Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:42

Обама икки ўт орасида


Сешанба куни президент Обама Эрондаги воқеалар юзасидан кескин баëнот берди.
Сешанба куни президент Обама Эрондаги воқеалар юзасидан кескин баëнот берди.

Эрон раҳбарияти АҚШ маъмуриятини мамлакат ички ишларига аралашаëтганликда айбласа¸ президент Обаманинг Вашингтондаги мухолифлари уни Эрондаги сиëсий бўҳронга етарлича аралашмаëтганликда айбламоқда.

Эронда 12 июн куни бўлиб ўтган президентлик сайлови ва ундан кейин сиëсий бўҳрон юзага чиққанидан бери АҚШ президенти бир неча бор бу вазиятга муносабат билдирди.

Обаманинг бу борадаги баëнотлари Теҳрон раҳбарияти учун ўта кескин туюлган бўлса¸ унинг АҚШ даги мухолифлари учун ўта юмшоқ кўринмоқда.

Ана шундай икки томонлама танқидлар дўли остида қолган президент Обама сешанба куни ўтказган матбуот анжуманида иккала лагердаги мухолифларига муносиб жавоб беришга уринди.

- АҚШ ва халқаро ҳамжамият кейинги кунлар ичи Эронда рўй берган таҳдидлар¸ калтаклаш ва қама-қамалардан жунбушга келмоқда. Мен бу каби адолатсиз ҳаракатларни кескин қоралайман ва Эрондаги ҳар бир бегуноҳ қурбон учун мотам тутаëтган Америка халқи билан бирдамман¸ деди шу пайтгача Теҳрон шаънига қилган энг кескин баëнотида президент Обама.

Сўзида давом этиб Вашингтон раҳбари Эрон раҳбариятининг ўз мамлакатидаги ўзгача фикрловчиларга нисбатан қандай ëндашув тутиши унинг келажагини белгилаши ва Теҳроннинг бошқа давлатлар билан муносабатларини шакллантиришини таъкидлади.

Обама шунингдек¸ Эрон кўчаларига чиққан демократия ва ислоҳот тарафдорлари билан якдиллиги ва улар жасорати ҳамда ғурурини ҳурматлашини билдирди¸ мамлакатдаги зўравонликлар ҳақда бутун дунëга ахборот тарқатаëтган оддий эронликларни мақтади.

Мухбирлардан бирининг¸ Теҳрон раҳбарияти шаънига кескин баëнот қилишни нега пайсалга солгани ҳақдаги саволига жавоб бера туриб Обама¸ ўзнинг аввалги эҳтиëткор чиқишларини оқлашга уринди.

- Эронда сайловлар ўтказилиши билан мен сайлов ўтказилиши билан боғлиқ хавотирларимизни изҳор қилдим¸ аммо унинг натижасини белгилаш бизнинг ишимиз эмаслигини айтдим. Зўравонликлар юзага чиқиши билан биз унинг қабул қилиб бўлмас ҳаракат эканини очиқ-ойдин айтдик. Шу боис¸ Эрондаги воқеаларга нисбатан биз аввал-бошданоқ изчил муносабат кўрсатиб келаяпмиз¸ деди Вашингтондаги танқидчиларига жавоб бера туриб.
XS
SM
MD
LG