Линклар

Каримов мухбирларга тавсия берди


Ўзбекистонлик журналистлар президент Каримовнинг табрик нутқида қайд этилган профессионал фаолиятни амалга ошириш учун мамлакатда барча имкон эшиклари беркитилганини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистонлик журналистлар президент Каримовнинг табрик нутқида қайд этилган профессионал фаолиятни амалга ошириш учун мамлакатда барча имкон эшиклари беркитилганини таъкидламоқдалар.

Ўзбек журналистларини касб байрами билан қутлаган президент Ислом Каримов уларни эски қолиплардан воз кечишга чақирди, аммо журналистлар буни навбатдаги декларатив баёнот, дея қабул қилмоқдалар.

Президент Ислом Каримовнинг ўзбек журналистларининг касб байрамлари муносабати билан ёйинланган нутқи “Ватан тараққиётини таъминлаш, жамият олдида турган юксак мақсадларга эришиш” йўлида заҳмат чекаётган ўзбек журналистларини қутлаш билан бошланади.

Эришилган ютуқларни санаш баробарида Ислом Каримов журналистларни ўз ишига танқидий нуқтаи назар билан ёндошишга чақиради.

“Ўзингиз айтинг, журналист меҳнатининг қадрини, бу борада қобилият ва ижодий маҳоратнинг қанчалик зарурлигини яхши биладиган, ҳар бир мақола, ҳар бир эшиттириш ёки кўрсатув учун кўз нури, юрак қўрини бағишлаб яшайдиган инсонлар соҳадаги ютуқ ва камчиликларга холисона ва танқидий баҳо бермаса, бошқа ким ҳам баҳо бериши мумкин?” дея савол ташлайди Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти журналистларни итоатгўйликдан қутулишга, ноқобил раҳбарларни танқид қилишдан қўрқмасликка, демакки, ўз-ўзини цензура қилишдан халос бўлишга даъват қилади.

“Биз эскидан қолган, қўл-оёғимизни кишандек боғлайдиган баъзи бир қолиплардан, овозимизни баралла қўйишга халақит бераётган номаъқул қарашлардан, мухтасар қилиб, ўзбекона қилиб айтганди, андишани нотўғри тушуниш, ўзини ўзи назорат қилиш каби ҳолатлардан воз кечиш зарур”, дейди Ўзбекистон президенти журналистларга мурожаат қилар экан.

Айни пайтда Ислом Каримов “матбуотда бундай кескин мавзуларни кўтариб чиқиш, уларни холис ва ҳаққоний ёритиб бериш учун инсонда аввало катта юрак, воқеликка фаол муносабат, қатъий ҳаётий принциплар бўлиши керак”лигини ҳам қайд этиб ўтади.

Хоразмлик тележурналист Гулбаҳор Рўзиматова президент табригини ва ундаги мурожаатни хурсандчилик билан қабул қилганини айтади.

- Юртбошимизнинг гаплари ҳаммаси тўғри. Лекин шу президентимиз айтганидек, жасоратли журналист бўлиб етишиш учун ҳаракат қиласан-у, аммо бунга эришиш қийин. Ҳатто бирор мавзуда танқидий кўрсатувлар ҳам тайёрлайсан. Лекин ўзингдан юқорида турган раҳбарият бунга йўл бермайди.

Биз шунақа танқидий кўрсатувни тайёрлаб, эфирга бермоқчи бўлган пайтимизда бизни ҳамма вақт тўхтатиб қўйишади. Ўзимизнинг раҳбарият, журналистлар уюшмаси, ўзимизнинг телевидениенинг раҳбарларига бу каби танқидий мавзудаги кўрсатувлар ёқмайди.

Лекин Ўзбекистон бўйича оладиган бўлсак, пойтахт Тошкентда ишлаётган журналистлар учун балки бизга нисбатан осон бўлиши мумкин. Бироқ вилоятларда ижод қилаётган биз каби журналистларга ҳақиқатни ёритиш жуда қийин. Бунга йўл қўйишмайди, дейди Гулбаҳор Рўзиматова.

Аммо Тошкентда фаолият кўрсатаётган журналист йигит ҳам пойтахт оммавий ахборот воситаларидаги аҳвол вилоятлардагидан яхшироқ эмаслигини айтади. Айни пайтда у журналистлар байрами муносабати билан президент кўтарган масала бундан олдинги касб байрамларида ҳам айтилганини эслатади.

- Лекин бу гапларнинг ҳаётдаги ижроси ҳеч қачон бўлмайди. Чунки бир нарсани эътиборга олишимиз керак, ҳар битта нарса дунёда яшаши учун унга бир ҳаво керак бўлади. Хусусан, эркинликни яшаши учун ҳам, жамиятда бир соғлом “ҳаво” керак.

Бугунги кунда “мана сенга матбуот эркинлиги, мана сенга демократия” деб бизнинг жамиятимизга ана шу эркинликни, ана шу демократияни киритиб юборса, у яшай олмайди бунақанги бир биқиқ муҳитда. Коррупция ботқоғига ботиб қолган бизникидай бир жамиятда эркинликнинг яшаши жуда ҳам қийин. Бунинг учун бир шарт-шароит ва муҳит керак.

Ваҳоланки, президент табригида айтаётган гаплар янгилик эмас. Президент айтаётганидай цензура йўқлиги, матбуотнинг эркин эканлиги, ҳар битта шахс фикри эркин ва дахлсиз эканлиги бу ҳужжатлаштирилган. Бу Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларида ўз аксини топган. Лекин бунинг ижроси бўлмаганидан кейин бундай баландпарвоз гап кимга ҳам керак?

Биз табрикдаги бу гапларни одатдагидек ҳиссиз бир тарзда қабул қилдик, деди журналист йигит.

Ўзбекистон президенти табриги мазмуни билан танишган ўзбекистонлик журналистларнинг айримлари унда долзарб муаммолар кўтарилганини эътироф этадилар. Бироқ, улар фикрича, президентнинг гаплари унинг сиёсий иродаси маҳсули бўлмай, жаҳон ҳамжамияти кўзини бўяш учун амалга оширилаётган ишдир. Хусусан, мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов президент табриги ва мурожаатини лўттибозлик сифатида баҳолайди.

- Бу бир анъанавий табрик. Ўн беш йилдан буён президент Ислом Каримов худди шундай мазмундаги табрик йўллайди. Лекин оммавий ахборот воситаларида ишлаган ходимлар бу гапларнинг қанчалик носамимийлигини жуда яхши билишади.

Бу гаплар журналистларни изза қилиш учун, уларнинг ғурурини йилдан-йилга ўлдириб бориш учун айтилаётгани журналистлар яхши билади. Чунки у ёқдан матбуотнинг иплари шунақанги тортилганки, у ерда умуман бош буришнинг иложи йўқ.

Мен ўзим маҳаллий газеталардан бирида ишлаганим учун ҳақиқий ҳолатдан яхши хабардорман. Мана, масалан, газета муҳаррирлари табрик йўллаётган президентнинг давлат маслаҳатчиларининг бевосита назорати остида. Бирорта ҳам мақола уларнинг назоратисиз чиқиб кетмайди.

Шунчалик у ерда назорат кучлики, масалан, ҳар битта муҳаррир давлат томонидан ҳукумат телефонлари билан таъминланган, ҳар биттасига машиналар берилган. Ҳар куни президент аппарати билан қўнғироқлашиб, ёки улар ҳузурига бориб маслаҳатлашиб турилади.
Шунинг учун президент табриги орқали журналистларни қанчалик жасоратга ундамасин, қанчалик профессионализмга ундамасин, лекин оммавий ахборот воситаларида ишлаётган ходимлар бу гапларнинг барчаси лўттибозлик эканлигини жуда яхши билади, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Аксар журналистлар ҳушига унча ўтирмаган президент нутқидан келиб чиқадиган бўлсак, “агар бундан ўн беш йил олдин Ўзбекистонда 475 та оммавий ахборот воситаси бўлган бўлса, бугунги кунда бу рақам 1110 тани ташкил этмоқда. Уларнинг 600 дан зиёди вилоятларда фаолият кўрсатмоқда”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG