Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:00

Салафий ови давом этмоқда


Ҳукумат томонидан салафийлар ўчоғи деб кўрилган масжид эшигига муҳр босилди.
Ҳукумат томонидан салафийлар ўчоғи деб кўрилган масжид эшигига муҳр босилди.

23 июн куни Душанбенинг Зарафшон маҳалласидаги масжидларнинг бирида шом намозини ўқиётган 40 нафар мусулмон қўлга олинди. Улар таъқиқланган Салафия оқимига аъзоликда гумонланмоқдалар.

Бир гуруҳ намозхонларни қўлга олиш амалиёти Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва республика Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан 23 июн куни кечки соат 7 ларда ўтказилган.

Мавзу юзасидан саволларимизга жавоб берган суҳбатдошларимизга кўра, шом намозини ўқиш учун мулла Сирожиддин масжидида тўпланган қирққа яқин мусулмон ҳибсга олинган.

Амалиётни ўтказган Миллий хавфсизлик қўмитаси ва ИИВ ходимлари ўша куниёқ масжид эшигига қулф солган.

Ўша кунги воқеа гувоҳларидан бири Зеби исмли аёл кечки пайт шом намозидан сўнг масжид тўсатдан милиция ходимлари томонидан ўраб олинганини айтади.

- Роса тўс-тўполон бўлиб кетди. Намоз ўқиш учун масжидга кирган ёш болачаларгача учта автобусга тиқиб олиб кетишди. Ўзи бу масжидга қатнайдиганлар сал ғалатироқ эди-да, дейди Зеби.

Бошқа бир суҳбатдошимиз - Сарвар исмли аёл ҳибсга олинганлар орасида 23 ёшли ўғли Ҳикматулло ҳам борлигини ва у салафийликда ноҳақ айбланаётганини айтади.

- У ҳеч қандай салафий эмас. Ўғлимни гуноҳсиз қамашди. У фақат намоз ўқиш учун бу масжидга борар эди, холос. Икки кундан буён отаси билан миллий хавфсизлик қўмитасига қатнаймиз, уни кўрсатиш у ёқда турсин, ўша бинога яқин йўлатмаяпти бизни, дейди Сарвар.

Сарварнинг қўшниси - 14 ёшли Фируз миллий хавфсизлик ходимлари томонидан тергов қилинганидан сўнг 25 июн эрталаб қўйиб юборилган.

- “Нега намоз ўқишга бординглар, бу масжидга қатнашга ким сизларни мажбур қилди?” деб сўрашди. Саволларига жавоб бердим. Бундан буён ҳеч қачон масжидга бормаслигим шарти билан уйга жавоб беришди, дейди Фируз.

Ўсмир ўзининг 57 ёшли отаси (суҳбатдошимиз отасининг исми ошкор қилинмаслигини илтимос қилди - таҳр.) ҳозирда ҳам миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторида қолаётганини айтади.

Фирузнинг онаси Бибига кўра, маҳалла мусулмонлари мулла Сирожиддин масжидида кечки ибодатдан сўнг маъвиза тинглаш учун тўпланар эканлар.

- Бунинг нима ёмонлиги бор? “Тамаки, героин чекманг, ароқ ичманг” деган гаплар айтилади. Ўғилларим Сирожиддин насиҳатларини видеотасвирга тушириб келишган эди, кўп эшитганман.

Шу насиҳатларни тинглаганларнинг кўпи ёмон йўлларидан қайтишди. Ёшлар орасида нашавандлар, ароқ ичувчилар камайди. Бунинг нимаси ёмон? дейди беш боланинг онаси Биби.

Икки кундан буён ҳибсда сақланаётган эри озод этилиши учун қилаётган урунишлари натижасиз қолаётганини маълум қилган аёл оила бошлиғи салафийлардан эканини яширмади ва “салафийлар ҳеч қанақа террорист эмас, аксинча, улар туфайли жамиятда мавжуд ахлоқсизлик барҳам топаётир”, дея қўшимча қилди.

Эслатиш жоизки, шу йил 8 январида Тожикистон Олий суди мамлакатда Салафия оқими фаолиятини таъқиқлаб қўйганди.

Буни тожик расмийлари мазкур оқим вакилларининг маъвизалари мусулмонлар орасида турли низо ва тортишувларга сабаб бўлаётгани, адоват уруғини сочаётгани билан изоҳладилар.

Аммо россиялик сиёсий таҳлилчи Дамир Муҳиддинов Тожикистонда салафийларнинг таъқиб этилишини ички сиёсий кураш формаси ўлароқ баҳолайди.

Унга кўра, минтақанинг бошқа давлатларига кузатилгани каби Тожикистонда ҳам беозор диний ташкилотлар фаолияти таъқиқланаётгани ҳайратланарлидир.

- Агар ўша ташкилот ўз ғояларида террор, ўлим, бузғунчилик ғояларини тарғиб этса, у экстремистик ташкилот. Аммо бу диний ташкилотлар исломий қадриятларни тарғиб этса, нега улар фаолиятини таъқиқлаш керак? Аксинча, улардан яхши мақсадлар йўлида фойдаланиш зарур, дейди Муҳиддинов.

Айни кунда Сирожиддин масжидида қўлга олинган шахслар Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан тергов қилинмоқда. Улар республика жиноят Кодексининг 189-моддаси (миллий, ирқий, маҳаллийчилик ёки диний низо қўзғатиш) бўйича айбланмоқдалар.

Миллий хавфсизлик расмийси Бўриевга кўра, агар ҳибсга олинганларнинг айби исботланса, улар 12 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG