Линклар

logo-print

Миллий ярашувга 12 йил тўлди

  • Гулнора Равшан

Бирлашган тожик мухолифати етакчиси Саид Абдуллоҳ Нурий ярашув битимига имзо чекмоқда.

Бирлашган тожик мухолифати етакчиси Саид Абдуллоҳ Нурий ярашув битимига имзо чекмоқда.

1997 йили Ваҳдат ёки Миллий ярашув тўғрисида Тожикистон расмий ҳукумати ва мухолифат вакиллари ўртасида имзоланган келишув тожиклар диёридаги қонли тўқнашувларга якун ясади.

Аммо ўша мудҳиш урушнинг бевосита гувоҳлари бўлган суҳбатдошларимиз биродаркушлик уруши асоратлари тожикистонликлар хотираларида муҳрланиб қолганини ва уни унутиш қийинлигини айтишади.

Амина исмли суҳбатдошимизнинг эслашича, Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятининг Вахш тумани 1992 йили фуқаролик урушининг ўчоғи саналар эди.

- Ўша йилнинг августида укамнинг тўйи эди. Айни тўй устида танк тўпи қишлоғимизнинг қоқ ўртасига келиб тушди. Меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам тўйни ташлаб ҳар томонга қочдик. Бир неча кун пахтазорларда яширингандан сўнг, Афғонистонга қочиб ўтдик.

Биз билан у томонга ўтганларнинг кўпчилиги болали аёллар, ёш гўдаклар эди. Қочиб ўтишга уринганлардан айримлари сувга оқиб ҳалок бўлди. Шу орада укам ном-нишонсиз йўқолди. Нақадар даҳшатли эди ўша кунлар... У кунлар ҳеч кимнинг ёдидан чиқмайди, дея хотирлайди Амина.

Суҳбатдошимиз Афғонистондаги уч-тўрт йиллик ҳаётини эслашни ҳам истамайди.

Қўрғонтепалик суҳбатдошимиз Ҳожиқаландар Садриддинзода тожиклараро низо боис мамлакат аҳолисининг жуда катта қисми Афғонистондан ташқари МДҲнинг бошқа мамлакатларидан бошпана излаб кетгани ва уларнинг кўпчилиги шу кунга қадар ватанга қайтмагани, айримлари эса ном-нишонсиз йўқолиб кетганини айтади.

- Биргина Бохтар туманидан 160 мингдан ортиқ киши, Вахш ва Қўрғонтепа туманларидан эса бундан ҳам кўпроқ одам муҳожир бўлиб кетди. Мана шу кунга қадар ватанга қайтмаган, ўзга юртда сарсон-саргардон бўлиб юрган ватандошларимиз анчагина, дейди суҳбатдошимиз.

Садриддинзода миллий ярашув тўғрисида имзоланган келишувнинг асосий бандларидан бирида ватанни тарк этган фуқароларни уйларига қайтариш ва уларга уй-жойларини қайтариш кўрсатиб ўтилганига қарамай, буларнинг ҳаммаси қоғозда қолиб кетгани, тожик расмийлари бу масалани унутганини айтиб куйинди.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Зуҳрахон ички низолар чоғида қўшни Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига қочиб ўтганида 13 ёшда бўлганини айтади.

- Отам билан бирга армияда хизмат қилган ўртоғининг икки хоналик уйида 40 киши яшадик. Роса қийин кунлар эди. Эрталаб нонуштага бир бурда нону озгина шакар эди. Томатсиз овқатлар ердик. Ҳатто тузни тежардик. Ўзбекистон давлат органлари ҳар қадамда текшириб, шаҳардан чиқиб кетишимизни талаб қилишар эди, дейди Зуҳро.

Суҳбатдошимиз бугун ўз юртида тинчлик ўрнатилганидан шукр қилар экан, “урушнинг совуқ юзини ҳеч қачон кўрмайлик” дея тилак тилайди.

Унинг қўшниси Нигорахон Ваҳдат байрами тожикистонликлар учун энг қадрли байрамлардан эканини, чунки бу сана ўзларига хотиржамлик, осойишталик олиб келганини таъкидлайди.

- Мана, ўз юртимизда эмин-эркин яшаяпмиз. Ҳукумат ер бераяпти, “экин экинглар, тирикчилик қилинглар” деб. Кўчаларимиз, маҳаллаларимиз обод, болалар учун ҳамма шароитлар бор. Бу Ваҳдатнинг шарофати, дейди 90-йиллар сўнгига қадар Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳрида муҳожир бўлиб яшаган Нигорахон.

Айни пайтда ¸Душанбе шаҳрида Ваҳдат миллий ярашув байрамига бағишланган тантаналар бошланиб кетган. Шаҳар истироҳат боғлари одамлар билан гавжум. Байрам кайфиятидаги тожикистонликларнинг кўпи бугун ўша мудҳиш уруш кўргиликларни эсламасликка уринадилар.
XS
SM
MD
LG