Линклар

Поп-мусиқа қиролидан айрилди


50 ёшли Майкл Жексон жаҳонда тан олинган поп-мусиқа қироли эди.

50 ёшли Майкл Жексон жаҳонда тан олинган поп-мусиқа қироли эди.

Жаҳонга машҳур эстрада қўшиқчиси, суперюлдуз Майкл Жексоннинг пайшанба тунда 50 ёшида оламдан ўтгани унинг ер курраси бўйлаб сочилган миллионлаб мухлисларини ларзага солмоқда.

Майкл Жексон Лос-Анжелес касалхонасида беҳуш ҳолда олиб келинганидан кўп ўтмай¸ “юрак хуружи”дан кўз юмди.

Поп-мусиқа қиролининг ўлими сабаблари ҳақида расман 26 июн кунга белгиланган тиббий текширувдан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда.

Майкл Жексон 2006 йилда берган концертларидан кейин саҳнани тарк этган эди. Шифокорлар унинг кўплаб пластик жарроҳлик амалиётларидан кейин ёмонлашиб қолган соғлиғи юзасидан хавотир ола бошлаган эдилар.

Яқинда хонандада “тери саратони” касаллиги аниқлангани ҳақида хабар тарқалган эди. Бироқ Жексон вакиллари унинг мутлақо соғлом эканини айтиб, бунга раддия берган ҳамда яқин орада қўшиқчининг саҳнага қайтиши ҳақида билдирган эдилар.

- Мен яна мухлисларим эшитишни истаëтган қўшиқларни куйлайман. Бор гап шу. Ҳақиқатан ҳам¸ бори шу. Бу якундир. Бу сўнгги бор парданинг очилишидир¸ деган эди янги концерт дастури хабарини берган Жексон шу йил март ойида.

Хонанданинг келаси ой ўрталарида Лондонда "This is it" деб номланган 50 та концерт бериши белгиланган ва бу концертлар билети рекорд тезлик билан саноқли соатлар ичида сотиб бўлинган эди. Лондон концертлари билан Жексон саҳна ва мухлислари билан хайрлашмоқчи эди.

Жума куни Майкл Жексон ўлимидан хабар топган мухлисларнинг аксари¸ буни шунчаки совуқ ҳазил¸ деб қабул қилишди.

- Ўртоқларимдан бири SMS ëзиб¸ унинг ўлганини хабар қилди. Бунга бирданига ишониш қийин бўлди. Мен ҳалигача бу хабардан ўзимга келолганим йўқ ва нима дейишимни ҳам билмайман. У дунëдаги энг зўр қўшиқчилардан бири эди¸ дейди ўрта ëшли ню йорклик Роки.

Майкл Жексон саҳнадаги фаолияти Jackson 5 гуруҳи таркибида бошлади. Бу гуруҳ таркибида ака-укалари билан бирга куйлаган Майкл 1971 йилдан бошлаб яккахон ижрога ўтди.

Унинг Thriller (1982), Bad (1987) ва HIStory (1995) албомлари дунёда энг кўп тарқалган албомлар сирасига киради. Ҳамма замон ва маконларда энг кўп сотилган диск сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилган Thriller албоми 65 миллион нусхада сотилган. Умуман эса, Жексон альбомларининг 750 миллион нусха сотилгани айтилади. Хонанда 13 маротаба Грэмми мукофотига сазовор бўлган.

Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан бошлаб Майкл Жексоннинг саҳна фаолияти иккинчи планга ўтиб қолди, биринчи планга эса уни баччабозликда айблаш, қўшиқчининг ғайриодатий қилиқлари, муттасил ўзгариб бораётган қиёфаси ва соғлиғига оид жиддий муаммолар билан боғлиқ жанжаллар чиқиб қолди.

2005 йилда беш ой давом этган суддан кейин у жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборини яна ўзига жалб қилди. Ўшанда хонанда молиявий қийинчиликни бошидан кечираётгани, ҳатто хонавайрон бўлиш арафасида экани ҳақида хабарлар тарқалди.

2008 йилнинг 21 ноябрида эса Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги Британиянинг Sun газетаси маълумотига таянган ҳолда, Майкл Жексоннинг Ислом динини қабул қилгани ва ўз исмини ўзгартиргани ҳақида хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, Лос-Анжелесдаги дўстининг уйида “Қуръонга содиқ бўлиш ваъдаси”ни берган Жексон шаҳодат калимасини айтганидан кейин Оллоҳнинг тўрт улуғ фариштасидан бири – Микойил исмини қабул қилган.

Майкл Жексоннинг Ўзбекистонда ҳам мухлислари кўп эди. Унинг Thriller ва Bad албомига кирган қўшиқлари 80-90-йиллар ёшлари орасида маълум ва машҳур эди.

Унинг қўшиқларини Ўзбекистоннинг катта шаҳарларидаги кўнгилочар жойларида – ресторан, каҳвахона ва барларда эшитиш мумкин эди. Ўзбек эстрада қўшиқчиларидан бир нечтаси Жексон куйларига ўзбекча сўз қўйиб куйлаган, дискотекаларда эса Майклнинг “ой юриши”га тақлид қилувчилар кўпайиб кетганди.

Майкл Жексон 51 ёшга киришига икки ой қолганда вафот этди.

Майкл Жексондан Майкл Джозеф Джексон, Пэрис Майкл Кэтрин Джексон ва Принц Майкл Джэксон II исмли уч фарзанд қолди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG