Линклар

logo-print

Обама Мусавийни мақтади


АҚШ президенти Барак Обама Эронни ҳалқаро ҳамжамиятга очиб беришга интилган эронликларни илҳомлантиргани учун ислоҳотчи номзод Мир Ҳусайн Мусавийни мақтади.

Жума куни Вашингтонда Германия канцлери Ангела Меркел билан учрашган Барак Обама ўз таъбири билан айтганда, расмийлар қувватлови билан рўй берган зўравонликларга қарши чиққан намойишчиларнинг қаҳрамонлигини ҳам тилга олди.

- Канцлер Меркел ва мен Эронда рўй берган воқеалар, жумладан, ўз фуқароларига қарши қаратилган зўравонликларни қабул қилиб бўлмайди, деган фикрда якдил бўлдик. Биз Эрон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳалқаро тамойиларга содиқ қолишга чақирамиз, деди Оқ уй раҳбари.

Айни пайтда Эрондан келаётган хабарларга кўра, расмийлар мамлакат бўйлаб юзлаб мухолифатчи, журналист, профессор ва талабаларни ҳибс этиб, намойишга чиқиш иштиёқида бўлган фуқароларнинг руҳини синдиришга муваффақ бўлган.

Маълум бўлишича, қўлга олинганларнинг аксари кейинчалик озод қилинган.

Жума куни эса президент Аҳмадийнажод тарафдори бўлган уламо Оятуллоҳ Аҳмад Ҳотамий ҳукуматдан Теҳрондаги намойишлар ташкилотчиларини қаттиқ жазолаш, жумладан, уларга ўлим жазоси берилишини талаб қилди.

Эрон Посбонлар кенгаши, ўз навбатида, 12 июн куни ўтказилган президентлик сайловида ҳеч қандай жиддий қонунбузарчилик қайд этилмаганини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG