Линклар

Ўзбек кавушини янгилайдими?

  • Садриддин Ашур

Аксар ўзбекистонликлар¸ сифатсиз бўлса-да¸ Хитойнинг резина ковушларидан бошқасини олишга қурблари етмаслигидан нолийдилар.

Аксар ўзбекистонликлар¸ сифатсиз бўлса-да¸ Хитойнинг резина ковушларидан бошқасини олишга қурблари етмаслигидан нолийдилар.

Тошкент чарм-пойафзал саноатини ривожлантиришга 17,5 миллион доллар сармоя ётқизишга қарор қилди. Калиш ва Хитой шиппагидан бошқасига қурби етмаëтган ўзбеклар учун сифатлироқ пойафзал ваъдасими бу?

Ўзбекистон ҳукумати чарм-пойафзал саноатини қўллашга киришган кўринади. Янги лойиҳада, чарм пойафзал ишлаб чиқаришни саккиз миллион жуфтдан ошириш назарда тутилган.

Ўзбекчармпойафзал ассоциациясининг 33 корхонаси такомиллаштирилади, хорижга пойафзал экспорти беш йил мобайнида икки бараварга кўпайтирилади¸ дейилади бу ҳақдаги расмий хабарда.

Хўш¸ бу қарорни¸ ўз пойафзалига ялчимаётган оддий ўзбекистонлик учун хушхабар¸ дейиш мумкинми? "Ҳар қалай, ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон молга нима етсин" дегувчилар Ўзбекистонда анча сероб.

Бугун Ўзбекистон бозорлари асосан четдан келтирилган пойафзал билан тўлган. Фарғона шаҳридаги “Пойафзал олами” дўконига қўнғироқ қилиб, у ердаги моллар ассортименти билан қизиқдик:

Озодлик: Сизларнинг магазиндаги моллар Ўзбекистонникими ëки хорижники?

- Туркияники.

Озодлик: Ўзбекистонники йўқми?

- Йўқ¸ бизда Ўзбекистоннинг ҳеч нарсаси йўқ. Биз Хитой товари билан¸ Туркияникини сотамиз.

Озодлик: Ўзимизнинг пойафзални кўпроқ олишадими ëки четникиними?

- Агар яхши чиқарса¸ сифатига кафолат берса¸ ўзимизники ҳам яхши кетади. Ҳозир одамлар вақти келса¸ Хитойникини ҳам тан олмаяптику.

Озодлик: Нимага?

- Хитойнинг нарсаси дейилдими¸ тамом. Чегараланиб қолган. Одамларнинг онгига сингиб кетганда. Масалан¸ биз ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилган товарни сотганмиз.

Озодлик: Қачон?

- Анча олдин. Мана “Salamander” лар ҳам яхши ишлаб чиқаришаëтган эди. Билмайман нимага тўхтаб қолди бу.

Озодлик: Турикиянинг молларинигн нархи қанчадан қанчагача?

- Энг арзон туфлимиз 85 минг сўм. 210 минг сўмгача туфлимиз бор¸ дейди Фарғона шаҳридаги “Пойафзал олами” дўкони сотувчиси.

Ўзбекистон аҳолисининг пойафзалга бўлган эҳтиёжини мамлакат енгил саноати қаноатлантира олмагандан сўнг¸ халқ косибчилиги янги ва кичик технологияларни қўллаб¸ бу бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилмоқда.

Иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов сўзларига кўра, гарчи улар ишлаб чиқарган пойафзаллар ҳали аъло сифат даражасига етмаган бўлса-да, айни пайтда косиблар моли аҳолининг кам таъминланган қатлами эҳтиёжини қопламоқда:

- Хитой технологияси¸ чет эллардан кириб келган янги технологияларнинг ўзимизнинг маҳаллий ҳунармандлар томонидан ўзлаштирилиши натижасида¸ ҳозирги пайтда чиройли¸ бежирим¸ бир қараганингизда худди чет элликларнинг пойафзалидан қолишмайдиган даражадаги пойафзалларни сотиб олиш имконияти вужудга келган ҳозир¸ дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Марғилонлик Ҳамиджон аканинг айтишича, ҳозир ўзбекистонликлар¸ асосан¸ арзон пойафзалларни харид қилади. Четдан кириб келган сифатли ва қиммат молларга эса аҳолининг харид қуввати йўқ:

- Мен арзон пойафзал киймайман. Улар жуда чидамсиз. Оддий халқнинг жуда кўпи кияди лекин. Арзон¸ ҳаммаси қўлда тикилган. Бизда пишиқ чиқмаяптида. Бир мавсумга ҳам етмаяпти. Бир ойдаëқ очилиб кетади¸ дейди Ҳамиджон ака.

