онаси Миа Вашингтоннинг ўзи ҳам Американинг MSNBC каналига берган суҳбатида буни инкор қилгани йўқ.

- Иккаласининг ҳам одатлари ўхшаб кетади, овқат ейишлари яхши, иккаласи ҳам акалари ва бир-бири билан ўйнашишни хуш кўради, лекин Жорданнинг отаси менинг куëвим Жеймс, Жастиннинг отаси эса бошқа, дейди Миа Вашингтон эгизлардан каттасининг отаси кимлигини айтгиси келмасдан.

Хўш¸ Мианинг сири қандай ошкор бўлди?

Бир куни куёв бола Жеймс Ҳаррисон бир яшар бўлиб қолган чақалоқларни ўйнатиб ўтирар экан, булар нега бир-бирига ўхшамас экан, деб шубҳаланиб қолади.

Анча сўроқ-саволлардан кейин, улар эгизларни Даллас шаҳридаги шифохонага ДНК таҳлилини ўтказгани олиб боришади.

Ўтказилган текширув Жеймснинг шубҳалари асосли эканини тасдиқлади, дейди лаборотория мудири Женни Тибодо.

- Уларни биринчи кўрганимда, ҳақиқатан, эгизларнинг бир-бирига умуман ўхшамаслигидан ҳайрон қолдим. Жеймс аввал ўзининг ўғли эмаслигига шубҳа қилаётган Жастинни текширишимизни сўради ва биз бу текширувни ўтказдик. Натижада, унинг шубҳалари тасдиқланди, дейди шифокор ва бундай ҳолатга ўз фаолияти давомида биринчи марта дуч келганини қўшиб қўяди.

Миа ўз сири ошкор бўлганидан кейин, куёвидан ҳомиладор бўлган кунлари жазмани билан “ўйнашиб” қўйганини бўйнига олди.

Мутахассисларга кўра, бир аёлнинг иккита отадан эгиз туғиши фавқулодда камдан-кам учрайдиган ҳолатдир, лекин аёл танасидаги насл қолдириш жараёнларнинг боришига қараб икки оталик ҳомила миллиондан бир ҳолатда учраши мумкин.

Тошкентлик гинеколог олима Феруза Фозилова Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги республикаси репродуктив саломатлик марказининг собиқ директори.

- Умуман нормал физиологик ҳолатда аёл кишининг танасида бир ойда, яъни бир ҳайз даври ичида битта тухумҳужайра етишиб чиқади ва у уруғланиши мумкин.

Эгизаклар уруғланган тухумҳужайранинг иккига бўлиниши натижасида туғилади. Бу бир тухумҳужайралик эгизлар дейилади.

Лекин икки тухумҳужайралик эгизлар, деган тушунча ҳам бор, яъни бунда ҳомила иккита турли тухумҳужайрадан яралади.

Бир ҳайз даври ичида аëлнинг иккита тухумҳужайрани ажратиши камëб ҳодиса. Лекин баъзи аёлларда бу вақти-вақти билан учрайди.

Принципда, аёл кишининг танасида бир вақтнинг ўзида икки, баъзи ҳолларда эса учта тухумҳужайра ҳам етишиши мумкин.

Бундай ҳолларда тухумҳужайралар бирин-кетин етишиб боради. Учта ё тўртта эгизнинг туғилиши ҳам ана шу жараён билан боғлиқдир, дейди гинеколог олима.

Аёлнинг бир вақтнинг ўзида икки эркакдан ҳомиладор бўлиши учун эса, деб давом этади доктор Фозилова...

- Агар бу аёл бугун бир эркак билан, эртага бошқаси билан жинсий алоқа қилган бўлса ва айни вақтда унинг танасида ўша айтганимиз иккита тухумҳужайра ажралиб чиққан бўлса, уруғланиш икки-уч кун давомида амалга ошади. Яъни уруғнинг бачадон найларидан ўтиб тухумҳужайрагача етиб бориши учун вақт керак.

Техаслик аёл мисолида, аввал битта тухумҳужайра уруғлантирилган, ундан кейин эса икки-уч кун ўтиб бошқа эркак билан жинсий алоқа қилган бўлса, иккинчи тухумҳужайра уруғлантирилган бўлиши керак. Буни энди аёлнинг ўзи билади.

Балки бундай ҳодисалар бўлган бўлиши мумкин, лекин бизда улар илмий текширилиб, тасдиқланмаган, дейди Фозилова.

АҚШдаги Колумбия университетининг акушерлик ва гинекология бўйича профессори Ҳильда Хатчерсонга кўра, “бундай ҳолатлар миллион ҳолатдан бирида учраши айтилса-да, бир-бирига ўхшамаган эгизакларнинг бир-икки фоизи бошқа-бошқа оталардан туғилганини тасдиқловчи статистика маълумотлари бор.”

Айни пайтда, техаслик Миа Вашингтоннинг куёви Жеймс Ҳаррисон эгизларнинг бири уники эмаслиги аниқланган бўлса-да, иккаласига оталик қилиш ниятида эканини айтади.

- Мен бундан жуда қаттиқ хафа бўлдим, лекин Жастинни чақалоқлигидан катта қилаяпман ва ундан воз кечиш ниятим йўқ. У мени ота, деб билади, мен учун эса у ўғил бўлиб қолади, дейди техаслик Жеймс Ҳаррисон.


Гиëҳвандликка қарши ўзбекча кураш

Ўзбекистонда 26 июндан 26 июлгача наркомания ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кураш ойлиги ўтказилади.

Республика Аёллар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилаётган ойлик доирасида маҳаллалар миқёсида аҳоли билан суҳбатлар ташкил қилинади, вилоятларда хайрия концертлари берилади.

Наркотиклар муаммосининг Ўзбекистон учун долзарблиги ва уни ҳал қилиш учун ўтказилажак бир ойлик тадбирдан ташқари қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида билиш учун Республика наркотикларни назорат қилиш миллий марказига қўнғироқ қилдик.

Марказ мутасаддиси, бир ойлик тарғибот кампанияси ўтказилишидан хабари борлиги, лекин мавзу хусусида биз билан гаплаша олмаслигини айтиб, гапни қисқа қилди.

- Мана шу масала бўйича бизга телевидениедан¸ радиолардан телефон қилиб сўрашаяпти. Бизлар бу ҳақда раҳбариятга айтганмиз. Нима десам экан¸ бу масала бўйича маълумот бериш¸ интервью беришга рухсат берилмаган¸ деди Республика наркотикларни назорат қилиш миллий маркази мутасаддиси.

Айни пайтда, биз билан овози эфирга берилмаслиги шарти билан суҳбатлашган наманганлик Комрон исмли йигит, гиёҳвандлик муаммоси кундан кунга аянчли тус олаётганини айтди.

Ўз сўзларига тасдиқ ўлароқ, Комронжон ўз маҳалласида кейинги бир йил ичида афюнга ружу қўйган бир нечта ёш йигит нобуд бўлганини гапириб берди. Асосий муаммо шундаки, дейди наманганлик суҳбатдошимиз, героин ва бошқа турдаги наркотикларни топиш ва сотиб олиш кундан-кунга осонлашиб бормоқда.

Камроннинг айтишича, яқинда унинг дўстларидан бири наркотикларни тарқатганлик айби билан узоқ муддатга қамалиб кетган.

Тиббиёт фанлари доктори Суҳбат Абдулла¸ гиёҳвандлик муаммосининг авж олишига ҳисса қўшаётган омиллардан бири¸ Ўзбекистоннинг наркотиклар ўтувчи транзит йўлакка айланиб қолганидир, дейди.

- Ҳозир бизнинг ҳудуддан афғон наркотиклари олиб ўтиш учун транзит йўлак сифатида фойдаланишади. Ана шу наркотикларнинг маълум бир қисми бизнинг ҳудудда тўхтаб қолади.

Кейин бу наркотиклар қандайдир йўллар билан Ўзбекистонда тарқатилади. Шунинг учун ҳам бу муаммо Ўзбекистонда жуда ўткир бўлиб турибди¸ дейди Суҳбат Абдулла.

Ўтказиладиган бир ойлик тадбир жамоатчликни гиëҳвандлик балосидан бохабар қилишда қўл келиши мумкин, лекин муаммонинг ечими эмасдир, деб давом этади профессор.

- Тадбирни ўтказишдан мақсад бирор натижага эришишдир. Лекин бунақа анънавий усуллардан¸ бунақа тадбирлардан ҳеч қанақа натижа олиб бўлмайди.

Бу фақатгина қизиқишни орттириши мумкин¸ сирли бўлиб туюлган нарсага диққатни кўпроқ жалб қилиши мумкин. Бунинг ҳақиқатан самара келтирадига усулларидан бирини ишлаб чиқиш керак. Ана шундагина бирор натижага эришиш мумкин.

Гап шундаки¸ ҳамма нарса турмушнинг фаровонлигига¸ яхшилигига бориб тақалади. Агар Афғонистонда халқ яхши яшаганида¸ кўкнор деган бало экилмас эди¸ афюн деган нарса сотувга чиқмас эди.

Бу ерда глобал муаммоларни ҳал қилиш керакка ўхшайди. Шунда бу бало ўз ўзидан барҳам топиб кетган бўларди.

Бундай нарсалар собиқ иттифоқ даврида бунчалик авж олмаган эди. Демак¸ иттифоқда қандайдир механизм ишлаб турган ва бундай балонинг тарқалишига йўл қўймай турган.

Ҳозирга келиб бу ричаглар олиб ташланди ва ўз ўзидан бундай муаммолар келиб чиқди. Бу жиддий ҳал қилинадиган вазифа.

Бу нарса биргина Суҳбат Абдулланинг ëки бир профессорнинг эмас¸ инсониятнинг ўйлаб кўриб ечадиган муаммосидир. Бу аллақачон қилиниши керак бўлган нарса эди¸ дейди ўзбекистонлик тиббиёт фанлари доктори Суҳбат Абдулла.
XS
SM
MD
LG