Линклар

Қўрқинчли Теҳрон


Теҳронликлардан олинган маълумотларга қараганда, чоршанба куни Эрон пойтахтида яна намойишчилар билан полиция ўртасида янги тўқнашувлар бўлиб ўтди.

Парламент биноси олдида бошланган норозилик акцияси иштирокчиларини тарқатиб юбориш учун полиция ходимлари ҳавога ўқ узган, ёш оқизувчи газ қўллаган, тўқмоқлар билан калтаклаган.

Акция иштирокчилари эса бунга жавобан полиция ходимларига тош отган.

Шу куни Эроннинг олий диний раҳбари Али Ҳоманайи мамлакат раҳбарияти сайлов натижаларини қайта кўриб чиқмаслиги тўғрисида баёнот берди.

Айни пайтда эронлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Нобель мукофоти лауреати Ширин Ибодий БМТ ва Европа Иттифоқини норозилик акциялари иштирокчиларига нисбатан зўравонликни тўхтатишга кўмак кўрсатиш мақсадида Эронга ўз махсус вакилларини юборишга чақирди.

Бундай баёнот билан Ибодий Брюсселда, Европа парламенти раиси Ханс-Херт Поттеринг билан учрашганидан сўнг чиқиш қилди.

- Мен БМТ Бош котиби Бан Ки Мундан Эронга махсус вакил юборишни сўрадим. Худди шундай илтимос билан Европа парламентига ҳам мурожаат қилдим, деди эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ибодий билан ўтказган учрашувидан сўнг Поттеринг ҳам баёнот берди ва Европа Иттифоқи мамлакатлари қонунчилик органлари вакилларидан иборат делегацияга раҳбарлик қилиб, Эрондаги вазиятни юмшатишга ҳисса қўшиш учун бу мамлакатга сафар қилишга тайёр эканини билдирди.

Норозилик акциялари 12 июнь куни бўлиб ўтган президент сайлови натижалари эълон қилинганидан сўнг бошланиб кетди.

Сайловда, расмий маълумотларга қараганда, жорий президент Маҳмуд Аҳамийнажод ғалаба қилган.
XS
SM
MD
LG