Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:45

Бакиевдан бошқани қўллашга рухсат йўқ


Сайлов кампанияси қизиб борар экан¸ қирғиз хавфсизлик кучлари мухолифат фаолларини бостириш учун турли усулларни ишга солмоқдалар.
Сайлов кампанияси қизиб борар экан¸ қирғиз хавфсизлик кучлари мухолифат фаолларини бостириш учун турли усулларни ишга солмоқдалар.

23 июлга белгиланган президентлик сайлови яқинлашар экан¸ қирғиз маъмурлари талаба ва ëшларнинг иқтидордаги президент Бакиевдан бошқани қўллаш оқибатларидан жиддий огоҳлантирмоқдалар.

Қирғизистон олий ўқув юртлари талабалари ҳар йили июн ойининг ўрталарида якуний имтиҳонларни топширадилар ва таътилга чиқадилар. Бироқ бу йил якуний имтиҳонлар президентлик сайловлари муносабати билан 24 июлгача узайтирилган.

Ўшдаги давлат олийгоҳида ишловчи, ўз исмини айтишимизни истамаган ўқитувчилардан бири сайловларда талабалардан фойдаланиш Қирғизистон учун оддий ҳолга айланиб қолганини айтади:

- Менимча, бу янгилик эмас. Аввалги сайловларда ҳам, депутатлик сайловларида ҳам, бошқа сайловларда ҳам бундай ишларнинг гувоҳи бўлганмиз ва бу одатий ҳолга айланиб қолган, деди суҳбатдошимиз.

Ўшлик талабаларнинг гувоҳлик беришларича, уларга ўз домлалари томонидан амалдаги президент учун ишлаш тавсия қилинмоқда.

Айни пайтда сайловда бошқа номзодлар фойдасига ишлаётган талабалар ҳам йўқ эмас, бироқ бундай талабалар турли босимга учрамоқдалар.

Социал-демократлар партиясининг аъзоси бўлган ўшлик талаба Руслан Ўрўзматов президентликка асосий даъвогарлардан бири Алмазбек Атамбаевнинг сайловолди дастурлари чоп этилган газеталарни тарқатаётганида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушлаб кетилганини айтади:

- Яқиндагина мени ички ишлар бошқармаси ходимлари ушлаб кетди. Турли саволлар бериб, сўроқ қилишди. Газета ёки турли мурожаат каби сайловолди материалларини тарқатсак, “тарқатмайсан” деб қаршилик қилишаяпти, дейди Руслан Ўрўзматов.

Унинг айтишича, Қурмонбек Бакиевдан бошқа номзодларни қўлловчи йиғилишларда иштирок этган талабалар ҳам олийгоҳ раҳбарияти томонидан тазйиққа учрамоқда:

- Социал-демократлар партиясини қўллаган талабаларга катта босимлар бўлаяпти. Олийгоҳ ректорлари талабаларни чақириб: “Биз “Оқ йўл” партиясини, Бакиевни қўллашимиз керак, биз давлат олийгоҳимиз, мамлакатга тобеъмиз”, деган сўзларни айтиб, талабаларнинг сиёсий ҳуқуқларини поймол қилмоқдалар.

Қурмонбек Бакиев етакчилик қилувчи “Оқ йўл” партиясига аъзо талабалар қаерга борса ҳам қучоқ очиб кутиб олинаяпти. Бизга эса олийгоҳда ўгай боладай муносабатда бўлишаяпти, дейди Руслан Ўрўзматов.

Бироқ Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбоев Озодликка маълум қилишича, шу кунгача бошқармага ички ишлар бошқармаси ходимларининг номзодлар тарафдорларига нисбатан ноқонуний ҳаракатлари юзасидан ариза келиб тушмаган:

- “Милиция номзодлар тарафдорларига қаршилик қилмоқда” деган гаплар ёлғон. Масалан, президентликка номзод Алмаз Атамбаев туманларда аҳоли билан учрашув ўтказмоқда.

Учрашув ҳеч қандай қаршиликсиз бўлиб ўтди. Сайловолди тарғибот ишлари бошланганидан буён номзодларнинг тарафдорларидан “милиция қаршилик қилаяпти” мазмунидаги биронта ҳам ариза тушмади, деди ички ишлар расмийси.

Ўшдаги олийгоҳлардан бирида ишловчи, ўз исмини ошкор қилишимизни истамаган суҳбатдошимиз сайлов жараёнида олийгоҳ талабалари амалдаги президент Қурмонбек Бакиев фойдасига ишлаётганини, бироқ бу жараён ихтиёрий-мажбурий тарзда амалга оширилаётганини айтади:

- Сайлов ва сайловолди жараёнида иштирок этиш ёки амалдаги президентимиз учун ташвиқотлар олиб бориш, юмшоқроқ айтганда, ихтиёрий бўлмоқда ва мажбурий қўшимчаси ҳам бор. “Мажбурий” деган сўзни албатта “Ихтиёрий”дан кейин қўямиз, чунки “мажбурлаяпти” деган нарсани исботлаш жуда қийин, деди Ўшдаги олийгоҳ ўқитувчиси.

Суҳбатдошимизга кўра, у ишлаётган олийгоҳ Қурмонбек Бакиевни катта тайёргарлик билан кутиб олган:

- Ҳурматли президентимиз Бакиев келганида биз анча тайёргарлик кўрдик ва у киши билан учрашув ўтказдик. Лекин бошқа номзодларнинг қачон Ўшга келиши ёки келган-кетганидан бизнинг хабармиз бўлмади, деди ўз исмини айтишни истамаган олийгоҳ ўқитувчиларидан бири.

Айни пайтда ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Маҳмуджон Юсупов шаҳар кўчаларида Қурмонбек Бакиев номзодини тарғиб қилувчи баннерлардан ташқари номзодларнинг тарғибот материаллари номаълум шахслар томонидан йўқ қилинаётганини айтади:

- Ўш кўчаларида Бакиевнинг рекламаларигина бор. Бошқа номзодларнинг ҳеч қандай рекламаси йўқ. Бошқа номзодлар рекламалари илинганидан сўнг номаълум шахслар тарафидан йиртиб кетилаяпти. Амалдаги президент тарафдорлари бошқа номзодларнинг сайловолди тарғибот ишларини олиб боришига имкон бермаяпти, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
XS
SM
MD
LG