Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:56

Тошкент Москва ниятидан хавотирда


80-йилларда совет қўшинларининг Афғонистонга кириб боришида белгиловчи рол ўйнаган Термиз-Ҳайратон кўприги¸ бугун Каримовнинг Ғарб билан алоқаларидаги асосий кузир бўлиб қолмоқда.
80-йилларда совет қўшинларининг Афғонистонга кириб боришида белгиловчи рол ўйнаган Термиз-Ҳайратон кўприги¸ бугун Каримовнинг Ғарб билан алоқаларидаги асосий кузир бўлиб қолмоқда.

АҚШ ва НАТО давлатлари олдида аҳамияти яна оша бошлаганини ҳис қилаëтган Каримов ҳукумати¸ Россиянинг жиғига тегадиган¸ Ғарбга эса¸ хуш ëқадиган навбатдаги ҳаракатлар мавсумига киришди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Тезкор коллектив кучларини ташкил этиш режасини танқид остига олди.

Вазирликнинг 24 июн куни эълон қилинган баёнотида Тезкор коллектив кучларнинг ташкилотга аъзо давлатлар ички ишларига аралашиш воситасига айланиши мумкинлигидан хавотир билдирди.14 июн куни КХШТ нинг Москва саммитида президент Каримов мазкур кучлар таркибига киришдан бош тортган эди.

Расмий Тошкентнинг Афғонистонни барқарорлаштириш масаласида Ғарб давлатлари билан ҳамкорликни жадаллаштириш ниятида экани анчадан буён сир бўлмай қолди. Аммо Москва билан ҳамон ҳал бўлмаган ишлар қолмоқда ва улар Каримовни янги геосиёсий ўйин даврасини бошлашга ундаётгандай.

Каримовнинг янги геосиёсий ўйини марказида пул, давлат ва режим манфаатлари бор, дейди сиёсий шарҳловчиси Алишер Илҳомов.

- Покистонда вазият ёмонлашгани сабабли жаҳондаги қудратли давлатлар ва айниқса АҚШ нинг Афғонистонга эътибори янада кучайди. Ўзбекистон эса Афғонистонга кириш имконини берувчи энг барқарор йўлдир. Бундай вазиятдан Каримов ўзи учун имкони борича кўпроқ иқтисодий ва сиёсий фойда олмоқчи бўлаяпти¸ дейди Илҳомов.

Ўзбекистоннинг еру осмонидан Афғонистонга юк ўтказиш учун фойдаланишга розилик берган президент Каримов Ўзбекистонни Афғонистондаги иттифоқчи кучларга ёрдам берувчи минтақадаги етакчи давлатга айлантириш ниятида.

Афғонистонга АҚШ юкларини етказиб бераётган Навоий аэропортининг юк ўтказиш имкониятларини кўпайтириш мақсадида аэропорт реконструкциясига кўп миллион долларлик сармоялар ташланди.

Каримовнинг Германия ихтиёрида бўлган Термиздаги аэропортни пайшанба куни шахсан бориб кўриш режаси ҳам унинг Ғарб билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш ниятидан берилган навбатдаги даракчидир.

-Яхшилаб бир қарангларчи, Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтмасдан Афғонистонга юк транзитини қандай қилиб амалга ошириш мумкин? Яна баъзилар баландпарвоз баёнотларни қилиб, “Мана, биз тайёр, мана биз имзоладик ва ҳоказо”, дейишади.

Юклар қайси томондан келмасин, барибир Термизга келади ва албатта кўпригимиз орқали Афғонистонга ўтади, деган эди Каримов 25 феврал куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжумани давомида.

Юк транзитидан Ўзбекистон хазинасига тушаётган даромадларни расмий Тошкент сир сақламоқда. Бироқ Ғарб давлатларининг Каримов режимини танқид этишдан деярли тўхтагани кўпроқ намоён бўла бошлади.

Тасаввур қилиб кўринг, Термиз ва Навоийдаги икки аэропорт бутун мамлакат ташқи сиёсатининг кузирига айланди, дейди вазиятни тадқиқ этган журналист Деирдре Тайнан.

- Каримов ҳам¸ Европа Иттифоқи ҳам АҚШ тимсолидаги Ғарб таянчини қозонмоқчи. Бу таянч унинг ҳокимиятига легитимлик бериш баробарида, сармоя ҳам келтиради.

Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар таъминотига ёрдам берувчи асосий давлатга айланмоқчи бўлаётган Каримов ўз режимига нисбатан деярли барча танқидларни бостирди¸ дейди Деирдре Тайнан.

Ғарбга ён босиб, Россиянинг ҳарбий иттифоқчиликни кучайтириш ташаббусларига қарши чиқаётган расмий Тошкент ўзининг минтақадаги алоҳида ўринини Москва ҳам эътироф этишини истамоқда.

Ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенҳауэр фикрича, Москва ва Вашингтон ўртасидаги қарама-қаршиликлар асосида сиёсат юргизиш Марказий Осиёнинг барча раҳбарларига хос бўлиб қолди.

- Аввал АҚШ нинг Манас ҳаво базасини ёпишга қарор қилиб, Москва молиявий ёрдамини олган Бишкек¸ ўз қароридан қайтиб Вашингтондан ҳам пул ола бошлаётгани бундай сиёсатнинг самарали бўлиши мумкинлига яққон мисолдир, дейди Фелгенҳауэр.
XS
SM
MD
LG