Линклар

Раҳмон яна дўстлик истамоқда


Оддий халқ¸ ўзбек-тожик президентлари ўртасидаги совуқчиликдан ўзлари азият чекаëтганидан шикоят қилади.

Оддий халқ¸ ўзбек-тожик президентлари ўртасидаги совуқчиликдан ўзлари азият чекаëтганидан шикоят қилади.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятига ташриф буюрган президент Имомали Раҳмон Ғончи туманида ўзбек тилидаги янги мактаб очилиши маросимида қатнашиб, тожик-ўзбек дўстлигига ҳеч қачон путур етмаслигини урғулади.

- Тожикистон қўшни Ўзбекистон билан дўстликни мустаҳкамлашга, ҳамкорликни ривожлантиришга доим интилган ва интилмоқда. Зеро, тожик ва ўзбек халқлари азал-азалдан қондош ва қардошдир.

Ўзбегу тожик асрлар давомида ён қўшни, жон қўшни бўлиб яшамоқда. Келажакда ҳам Ўзбекистон билан бўлган иқтисодий ва дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бораверади, деган умиддаман, деди Имомали Раҳмон.

Кузатувчиларнинг айтишларича, мустақилликнинг биринчи йилларида Ўзбекистон ва Тожикистон сиёсий муносабатлари яхши эди. Йўллар очиқ, иқтисодий алоқалар ҳам кўнгилдагидек эди. Лекин орадан йиллар ўтиб, бу икки қўшни давлат муносабатларида совуқлик пайдо бўла бошлади.

Аввалига Ўзбекистон томони исломий жангариларга йул очиб бергани учун Тожикистонни танқид қилди ва тоғли чегара ҳудудларни миналаштириб чиқди.

1998 йилда тожик исёнчи полковниги Маҳмуд Худойбердиевнинг Сўғд вилоятига бостириб кириши ана шу илиқ муносабатларга якун ясади, деса ҳам бўлади. Чунки тожик расмийлари Худойбердиев жангариларининг Ўзбекистон ҳудудидан бостириб кирганлиги ҳақида гапирди. Оқибатда икки мамлакат ўртасида тарихда бўлмаган виза тартиби жорий қилинди.

- Тожикистон президентининг айнан Ғончи туманига ташриф буюриши катта аҳамиятга эга. Чунки туманда асосан ўзбеклар истиқомат қилади.

Янги мактаб қурилишига президент жамғармасидан маблағ ажратилгани ҳам республикада истиқомат қилаётган ўзбекларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан бири, деб ҳисоблайман.

Истардимки, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Имомали Раҳмондан ўрнак олиб, илгариги ҳамкорликни тикласа, чегараларни очиб ташласа, дейди Ғончи туманида истиқомат қилувчи Пўлат Аббосхон ўғли.

Мазкур тумандаги Иторчи қишлоғида яшовчи суҳбатдошимнинг айтишича, бугунги кунда икки мамлакат томонидан бир-бирига қўйилаётган айблар вазиятни юмшатмасдан, баттар таранглаштириб юборяпти.

Энди эса Ўзбекистон томони Тожикистонда ГЭСлар каскади қурилишига қарши чиқмоқда, чунки буларнинг ҳаммаси сув муаммосига бориб тақалади. Оқибатда икки давлат муносабатларига яна совуқлик тушди.

- Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида яна алоқалар мустаҳкамланса. Ахир жаҳон тарихида бунчалик қовушиб, жипслашиб кетган икки тилли халқ йуқ.

Агар икки мамлакат раҳбарлари шахсий амбицияларини унутиб, ўз халқининг тақдирини ўйлайдиган бўлса, гина-адоватларни унутиб, дўстона музокарада барча муаммоларни ҳал қилиб олишлари лозим.

Чунки бу совуқ муносабатлар оқибатида биз - Тожикистонда яшаётган ўзбеклар Ўзбекистоннинг санъати, адабиёти, маданиятидан четда қолиб кетяпмиз, дейди Иторчи қишлоғида яшовчи аёл.
XS
SM
MD
LG