Линклар

Долларга сотилган судялар


Қирғиз депутатлари мамлакат судяларни порахўрликда айбламоқдалар.

Қирғиз депутатлари мамлакат судяларни порахўрликда айбламоқдалар.

Қирғизистонда террорчилар судяларга пора бериб, жиноий жавобгарликдан қутулиб қолмоқда, шубҳали одамлар пора эвазига қирғиз паспортига эга бўлиб олаяпти. Бу ҳақда қирғиз депутатлари бонг урмоқда.

Қирғизистон парламентининг 25 июн кунги йиғинида айрим депутатлар ана шу масалани кўтариб чиқдилар.

23 июн куни Жалолободда Ўзбекистон исломий ҳаракатига тегишли беш кишилик гуруҳ билан отишма содир бўлган ва террорчилар йўқ қилинган эди.

Депутатларда мавжуд маълумотларга кўра, бу гуруҳ раҳбари аввал судланган ва катта миқдорда пора бериб, жиноий жавобгарликдан қутулиб қолган.

Қирғизистон парламенти депутати Олтинбек Сулаймонов бу масалани кўтаришдан олдин 2006 йилда бўлиб ўтган воқеалардан бирини эсга олди.

2006 йил ёзида Боткен вилояти Қадамжой туманига Тожикистон орқали бостириб кирган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг беш кишидан иборат гуруҳи йўқ қилинган эди. Улар орасида Ҳусан исмли шахс ҳам бўлган.

Депутат берган маълумотга кўра, Ҳусаннинг акаси Ҳасан террорчи гуруҳлар орасида Фара лақаби билан танилган. 2006 йил воқеаларидан кўп ўтмай, Ҳасан Бишкекда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган.

- Шоввоз судяларимиздан бири Ҳасандан 40 минг доллар пора олиб, уни шартли равишда қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Жалолободда ўлдирилган беш нафар террорчига раҳбарлик қилган шахс ҳам айнан Ҳасан бўлгани аниқланди. Мурдалар орасида унинг жасади ҳам топилган.

Ҳасан махсус хизмат ходими Қапар Намановни отиб ўлдирган, бошқа бир ходимни эса яралаган.

Бизнинг судларимиз қачонгача террорчиларни оқлашда давом этади? деди Олтинбек Сулаймонов.

Парламент депутатлари Олий суддан Ҳасанни судлаган ҳакамни топишни ва уни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилдилар.

Қирғизистон Олий судининг собиқ раҳбари Қурмонбек Ўсмўнов мамлакат судлов тизими тарафидан баъзан террорчилик ва экстремистликда айбланган шахслар оқланиши ҳолатлари бўлганини тасдиқлайди:

- Бу гап қисман тўғри. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Кўпинча террорчи ва экстремистлар устидан тергов жуда саводсизларча ўтказилади. Пировардида судда уларнинг айбини исботлаб бўлмай қолади.

Шунинг учун судя пора олди, деб даъво қилишдан олдин “тергов қўлга олинган шахснинг айбларига далил келтира олганмиди ўзи?” деган саволга жавоб топиш керак бўлади, деди Қурмонбек Ўсмўнов.

Қирғизистонда сўнгги уч йил ичида махсус хизматлар Жалолобод, Ўш, Ўзган, Қадамжой шаҳарларида бир неча марта махсус амалиётлар ўтказиб, террорчи гуруҳлар йўқ қилингани ҳақида хабарлар берилган.

Бишкеклик сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев мана шу воқеаларни эсга олар экан, Қирғизистон ҳудудида террорчи гуруҳ аъзоларининг пайдо бўлаётганини ва террорчиликда айбланаётган шахсларнинг суд залларидан озод этилаётганини коррупция билан боғлайди:

- Террорчилар келиб, қирғиз паспортини сотиб олишаяпти. Қирғизистон фуқаролари йиллаб ололмаётган паспортларга террорчилар қисқа муддатда эга бўлаяпти.

Бунинг ортида эса коррупция турибди. Мамлакатда коррупция йўқ қилинмас экан, Қирғизистон террорчилар учун қулай масканга айланиб қолаверади. Чунки бу ерда 40 минг доллар пора бериб, суд залидан озод қилиниш имконияти бор, деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Айни пайтда Қирғизистон бош прокуратураси расмийлари парламент депутатларининг террорчи пора эвазига суд залидан озод қилингани тўғрисидаги ахбороти юзасидан дастлабки текширув ишлари олиб боришга кўрсатма берилганини айтмоқдалар.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати эса 23 июн куни террорчиликда гумонланиб Жалолободда йўқ қилинган айрим шахсларнинг исмлари ва уларнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари экани аниқланганини маълум қилди.

- Бу гуруҳ анчадан бери назорат остида эди. Шунинг учун унинг қайси ҳаракатга тегишли эканини аниқлаш қийин бўлмади, деди Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот котиби Риспек Биқин ўғли.

Бироқ қўмита расмийси йўқ қилинганларнинг исмларини ва қайси давлат фуқаролари эканини очиқламади.

Қирғиз парламенти депутати Рашид Тоғаев эса қирғиз матбуотига Жалолободда йўқ қилинган террорчилар Ўзбекистон фуқаролари экани тўғрисида маълумот бор эканини билдирган.

Шу йилнинг 23 июн куни Жалолобод вилояти Сузоқ туманида миллий хавфсизлик кучлари қуролли гуруҳга қарши махсус амалиёт ўтказган эди.

Олти соат давом этган отишма пайтида беш кишидан иборат бўлган қуролли гуруҳ йўқ қилинган. Махсус хизматларнинг бир ходими ҳалок бўлган, яна бир ходим яраланган эди.
XS
SM
MD
LG