Линклар

logo-print

Ўзбекистонда биометрик паспорт жорий қилинади

  • Фаррух Юсуфий

Янги шаклдаги Ўзбекистон паспорти бош саҳифасига эндиликда шахсга оид биометрик маълумотлар жойланган микросхема ëпиштирилади.

Янги шаклдаги Ўзбекистон паспорти бош саҳифасига эндиликда шахсга оид биометрик маълумотлар жойланган микросхема ëпиштирилади.

Президент Каримов имзолаган янги фармонга кўра, 2010 йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига шахсга оид биометрик маълумотлар жойланган замонавий турдаги паспортлар берила бошланади.

Президент Ислом Каримов 23 июн куни имзолаган фармон “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб аталади.

Жорий этилиши 2010 йилда бошланадиган такомиллаштирилган паспорт тизими¸ фармонда қайд этилишича¸ фуқаролик авиациясида хавфсизлик ва самарадорликни ошириш баробарида фуқаролар шахсини аниқ ва оператив тарзда идентификация қилишга хизмат қилади.

Фармон ҳақда эшитган ҳар бир ўзбекистонлик хаёлига келган биринчи савол янгича паспортнинг ўзи учун қандай қулайлик яратиши ҳақида бўлган бўлса ажабмас.

Биз ҳам бу савол билан Ўзбекистон Республикаси Визалар ва қайд қилиш бошқармасининг паспорт масалалари бўйича бўлимига қўнғироқ қилдик.

- Биринчидан¸ кечирасизку¸ биз телефон орқали консултация бермаймизку. Келинг бу ерга. Тошкентдамисиз?

Озодлик: Мен Тошкентда эмасманда. Мен Прагадан қўнғироқ қилаяпман.

- Прагаданми?

Озодлик: Ҳа¸ Прагадан.

- Унда сиз элчихона орқали расмий запрос юборинг¸ биз эса расмий жавоб берамиз.

Озодлик: Бу ҳақда икки оғиз гапириб бера олмайсизми?

- Бу телефон орқали бериладиган маълумот эмас. Расмий канал билан биз жавоб берамиз¸ дейди республика ОВИРи мутасаддиси.

Суҳбатдошимиз маслаҳат берган расмий каналлар орқали юборилган расмий сўровномага расмий жавоб келгунча биометрик паспорт нималигига ойдинлик киритиб ўтсак.

Электрон микросхемалари бўлган бундай ҳужжат ҳозирда кўплаб давлатлар, жумладан, Россия¸ Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар томонидан жорий қилинган ва ундан кўзланган мақсад, ҳақиқатан, фуқаролик авиацияси ва умуман мамлакатлар хавфсизлигини таъминлашдир. Бу микросхемаларда паспорт эгасининг электрон сурати ва бармоқ изларига оид маълумотлар жойлаштирилади.

Ғарб давлатларида биометрик паспорт фуқаролар учун муайян қулайликларни ҳам яратади. Масалан, Европада биометрик паспорт эгаларининг нафақат иттифоқ ичида ҳаракатланиши, балки хорижга чиқиш тартиби ҳам анча енгиллашган.

Ўзбекистон фуқаролик паспорти эгаларининг хорижга чиқиши у ёқда турсин, мамлакат ичида ҳам ҳаракатланиши чеклангани тингловчимизга сир эмас.

Хусусан, дейди тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов, пойтахт Тошкентга вилоятлардан келган ўзбекистонликлар дуч келадиган муаммолар бунга мисолдир.

- Масалан¸ Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтиш муаммоси ҳақида шикоят қилишган. 1999 йил феврал ойидаги портлашлардан кейин Тошкент шаҳар ҳокимияти презиндет фармони билан “Паспорт тизимини такомиллаштириш тўғрисида” низом ишлаб чиққан.

Ҳозир Тошкент шаҳар ҳокимлигида доимий комиссия бор. Сиз агар Тошкентда доимий яшамоқчи бўлсангиз¸ рўйхатдан ўтмоқчи бўлсангиз¸ ҳужжатларингизни топширишингиз керак.

Ўша комиссия атрофидаги одамлар ëки бошқа одамлар айтадики¸ рўйхатдан ўтиш учун катта илтимосномалар ëзиш керак ëки унинг давлат органларида ишлаш керак¸ деган талаблари бор.

Шунинг учун кўпчилик Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўта олмайди ва ҳозир Тошкент шаҳри ўз ўзидан ëпиқ шаҳарга айланиб қолган¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ёки Тошкент кўчаларида милиция ходимлари паспорт текшириш баҳонасида вилоятдан келган фуқароларни тўхтатиб, таъмагирлик қилиши ҳоллари кенг тус олган, дея қўшимча қилади журналист.

Ўзбекистон фуқароси чет элга чиқиш учун хориж давлатининг визасидан ташқари, ички ишлар ва хавфсизлик идораларидан мамлакатдан чиқиш визасини ҳам олиши керак.

Бу эса, деб давом этади тошкентлик мустақил журналист, таъмагирлик ва порахўрликка шароит яратишдан ташқари, ўзгача фикрловчиларга қарши босим чораси сифатида ҳам қўлланади.

- Бу ҳуқуқ ҳимоячиларига ва ўзгача фикрловчиларга таъсир қилиши мумкин. Биз яхши биламиз¸ мана Бирлик халқ ҳаракати партия раисининг ўринбосари Пўлат Охунов икки йил давомида паспорт ололмагани учун мамлакатдан чиқа олмади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига ëки ўзгача фикрловчиларга паспорт алмаштиришда тўсиқлар бўлади. Паспорт сунъий тарзда ушлаб туриш воситасига айланган¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Фармонда айтилганидек, Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари шундоқ ҳам фуқаролар эркинлигини чеклашга қаратилган тизимнинг янада кучайишига олиб келмаса бўлди, деб хулоса қилади журналист.

Абдураҳмон Ташанов: Ҳозир мана шу нарса ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар ўртасида анча ваҳима уйғотаяпти. Кўпчиликка паспорт беришда сунъий тарзда муаммо туғдирилиши мумкин.

Озодлик: Бу хавотирларингиз нимага асосланган?

- Бу хавотиримиз шу пайтгача бўлган воқеаалр ривожига асосланган. Кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар чиқиш визаларини шу пайтгача ололмаган.

Ана энди янги системага ўтиладиган бўлса¸ уларнинг паспортларини алмаштириш пайсалга солиниши мумкин. Бу назорат механизми сифатида бизни хавотирга солаяпти, дейди мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов.

Президент фармонига кўра, ўзбекистонликлар паспортларини бимометрик паспортга алмаштириш жараёни икки босқичда амалга оширилади.

2010 йилда бошланадиган биринчи босқичида давлат идоралари ва вазирликлар ходимлари, хорижга чиқадиган жисмоний шахслар ва паспорт олиш ёшига етган фуқаролар биометрик паспорт эгалари бўлади.

Қолган фуқароларнинг паспортлари эса 2011-2015 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда алмаштириб берилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG