Линклар

Эронда ўзгаришлар кутилмоқда

  • Алишер Сиддиқ

Таҳлилчилар Эрондаги вазият энди ҳеч қачон эскича қолмаслигини таъкидламоқдалар.

Таҳлилчилар Эрондаги вазият энди ҳеч қачон эскича қолмаслигини таъкидламоқдалар.

Даҳанаки сиёсий кураш деярли барча ёпиқ, қаттиққўл ва авторитар режимларга хосдир. Аммо Эрон сиёсий эстеблишменти ичидаги бўлиниш очиқдан-очиқ кураш босқичига ўтди.

Буни эса Эрон инқилобидан сўнг 30 йил давомида ўз дардини ичига ютиб келган эронликлар кутгандай бўлди.

Эрон сиёсий етакчиларининг ўзаро чигал ҳийлалари, ҳокимият идоралари ўртасидаги муносабатларнинг мураккаблиги ва Эрон сиёсатининг умуман ёпиқлиги бу бўлинишга фақат сиртдан назар ташлаш имконини беради.

Озод Европа/Озодлик радиоси таркибидаги “Фардо” радиосининг сиёсий шарҳловчиси Меҳдод Мирдамадий Эрондаги воқеаларни икки лагерга ажралиб қолган инқилоб фарзандларининг ўзаро кураши, деб атайди.

- Бу Исломий республикани якка тарзда бошқаришни хоҳлаётганлар ва Эронни демократик ислом республикасига айлантирмоқчи бўлаётган ҳокимият фракциялари ўртасидаги курашдир.

Иккала фракция ҳам инқилоб ғояларига содиқлигини даъво қилади. Аммо эронликлар ислоҳотчилар вакилларини қўллаб-қувватлаш орқали Эронда демократик ўзгаришлар учун имконият дебочаси пайдо бўлишига умид қилмоқдалар¸ дейди Меҳдод Мирдамадий.

Эрон режими ичидаги бўлинишга бу ҳокимият пайдо бўлган куниёқ асос солинганди. Аммо Эрон бўйича таҳлилчи Ризо Тоғизоданинг айтишича, Эрон сиёсий элитаси ўртасида бир кун келиб жарлик пайдо бўлишини аввалдан башорат қилиш мушкул эди.

- Бу мисли бир кўприкка ўхшайди. Ҳар куни ўтиб юрадиган кўприкда ёриқлар борлигини сезмаган бўлишингиз мумкин. Бироқ бу ёриқлар кўпайиб бир бирига уланиб кетган бир кунда кўприк ўзидан ўзи қулаб кетади¸ дейди Ризо Тоғизода.

Эроннинг олий раҳбари Оятулло Ҳоманайи¸ у томондан тайинланган Посбонлар кенгаши аъзолари ва унинг амрини бажариб келган президент Маҳмуд Аҳмадийнажод қўлида Инқилоб қўриқчилари, Эроннинг миллий армияси ва махсус хизматлар бор.

Аммо ўзига хос бир мухолифат коалициясини тузган Инқилоб фахрийси, Экспертлар кенгашининг раҳбари Али Акбар Ҳошимий, унга мойил оятуллолар ва президентлик сайловида ғалаба қозонганини даъво қилаётган Мир Ҳусайн Мусавий Эрон халқидан бошқа ҳеч кимга таяна олмайди.

Меҳдод Мирдамадий фикрича, бу гуруҳлар ўртасидаги даҳанаки курашнинг кўчаларга тарқашига Оятулло Ҳоманаийнинг мутлақо ҳокимиятни ўз қўлига олиш уринишлари билан боғлиқ.

- Оятулло Ҳоманайи сиёсий эстеблишмент ичида ўзига нисбатан ёғилаётган танқидларни бартараф этиш учун қулай фурсат келди, деб ўйлаган. Айнан шунинг учун Посбонлар кенгаши сайлов натижаларини эълон қилишга шошилди ва Мусавий тарафдорларини жунбушга келтирди¸ деди шарҳловчи.

Эрон конституциясига мувофиқ Али Акбар Ҳошимий раҳбарлик қиладиган Экспертлар кенгаши олий раҳбарни ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Ҳоманайини ишдан олиш мақсадида Қум шаҳрига борган Ҳошимий нуфузли дин пешволарининг таянчини қозонишга интилмоқда.

Теҳрондаги намойишлар давомида собиқ президент Рафсанжонийнинг қизи ва бир неча қариндошлари ҳибсга олинганди. Кейинчалик улар озод қилинганига қарамасдан¸ ушбу воқеа Рафсанжонийнинг олий раҳбарга қарши чиқиш аҳдини янада мустаҳкамлагани айтилади.

Эрондаги воқеалар нима билан якунланишини ҳеч бир таҳлилчи аввалдан башорат қилишга журъат этаётгани йўқ.

Озодликнинг Эрон бўйича таҳлилчиси Гулназ Исфандиёрийнинг айтишича, воқеалар қандай якун топмасин, бу давлат энди ҳеч қачон аввалги ҳолида қолмайди.

- Ҳозир гувоҳ бўлаётганимиз ҳокимият ўртасидаги бўлиниш ортаётгани баробарида ҳокимият ва халқ ўртасида жарлик пайдо бўлмоқда.
Эронда диктатура янада кучайиб кетадими ёки демократик ўзгаришлар учун имконият пайдо бўладими¸ билмайман. Аммо энди Эрондаги вазият ҳеч қачон эски ҳолда қолмаслиги аниқ¸ дейди Гулноз Исфандиёрий.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG