Линклар

logo-print

Алвидо, қурол...

  • Шерзод

Кузатувчиларга кўра¸ қирғиз фуқаролари орасида қурол кўпайиши одамлар ўз хавфсизлигини ҳукуматга ишонмаслиги ифодасидир.

Кузатувчиларга кўра¸ қирғиз фуқаролари орасида қурол кўпайиши одамлар ўз хавфсизлигини ҳукуматга ишонмаслиги ифодасидир.

Қирғизистонда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 2009 йил бошидан буён мамлакат фуқаролардан 1300 та қурол мусодара қилинган.

Бу ҳақда Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Жақипбек Азизов маълум қилди:

- Фуқаролар орасида қуролларни озайтириш мақсадида олиб борилган махсус чоралар натижасида тахминан 1300 қурол мусодара қилинди. Мусодара қилинган қуроллар тўппонча, қирқма милтиқ, граната ва портловчи моддалардан иборатдир, деди Жақипбек Азизов.

1300 ни ўтган 5 ой, яъни 150 кунга бўлсак, Қирғизистонда кунига тахминан 80 дона қурол мусодара қилингани маълум бўлади.

Қирғизистонлик мустақил кузатувчилар жорий йил бошидан буён қирғиз милицияси кунига 80 тадан қурол мусодара қилгани ҳақидаги маълумотга ишониш бироз қийинлигини айтмоқдалар. Айни пайтда кузатувчилар Қирғизистонда жиноятчилик кўлами кенгайиб бораётганини инкор қилмайдилар.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ етакчиси Мирослав Ниёзов фикрича, фуқаролар орасида қуролларнинг кўпайиши одамлар ўз хавфсизлигини ҳукуматга ишонмаслигидан, ўзини-ўзи ҳимоя қилмоқчи бўлганидан дарак беради.

- Бу бизда юритилаётган сиёсатга яраша бўлаяпти. Коррупция ривожланган жойда жиноий структуралар ҳам бемалол кўпгина ноқонуний ишларни амалга ошира бошлайди. Бизда жиноятчилик билан боғлиқ вазият чидаб бўлмайдиган даражага етди. Журналистларни, депутатларни, оддий одамларни ҳеч ким ҳимоя қилолмай қолди. Давлат ҳимоя қилолмаяпти, деди Мирослав Ниёзов.

Аммо Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Жақипбек Азизов бу фикрга қўшилмайди. Унинг айтишича, мамлакатда жиноятчилик кўлами озайган:

- Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус чоралар кўрмоқда. Натижада жиноятчилик озайган. Беш ой натижалари бўйича жиноятчиликнинг ўсиши кузатилмади. Оғир жиноятлар сони ҳам камайгани кузатилмоқда. Жамоат жойларида тартиб посбонлари кўпайтирилгани сабабли кўчаларимизда ҳам жиноятчилик озайди, деди Жақипбек Азизов

Ўшлик таҳлилчи Ғанижон Холматовга кўра, ички ишлар ходимларининг аҳолидан кўплаб қурол-аслаҳа мусодара қилингани ва айни пайтда ўлкада жиноятчилик кўлами озайгани ҳақидаги маълумотлари бир-бирига тамоман зиддир:

- Ички ишлар тарафидан кўп қуроллар мусодара қилинганлигини эълон қилинишидан Қирғизистон дунёдаги жиноятчилик энг кўпайган, жиноий гуруҳлар кўп бўлган бир юртга айланиб қолганлигини кўрсатаяпти. Афсуски, қайсидир нуқталарда давлат ташкилотлари ва жиноий гуруҳларнинг учлари бирикиб кетмоқда.

Ана шу нуқтаи назардан кўпгина жиноятлар, буюртма қотилликлар фош этилмаяпти. Лекин, ҳар ҳолда, русчасига айтганда, “честь имею” деган нарсани айта олиш учун қирғиз милицияси қуролларни йиғиш жараёнини эълон қилиб, ўз рейтингини кўтармоқда, дейди Ғанижон Холматов

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда фуқароларга тегишли 40 мингга яқин қурол борлиги рўйхатга олинган. Бу қуролларнинг 23 минги овчиларга, 4,5 минги турли ташкилотларга тегишли. 1100 фуқарога эса ҳукумат томонидан шахсий қурол совға қилинган.

Қирғизистонда қурол назоратини кучайтириш масаласи мамлакат парламентида ҳам кўтарилган. Шу йилнинг май ойида парламент депутатлари мамлакат ҳуқуқ-тартибот тузилмалари раҳбарларига расман рўйхатга олинган қуроллар назоратини ҳам кучайтиришни таклиф қилганлар.

Парламент депутатларига кўра, ҳукумат томонидан сиёсатчиларга ва фуқароларга совға қилинган қуроллар ҳам алоҳида текширилиши зарур.

Бу масаланинг парламентда муҳокама қилинишига сўнгги пайтларда мамлакат ҳудудида ўқотар қурол қўллаш орқали содир этилмиш жиноятлар сони кўпайгани сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG