Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:09

Яна бир ўзбек хўрликда


Марзия кассада туриб¸ пул билан ишлагани боис¸ унинг паспортини олиб қўйдим¸ дейди унинг россиялик иш берувчиси.
Марзия кассада туриб¸ пул билан ишлагани боис¸ унинг паспортини олиб қўйдим¸ дейди унинг россиялик иш берувчиси.

Ҳуқуқ фаолларининг Озодликка билдиришича¸ Россиянинг Рязан вилояти Шацк туманида жиззахлик Марзия Исканова Камо Симонян исмли иш берувчи томонидан ўз ихтиёрига қарши равишда ушлаб турилибди.

Жиззахнинг Зарбдор туманидан бўлган Марзия Исканова қарийб бир йилдан буён Рязандаги қаҳвахоналаридан бирида мажбурий равишда ишлатилаяпти.

Маълум бўлишича, унинг паспорти россиялик иш берувчи томонидан олиб қўйилган.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев ўз ихтиёрига қарши ишлатилаётган ўзбек аёлининг тақдири ҳақида унинг иш берувчиси Камо Симонян билан телефон орқали гаплашганини ва Симоняндан Искановани тез орада уйига жўнатиб юбориш ҳақида ваъда олганини айтади.

- Камо Симонян мен билан телефонда жуда илиқ гаплашганди. У менга: “Илтимос, бу масалани катта муаммога айлантириб юборманглар. Ошхонамизда ишлашга ҳеч ким йўқлиги учун унга жавоб беролмаяпмиз”, деганди. Аммо, эшитишимга қараганда, унга ҳали ҳам жавоб берилмаган, дейди Баҳром Ҳамроев.

Марзия опанинг паспорти қайтариб берилмаганини Россияга у билан бирга келган Феруза опа ҳам тасдиқлайди.

- Марзия опа уйига кетиши керак бўлиб қолувди, аммо унинг паспортини беришмаяпти. Чунки унинг ўрнига ишлайдиган одам топишолмаяпти, дейди Озодлик билан суҳбатда Феруза опа.

Камо Симоняннинг ўзи эса жиззахлик аёлга икки томонлама имзоланган шартномага кўра ҳозирча жавоб беролмаслигини айтди.

Камо Симонян: Марзия билан шартнома муддати тугагунча ишлаб бериши ҳақида келишганмиз. Муддат битганидан кейин у уйига кетиши мумкин. Уни ҳеч ким мажбуран ишлатаётгани йўқ, ойлигини ўз вақтида олаяпти.

Озодлик: Ундай бўлса, нима учун аёлнинг паспортини олиб қўйдингиз? Ахир бунинг учун Россия қонунчилигида жиноий жавобгарлик кўзда тутилган-ку.

Камо Симонян: Биласизми, Марзия тунги сменада ишлайди. У кассада туради. Унинг шунча пулни олиб кетиб қолмаслигига ким кафолат бера олади? Бунга ўхшаш ўғирлик каҳвахонамизда уч марта содир бўлди. Милиция ҳам топиб беролмади ўғриларни.

Озодлик: Сизда Марзияни ўғри деб гумон қилишга бирор асос борми?

- Йўқ, унга нисбатан бунақа эътирозим йўқ, дер экан Симонян Марзия Исканованинг паспорти унинг сейфида сақланаётгани, шу йилнинг июл ойида шартнома муддати тугаши билан аёлга ҳужжати қайтариб берилишини айтади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевга кўра, даъво-дастакларидан қатъий назар, Камо Симоняннинг бу ҳаракати Россия қонунчилигига хилофдир.

- Бу муаммони ҳал қилиш учун паспорти олиб қўйилган киши ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиши керак. Аммо паспортлари олиб қўйилган ўзбекистонликлар милиция ходимларига мурожаат қилганларида уларга жарима солиш ёки депортация қилиш билан таҳдид қилинганидан кейин улар ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишдан чўчиб қолганлар, дейди Баҳром Ҳамроев.

Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячиси россиялик тартиб посбонлари ва иш берувчиларда ўзбекистонликларга нисбатан бундай беписандлик пайдо бўлишига, биринчи навбатда, ўзбек расмийлари айбдор, деб
ҳисоблайди.

- Ўзбек фуқароларининг Россияда ҳақсизликка учрашига асосан Ўзбекистон ҳукумати тутаётган сиёсат сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон ҳукумати ёки Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўзбек меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилиш ёки уларга шароитлар яратиш ҳақида ақалли бирор марта Россия расмийларига мурожаат қилганини биз кўрмадик ва эшитмадик, дейди Баҳром Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG