Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:41

"Қўйларга қўриқчилик бўрига топширилди"


Ҳосилга кирган буғдойзорларни қўриқчисиз кўриш бугун ўзбекистонликлар учун тарихга айланди.
Ҳосилга кирган буғдойзорларни қўриқчисиз кўриш бугун ўзбекистонликлар учун тарихга айланди.

Фермерлар ўзлари етиштирган буғдой ҳосилини ўзлари ўғирламасин¸ деган ташвишда Ўзбекистон ҳукумати йиғилаëтган ҳосил тепасидаги қоровул ва посбонлар сонини янада оширишга қарор қилди.

Ўзбекистонда буғдой ўрими авж палласига кирди. Шу кунларда ички ишлар ходимлари деҳқон етиштирган ҳосилнинг тўлиқ йиғиштириб олиниши ва дон қабул қилиш пунктларига талофотсиз етказилиши жараëнига жалб қилинаяпти.

Аслида деҳқоннинг дон қабул қилиш пунктлари билан тузган шартномасида бундай “ёрдамчилар” назарда тутилмаган. Боз устига¸ буғдой ўрими олдидан хирмон бошида бошқа хўжайинлар ҳам кўпаяди.

Бухоро вилояти Жондор туманидаги “Чамангулбиби” фермер хўжалиги раиси Бобомурод Раззоқовнинг айтишича, деҳқоннинг оғзи энди ошга етганда¸ хира пашшалар ҳар томондан унга ёпирилмоқда:

Бобомурод Раззоқов: Ички ишлар ходимлари¸ ҳокимиятдан¸ қишлоқ фуқаролар йиғинларидан вакиллар қўйилган. Улар дон ўришни¸ ташишни¸ сотишни назорат қилаяпти. Кулгили ҳолат юзага келаяпти.

Мен кузатиб туриб кулгим қистайди. Агар донни давлатга топшириш фермернинг ўзига қўйиб берилса¸ фермер ҳам¸ давлат ҳам зарар кўрмас эди. Фермер энди ўзининг ҳосилидан 100 кило ўғирлаши мумкин. Энди фермер ўз ҳосилини ўғирламайдику. Ҳозир фермернинг устига қўйилганлар фермердан 100 килога яқин буғдойни ўзи учун ўмараяпти.

Озодлик: Устига қўйилганлар кимлар?

Бобомурод Раззоқов: Милиция ходимлари¸ ҳокимият вакиллари¸ маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари¸ посбонлар бор. Ҳар битта комбайннинг устида камида беш-олти одам қоровул. Мана шу қоровуллар фермердан камида 100 килодан олиб турибди.

Бу ғалати бир парадокс келтириб чиқараяпти. Вазирлар маҳкамаси қўзичоқни бўри емасин¸ деган яхши мақсадда қилган бўлиши мумкин¸ лекин шундай ҳолатда қоровул қилиб бўрини қўйгани кулгили ҳолатда.

Фермер хўжалиги етиштирилган ҳосилнинг 50 фоизини давлатга топшириши керак. Булар 72 фоизга шартнома қилдиртирди. 20 кунлар олдин келиб яна умумий гектарга нисбатан 5 фоизгача қўшимча шартнома қилдирди. Бу дегани 77 фоизга шартнома бўлди дегани.

Озодлик: Деҳқонга 23 фоиз қолди¸ холосми?

- Ҳа. Унинг ҳам 3 фоизини устидаги қоровуллар оладиган бўлса¸ Ислом Абдуғаниевич бир сессияда айтганидай “Ма санга¸ ма санга¸ ким нима қолади¸ ҳа санга” бўлаяптида¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидан бўлган фермер Мажид Абдурайимовнинг айтишича, уларда ҳам ҳар йили шу аҳвол. Ўроқда йўқ, машоқда йўқлар¸ буғдой ўриб олинганда хирмонда ҳозир бўлиб қолишаяпти:

Мажид Абдураимов: Ҳар бир даланинг бошида етти-саккиз-тўққиз киши бўлади. Ҳокимиятнинг вакили¸ ички ишларнинг вакили¸ сувдан фойдаланиш уюшмасининг (СФУ) бошлиғи – ишқилиб тўққиз кишига боради. Мақсад даладаги ҳосилнинг ҳаммасини тортиб олиш.

Давлат режаси тўққиз гектар бўладиган бўлса¸ фермер яна беш гектарга “Тирикчилик қиламан¸ кунимни ўтказаман. Бола-чақамни боқаман¸ мен ҳам далада ишлаганман¸ меҳнат қилганман” деб эккан бўлса¸ шу беш гектардаги ҳосилни ҳам тортиб олади.

Озодлик: Фермерлар тўғрисда қонун борку.

-Эээээ¸ қонун?! Қонун у қоғозда. Унга ҳеч қачон амал қилинмайди¸ дейди Мажид Абдурайимов.

Аслида, дейди Мажид Абдурайимов, деҳқон учун ортиқча нонхўрнинг сира кераги йўқ. Милиция ҳам, ҳокимият ҳам унинг ҳосилини қўриқламайди, аксинча эса унга шерик бўлади.

Деҳқон эса ўз ҳосилини ўзи қўриқлаб қабул пунктига етказишга қодир. Милицияга унинг ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ.

Биз Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига қўнғироқ қилиб фермерларга уларнинг буғдой ўрими мавсумидаги иштироки ҳақида маълумот олмоқчи бўлдик:

Озодлик: Зоҳиджон ака¸ буғдой ўримига ИИБ ходимлари ëрдамга юборилган экан. Шу ҳақда сўрамоқчи эдим. Нима ишларни қилишади улар?

- Ака¸ сизлар олдин аккредитациядан ўтиб¸ кейин ëзма равишда мурожаат қилинглар¸ деди матбуот хизмати раҳбари Зоҳид Каримов.
XS
SM
MD
LG