Унинг сўзларига кўра, қишлоқ аҳолиси, айниқса аёлларнинг асосий пойафзали ҳали ҳануз фақат калиш бўлиб қолмоқда.

- Қишлоқларда 90 фоизи калиш кияди¸ деса бўлаверади. Бир йилда иккита-учта киясиз. Туфлиларга қараганда арзонда. Ҳеч қаëққа бормайди¸ ўзининг уйида¸ қишлоғида. Шунинг учун калиш кияверади¸ дейди Ҳамиджон ака.

Иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов собиқ иттифоқ пайтида Ўзбекистонда чарм-пойафзал саноатининг бир мунча ривожлангани¸ бироқ сўнгги 10 йилда унинг йўққа чиққанини айта туриб¸ мустақилликдан сўнг Фарғонада ташкил этилган Ўзбекистон-Германия “Ўзсаламандр” қўшма корхонасини тилга олади. Кузатувчига кўра¸ бир муддат яхши ишлаб ўз харидорларини топган бу корхона кўп ўтмай номаълум сабаблар билан у ҳам фаолиятини тўхтатган.

- Пойафзал фабрикалари ва пойафзал ишлаб чиқаришнинг таназзулга юз тутиши ортидаги асосий сабаблардан бири¸ илгарилари қорамол сўйилганда¸ уларнинг териларини матлубот кооперацияси одамлардан олар эди.

Матлубот кооперациясига қарашли кушхоналардан тайëрлаб олинар эди. Натижада¸ уларнинг ўзида Ўзбекистонда қайта ишлаб¸ ҳақиқий¸ чинакам чарм пойафзал ишлаб чиқариш учун хом ашë қилинар эди.

Шу ерда айтиш керакки¸ матлубот кооперациясининг батамом йўқ бўлиб кетганлиги¸ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайëрлашнинг батамом йўқ бўлиб кетганлиги¸ чарм саноатининг таназзулга юз тутишига¸ йўқ бўлиб кетишига асосий сабаблардан бири бўлди¸ дейди иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов.

Иккинчи сабаб, Ўзбекистон енгил саноатида пойафзал ишлаб чиқаришга асосланган янги технологиялар кам қўлланди, қўлланилганлари ҳам ишлаб кета олмади¸ деб давом этади Маъруфжон Абдураҳмонов.

- Яхши маҳсулотни¸ яхши технологияни қўллаб¸ аъло сифатли товар ишлаб чиқаириш мумкин. Хом ашë ëмон бўлса¸ энг замонавий технология билан ҳам ҳеч қачон яхши нарсани чиқариб бўлмайди. Яхши хом ашë бўлиб¸ ëмон технологияни қўллайдиган бўлсак¸ у ҳам бўлмайди¸ дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Тошкент шаҳридаги Файзулла Хўжаев номли биринчи пойафзал ишлаб чиқариш бирлашмасига қўнғироқ қилиб, бораётган ишлар ҳақида сўрамоқчи бўлдик. Бироқ гўшакни кўтарган аëлдан бу корхона ўз фаолиятини аллақачон тўхтатганини билдик.

- Фабриканинг туриб қолганига яқин беш йил бўлди. Илгари роса кўп турли хил пойафзаллар ишлаб чиқариларди. Ҳозир эса ҳеч нарса йўқ, дейди биз билан суҳбатлашган аёл.

“Ўзбекчармпойафзал” ассоциациясига қўнғироқ қилиб, янги лойиҳалар ҳақда маълумот олишга уринганимизда¸ корхона бошлиғи ёрдамчисидан барча мутасадди шахсларнинг сафарга чиқиб кетганлигини эшитдик.

- Ҳозир бизнинг раҳбарият вилоятларга мажлисларга чиқиб кетган. Ëрдам¸ маслаҳат бўйича вилоятларда тушунтириш ишларини олиб боришаяпти¸ дейди бошлиқ ëрдамчиси.

“Ўзбекчармпойафзал” ўзбекистонликларни қачон сифатли маҳсулотлар билан таъминлайди, буниси ҳозирча номаълум. Лекин ўзбекистонликлар, Маъруфжон Абдураҳмонов айтганидек, ҳозирча Хитой моллари билан қаноат қилиб туришга тўғри келади:

- Мана ҳозир Хитойникини олаяпмиз. Жуда ҳам арзон. Нари борса икки-уч йилда етаяпти. Хитойликларники арзон бўлганлиги учун яхши.

Кескин вазиятда муаммони ўшалар ҳал қилиб турибди. Арзон бўлгани учун оламиз. Бир¸ бир ярим ойдан кейин тешилиб¸ йиртиладиган бўлса¸ бошқасини олиб кийиб кетаверамизда¸ дейди иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG