Линклар

logo-print

Майклни ўзбеклар ҳам севардилар

  • Абдулла Искандар

Шу кунда дунёнинг турли бурчакларида - Америка, Европа, Осиё, Африкада бетакрор поп-юлдуз Майкл Жексон хотирланмоқда.

Шу кунда дунёнинг турли бурчакларида - Америка, Европа, Осиё, Африкада бетакрор поп-юлдуз Майкл Жексон хотирланмоқда.

Жаҳонга машҳур поп-мусиқа қироли Майкл Жексоннинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни қўшиқчининг турли мамлакатларидаги мухлислари каби ўзбекистонлик қўшиқ шинавандалари ҳам қайғу билан қарши олдилар.

Жума куни Майкл Жексон ўлимидан хабар топган мухлисларнинг аксари¸ буни шунчаки совуқ ҳазил¸ деб қабул қилишди.

Жексоннинг ўзбекистонлик мухлиси Нилуфар бу хабарга аввалига ишонмаганини айтади.

- Эрталаб машинада ишга кетаëтган эдик. Радиодан эшитиб, бошида ишонмадим. Кейин бошқалардан ҳам эшитдим.

Шунақа одам дунëдан кўз юмганига ачиндим. У жуда кўп қийинчиликларни кўрди¸ аммо ўзи хоҳлаган нарсаларга эришди¸ дейди Нилуфар.

У Майкл Жексон қўшиқларини айниқса тўқсонинчи йилларда берилиб эшитарди.

- Ëшлигимда¸ мактабда ўқиб юрган пайтларимда эшитардим. Бизлар ëш бўлган пайтимизда¸ унинг ашулалари роса хит бўлган. Унинг ашулаларини эшитардик¸ ўйинга тушардик.

У бир пайтлар жуда катта юлдуз бўлган. У жуда кўп қийинчиликлардан¸ ҳар хил судлардан¸ ҳар хил айбловлардан ўтди. Албатта, унга ачинаман¸ дейди Нилуфар.

Майкл Жексоннинг Ўзбекистонда ҳам муҳлислари кўп эди. Унинг “Thriller” ва “Bad” албомига кирган қўшиқлари 80-90-йиллар ёшлари орасида маълум ва машҳур эди.

Ўзбекистонлик ëзувчи Улуғбек Ҳамдам гапиради.

- Майкл Жексон исми албатта таниш. Бир зиëли сифатида¸ бир шинаванда сифатида таниймиз. Жуда кўп бўлмаса ҳам¸ иккита-учта машҳур қўшиқларини эшитардим. Эшитса бўларди. Мен ҳар ҳолда ëқтирган эдим.

Унинг ўйинлари фавқулодда бир революция қилган эди. У қўшиқчилик санъатида қанақадир бир инқилоб қилган¸ қанақадир бир босқични вужудга келтирган улкан санъаткор эди. Бунга шак-шубҳа йўқ.

Унинг қўшиқчилик соҳасида қилган ишларини¸ меҳнатини қадрлайман ва қадрланиши керак, деб ҳисоблайман. Албатта¸ мен унинг шахсий¸ ахлоқий тарафларига жуда чуқур кирганим йўқ ва у томонларини баҳоламайман ҳам. Уни баҳолаш менинг вазифамга кирмайди.
Мен бир зиëли сифатида унинг қўшиқларини қадрлайман¸ аммо ҳаммасини ҳам эмас. Бир ўзбек сифатида¸ шарқнинг фарзанди сифатида¸ шарқ зиëлиси сифатида унинг оҳангларининг ва рақсларинин ҳаммаси менинг юрагимга ëқиб тушавермас эди. Аммо ëқадиганлари ҳам бор эди.

Дунëда оҳанг ва сурат таржима қилинмайди. Бу санъат турлари таржимага эҳтиëж сезмайди. Шу маънода таржимасиз юракка кириб келган қўшиқлари¸ оҳанглари борлигини эътироф этаман.

Унинг шахсий¸ ахлоқий тарафлари бу бошқа масалалар. Энди Худо ëрлақасин¸ охирати обод бўлсин¸ гуноҳлари енгил бўлсин. Албатта жойи жаннатда бўлсин деймиз¸ дейди ўзбекистонлик ëзувчи Улуғбек Ҳамдам Майкл Жексон вафотига муносабат билдирар экан.

Майкл Жексон саҳнадаги фаолияти Jackson 5 гуруҳи таркибида бошлади. Бу гуруҳ таркибида ака-укалари билан бирга куйлаган Майкл 1971 йилдан бошлаб яккахон ижрога ўтди.

Унинг Thriller (1982), Bad (1987) ва HIStory (1995) албомлари дунёда энг кўп тарқалган албомлар сирасига киради. Ҳамма замон ва маконларда энг кўп сотилган диск сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилган Thriller албоми 65 миллион нусхада сотилган. Умуман эса, Жексон альбомларининг 750 миллион нусха сотилгани айтилади. Хонанда 13 маротаба Грэмми мукофотига сазовор бўлган.

Америкалик мусиқашунос Соломон Волков гапиради.

- Мен Майкл Жексон мукофот олганини ўз кўзим билан кўрувдим. Унга минг йилликнинг энг илғор қўшиқчиси деган унвон беришган эди. Жексон ҳам¸ унга мукофот берганлар ҳам бу борада жиддий эдилар.

Аммо мен бошқача фикрдаман. Жексон минг йилликнинг ашулачиси эди¸ дея олмаймиз. Уни кейинги "100 йилликнинг муҳим қўшиқчиси" ҳам дея олмаймиз.

Майкл Жексон 1980 йиллар Америка поп-мусиқасини ўз санъати орқали ëрқин намоëн қилган энг муҳим қўшиқчи десак тўғри бўлади¸ дейди америкалик мусиқашунос Соломон Волков.

Волков назарида¸ Жексон санъатида қўшиқ ва овоздан кўра хореография кучли ўрин тутган.

- У бизнинг хотирамизда ҳаракатланаëтган раққос сифатида муҳрланиб қолади. Чаққон ва нозик ҳаракатлар¸ кўтарилиб тушаëтган елкалар¸ олифта қадам ташлаëтган оëқларнинг ногаҳоний ҳаракати.

У худди қабариқ қўғирчоқ каби ўта кутилмаган ҳаракатлар қилар эди. Бу қилиқларга тақлид қилувчи муқаллидларнинг икки авлоди яшамоқда¸ дейди Волков.

Жексон қўшиқларини Ўзбекистоннинг катта шаҳарларидаги кўнгилочар жойларида – ресторан, каҳвахона ва барларда эшитиш мумкин эди.

Ўзбек эстрада қўшиқчиларидан бир нечтаси Жексон куйларига ўзбекча сўз қўйиб куйлаган, дискотекаларда эса Майклнинг “ой юриши”га тақлид қилувчилар кўпайиб кетганди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан бошлаб Майкл Жексоннинг саҳна фаолияти иккинчи планга ўтиб қолди, биринчи планга эса уни баччабозликда айблаш, қўшиқчининг ғайриодатий қилиқлари, муттасил ўзгариб бораётган қиёфаси ва соғлиғига оид жиддий муаммолар билан боғлиқ жанжаллар чиқиб қолди.

2005 йилда беш ой давом этган суддан кейин у жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборини яна ўзига жалб қилди. Ўшанда хонанда молиявий қийинчиликни бошидан кечираётгани, ҳатто хонавайрон бўлиш арафасида экани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мусиқашунос Волков гапиради.

- У қолдирган мусиқий меросдан кўра унинг ҳаëт тарзи кўпроқ қизиқроқ. Мусиқачи Жексондан кўра мардум Жексонга қизиқиш кўп бўлди.

Бу одамга ëпишган фожеий сурат мазмуни мана бундай: у камбағалликдан бойликкача кўтарилди¸ шуҳрат таъмини тотди¸ ўзи чиққан шуҳрат шоҳсупасидан қулар экан, мавқеини қайтариш учун тиришди¸ аммо у бу курашни бой берди¸ дейди америкалик мусиқашунос Соломон Волков.

Майкл Жексон 51 ёшга киришига икки ой қолганда вафот этди.

Мусиқачининг барвақт оламдан ўтиши¸ албатта мистик мулоҳазалар учун манба бўлади¸ дейди Волков.

- Одам 50 ëшида дунëдан ўтар экан¸ барча бунга бир сўфиëна назар билан қарайди. 50 йил худди умрнинг ярмидай кўринади. "Бу одам ярим умрини яшабди-я" деган фикрга толасан¸ дейди Соломон Волков.

Барвақт ўлим Майкл Жексон шуҳрат гулчамбарини алвон лента каби безайди. Албатта Майкл Жексон нафақат Америка¸ балки 20 аср жаҳон поп-мусиқаси тарихида қолади.
XS
SM
MD
LG