Линклар

Аушев Ингушетияга қайтишга тайёр

  • Фаррух Юсуфий

Таниқли генерал Руслан Аушев Ингушетияни 1992 йилдан 2002 йилгача бошқарган.

Таниқли генерал Руслан Аушев Ингушетияни 1992 йилдан 2002 йилгача бошқарган.

Ингушетиянинг президенти Юнусбек Евкуровга суиқасд уюштирилганидан кейин у ердаги вазият таранглашиб бораётган бир пайтда бу мамлакатнинг собиқ президенти Руслан Аушев амалдаги президент тузалиб кетгунча ҳукуматни вақтинча бошқариб туришга ҳозир эканини айтмоқда.

Генерал Аушев ҳозирда Москвада яшаса-да, ўз ватанида ҳали ҳам обрўли сиёсатчидир.

Айни пайтда қўшни Чеченистоннинг президенти Рамзан Қодиров Ингушетияда тартиб ўрнатиш вазифаси ўзига топширилганини иддао қилмоқда. Ҳозирча Кремл бу борада сукут сақлаяпти.

Руслан Аушев Озодлик радиосига интервью бериб, Евкуровга уюштирилган суиқасддан кейин Ингушетияда вужудга келган вазият ва ўзининг кейинги баёнотларига оид фикрлари билан ўртоқлашди.

Руслан Аушев: Юнусбекка суиқасд уюштирилганидан кейин вужудга келган вазиятда, Ингушетияга алоқадор ҳар қандай шахс, айниқса¸ Ингушетиянинг биринчи президенти сифатида мен ҳам бу вазиятга ўз муносабатимни билдиришим лозим эди.

Чунки мавжуд вазиятда республиканинг раҳбарсиз қолгани жуда салбий ҳолат эканини ҳамма тушунади. Ва "Руслан (Аушев) бу ҳақда нима дейди?" деган саволлар пайдо бўлиб, менга бу ҳақда мурожаат қилишганидан кейин мен ўзим учун қандайдир қарор қабул қилишим керак эди.

Устига устак, биласиз, Ингушетияга ёрдам берадиганлар (Чеченистон президенти Рамзан Қодировни назарда тутаяпти – таҳр.) ҳозир кўпайиб қолган. Шундан кейин мен республикага қайтишга тайёрлигимни айтдим.

Агар мендан қайтишимни сўрашса, мен тайёрман. Агар республиканинг амалдаги раҳбарияти ўз олдига қўйилган вазифалар уддасидан чиқа олади, дейдиганлар бўлса, бош устига.

Озодлик: Чеченистон президенти Рамзан Қодиров сизнинг баёнотингизга муносабат билдириб, бундай баёнот учун ҳеч қандай юридик асослар йўқлигини таъкидлади. Бундан ташқари, у Ингушетия билан Чеченистон республикалари чегарасида жангариларга қарши курашни бошқаришга тайёр эканини баён қилди. Унинг бу вазиятдаги ролини қандай баҳолайсиз?

Руслан Аушев: Қодировнинг бу масала билан шуғулланиш учун қандай юридик асослари бор ўзи?

Бу на конституция ва на бошқа қонунларга мос келади. Шунинг учун бу Қодиров қабул қиладиган қарор, деб ҳисобламайман.

Афтидан¸ у ёш бўлгани учун бироз эҳтиросга берилаётган бўлиши мумкин, лекин унга бу нимага керак бўлиб қолганидан ҳайронман.

Ингушетия билан Чеченистон ўртасида чегара бор ва у чегаранинг нарёғида ўз ишлари билан машғул бўлгани яхши бўларди.

Ингушетия президенти вазифасини вақтинча бажараётган шахс ва унинг одамлари эса ўз ишини бажаргани маъқул бўларди.

Озодлик: Бунинг ортида узоқни кўзловчи мақсад, яъни икки республикани бирлаштириш нияти борлиги ҳақида фикрлар айтилмоқда. Бунга нима дейсиз?

Руслан Аушев: Ингушетия билан Чеченистонни бирлаштириш ҳақида кўп гаплар бор. Албатта, ингушетияликлар учун бу ўзига хос бир сигналдир.

Бу миш-мишлар анча йиллардан бери - мен ҳали президент эканимдан бери юради. Ўша пайтларда Чеченистондаги вазият ёмон, Ингушетияда эса барқарорлик эди ва Чеченистонни Ингушетияга қўшиш ҳақида гап борар эди.

Ҳозир эса аксинча¸ Ингушетияни Чеченистонга қўшиш ҳақида кўп гаплар бўлаяпти. Бу гаплар ҳамманинг жонига тегиб бўлди. Ингушетия буни ҳеч қачон қабул қилмайди.

Чеченистонга нисбатан биродарлик ҳурматимиз бўлишига қарамасдан, мен ҳам бу ҳақда кўп гапирганман, ҳатто Кремлнинг раъйига тўлиқ бўйсунган Зязиков ҳам бунга қарши чиққан.

Бу ҳақда Юнусбек (Евкуров) ҳам кўп гапирган. Албатта, бундай ниятлар борлиги рост бўлиши мумкин. Лекин федерал ҳукумат, агар бундай бирлаштириш амалга оширилса, вазият назоратдан чиқиши мумкинлигини яхши тушунмаяпти чоғи.

Менинг бу гап-сўзлар ортида федерал марказга бўйсинувчи кучлар тургани ва бу мақсадларда Қодировдан фойдаланаётганига оид шубҳаларим бор.

Шу пайтгача Россиянинг Кавказдаги сиёсатини тушуна олганим йўқ. Мен Кавказдаги жараёнларга 1992 йилдан бери боғланиб қолган бўлсам-да, Кавказдан нима исташаётганини ҳалигача тушуна олмайман.

Ҳамма тинчлик ҳақида гапиради-ю, лекин қилинаётган ишлар вазиятнинг ёмонлашишига олиб келаяпти, холос.

Озодлик: Сиз генералсиз. Агар Ингушетияга қайтадиган бўлсангиз, бу омиллар, яъни куч ишлатиш билан мулоқот ўртасидаги мувозанатни қандай ушлайсиз?

Руслан Аушев: Мен бу ҳақда кўп хаёлпарастлик қилмоқчи эмасман. Мен 10 йил президент бўлганман ва ўтказган сиёсатим асосан халққа таянган эди.

Агар сен ўз халқинг билан бўлсанг, ҳаммаси жойида бўлади. Агар федерал ҳукуматга Зязиков давридаги каби, унинг қулоғига ёқадиган гаплар керак бўлса, вазият нима билан тугаганини кўриб турибсиз.

Очиқ айтиш керак, мавжуд вазият, хусусан Евкуровга суиқасд уюштирилгани ҳам Зязиков юритган сиёсатнинг оқибатларидир. Чунки унинг сиёсати ёлғонга қурилган эди.

Республикада коррупция авжига чиққанини ҳамма биларди. Евкуров Зязиков қолдириб кетган ахлатни тозалаётган эди. Балки унга суиқасд уюштирилганининг сабабларидан бири ҳам шундадир.

Озодлик: Сиз Евкуров билан тез-тез гаплашиб турармидингиз?

Руслан Аушев: Йўқ, у бир неча марта олдимга келган эди. У ўзини ҳарбийларча таништирганди, лекин биз вайнахлар одатига кўра гаплашгандик.

Мен уни катта лейтенантлигидан бери танийман ва унга Россия қаҳрамони унвони берилганида¸ уни олқишлаган эдик.

Озодлик: Бугунги вазиятда Ингушетияга қайтишдан чўчимайсизми?

- Мен бир нарсадан - юзим шувут бўлишидан чўчийман¸ дейди Ингушетияни 1992-2002 йилларда бошқарган Руслан Аушев.
XS
SM
MD
LG