Линклар

Қўлланма бору¸ қўлланиш йўқ

  • Фаррух Юсуфий

Янги қўлланма муаллифлари¸ унинг суд жараëнларида қатнашадиган ҳуқуқ ҳимоячиларига қўл келишига умид қилмоқдалар.

Янги қўлланма муаллифлари¸ унинг суд жараëнларида қатнашадиган ҳуқуқ ҳимоячиларига қўл келишига умид қилмоқдалар.

"Экспертлар ишчи гуруҳи" Ўзбекистонда фаолият олиб борадиган ҳуқуқ фаоллари учун суд-тиббий экспертиза бўйича қўлланма ишлаб чиқди¸ эндиги савол бу қўлланманинг амалда қанчалик яшашида қолди.

Бухородаги “Тиббий-ҳуқуқий марказ” номли нодавлат ташкилоти мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган қўлланмадан мақсад ҳуқуқ ҳимоячиларини суд-тиббий экспертизанинг жиноят процессуал жараёнлардаги ўрни ҳақида бохабар қилишдан иборатдир, дейди Озодлик радиоси билан суҳбатда экспертлар гуруҳи раҳбари ва қўлланмани ҳуқуқий таҳрирдан ўтказган Суҳроб Исмоилов.

Суҳроб Исмоилов: Биз биламизки¸ кўпгина ҳуқуқ ҳимоячиларимиз қийноқлар ëки ғайриинсоний муносабатлар кузатилаëтган жиноят ишларида бевосита айбланувнинг ëки менга қийноқ қўлланилди деган жабрланувчининг вакили бўлиб қатнашишади.

Шикоятда кўрсатилаëтган қийноқлар ëки ғайриинсоний муносабатларни тасдиқловчи кўрсатмалар вақтида турли хил йўллар билан бириктириб қўйилмаса¸ кейинчалик бу шикоят ва аризаларда исбот сифатида ишлатиш жуда қийин бўлади.

Шунинг учун биз ўйладикки¸ ҳозирги пайтда Ўзбекистон қонунчилиги ва амалиëтига мослаб мана шунақа қўлланма чиқарилса¸ фақат ҳуқуқ ҳимоячилар учун эмас¸ адвокатлар учун ҳам жиноят ишларида амалий дастур сифатида фойдали бўлади.

Озодлик: Мен бу қўлланмани кўриб чиқдим. Менимча¸ қўлланмада берилган ахборотларнинг кўпчилигидан ҳуқуқ ҳимоячилари хабардор. Қўлланмадаги ахборотларнинг амалдаги вазиятни ўзгартиришига умидлар борми?

Суҳроб Исмоилов: Биз битта қўлланма умумий вазиятни ўзгартиришга етарли бўлади¸ деб ҳисобламаймиз. Бу ўз-ўзидан маълум.

Бизнинг ишончимиз комил бўлган тараф шундан иборатки¸ жиноят ишлари бўйича кўпгина жараëнларда¸ айниқса қийноқлар қўлланилаëтган жараëнларда қатнашаëтган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда адвокатлар қўлланмада белгиланган баъзи бир ҳолатлар Ўзбекистон қонунчилигида¸ хусусан жиноят процессуал кодексда белгиланган бўлса ҳам амалиëтда уни ишлатишга қийналишади.

Чунки¸ қонунда белгиланган билан уни амалга ошириш механизми йўқ. Биригина мисол. Агар ҳимоямиз остидаги шахс бизга “Менга қийноқ бўлди” деб шикоят қилса¸ биз медиклар ва экспертларни судга ëки тергов жараëнига қатнашчи сифатида олиб киришга имкониятимиз йўқ.

Бу суд ва терговнинг қарори асосида амалга оширилади ва улар тайинлаган расмий органларгина шунақа ваколат бера олади.

Шунинг учун қўлланма ëзаëтганда¸ Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги шароитидан келиб чиқиб¸ жабрланувчига нисбатан қийноқлар ëки ғайриинсоний муносабатлар бўлганида¸ исбот-далилларни бириктириб қўйиш йўлларини ўргатишга ҳаракат қилдик.

Озодлик: Бу қўлланмани ишлаб чиқишда давлат идоралари масалан¸ Ички ишлар вазирлиги ëки прокуратура органлари билан қанақадир мувофиқлаштирув бўлдими? Улар билан маслаҳтлашув бўлдими ëки алоқа қилдингизларми?

Суҳроб Исмоилов: Адлия вазиирлигининг Ички ишлар вазирлигига тегишли бўлган “Ўзбекистонда суд мед-экспертиза институти” бор. Бу алоҳида идора. Мана шу идора расмий идора ҳисобланади ва ҳар бир вилоятда бюроларига эга.

Биз бу қўлланмани ишлаб чиқишда ҳудудий бюрода фаолият юритаëтган икккита шахсни суҳбатга тортдик. Лекин республика даражасидаги давлат органлари билан мувофиқлаштирувчи ҳаракат бўлгани йўқ.

Давлат органларида мутахассис эксперт сифатида ишлайдиганлар қўлланмани тузиб чиқишда қатнашди.

Озодлик: Менинг қўлимда қўлланманинг рус тилидаги нусхаси бор. Ўзбек тилидагиси ҳам борми?

- Ҳозир ўзбек ва инглиз тилларига таржима қилинаяпти. Лекин асосий ëзилган биринчи шакли рус тилида бўлди.

Ўзбекистоннинг кўп жойларида ҳали ҳам суд¸ тергов органлари ҳаракатларида ҳужжатлар рус тилида юрғизилаяпти. Айниқса¸ эксперт хулосалари рус тилида берилади. Шунинг учун биз буни биринчи рус тилида чиқардик. Ҳозир ўзбек ва инглиз тиллари устида ишлаямиз¸ дейди Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG