Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:33

Олтинтопганни Хитой сотиб олди


Хитой раҳбари Ху Цзин Тао (чапда) ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон (ўнгда) хитой-тожик иқтисодий муносабатларини ривожлантириш борасидаги ҳужжатларни имзоламоқдалар.
Хитой раҳбари Ху Цзин Тао (чапда) ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон (ўнгда) хитой-тожик иқтисодий муносабатларини ривожлантириш борасидаги ҳужжатларни имзоламоқдалар.

Хитой ширкати кўп йиллардан бери Ўзбекистон ижарасида бўлган Тожикистондаги Олтинтопган кон бойитиш комбинатини 2,5 миллион доллар эвазига сотиб олди.

Сўғд вилояти ҳокимлиги матбуот маркази раҳбари Илҳом Жамолиённинг айтишича, Ўзбекистон томони ижара ҳақини пасайтиришни сўрагани, Тожикистон эса бунга рози бўлмагани сабабли Олтинтопган кон бойитиш комбинати бир неча йил давомида ишламаган.

- Сўнгги йилларда мазкур корхонани қайта ишга туширишга АҚШ ва Россия сармоядорлари қизиқиш билдирган эди. Бироқ манфаатлар тўғри келмагани боис, улар билан шартнома тузилмади.

Мана шундай вазиятда Хитойнинг “China Global New Technology Export & Import” кампанияси қисқа муддатда амалий таклифлар киритиб, кимошди савдосида ғолиб чиқди.

Хитой тарафи бу конни 2, 5 миллион долларга сотиб олди. Шунингдек, корхонани қайта қуриш ишларига 30 миллион доллар маблағ сарфланди.

Мазкур корхона Пойбулоқ ва Зарнисор конларидан қазиб олинган рудани қайта ишлаб, қўрғошин ва руҳ ишлаб чиқаришни бошлади.

Комбинат бир йилда бир миллион тонна хом ашё ишлаб чиқариш қувватига эга, - дейди Илҳом Жамолиён.

Расмий маълумотларга кўра, комбинатда 283 киши меҳнат қилади. Уларнинг 221 нафари Хитой халқ республикаси фуқароларидир.

Зарнисор руда кони илгари Ўзбекистон томонидан ижрага олинган эди. Бу корхона Олмалиқ тоғ кон бойитиш комбинатига хом ашё етказиб берган.

- Таркибида қўрғошин ва рух моддалари кўп бўлган Зарнисор табиий қазилмалари собиқ иттифоқ пайтида Тожикистонга қўшни булган Ўзбекистоннинг Олмалиқ шаҳридаги тоғ-кон металлургия комбинатига тўғридан - тўғри ташилар ҳамда бу шаҳарча шахтёрлари бошқаларга нисбатан анча яхши яшарди.

Мустақиллик йилларида икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашгани ана шу ҳамкорликка ҳам салбий таъсир қилди.

Ўзбекистон томони ижара ҳақининг баландлиги ва жаҳон бозорида қўрғошиннинг нархи пайсайиб кетаётганини рўкач қилиб, бу кондан фойдаланишни тўхтатди.

Зарнисор шахтёрлар шаҳарчаси инқирозга юз тутди. Шахтёрларнинг аксарияти ўзбеклар бўлганлиги учун ҳам улар Ўзбекистонга кўчиб кетдилар,- дейди мустақил кузатувчи Юсуфали Шоназаров.

Бошқа кузатувчилар эса, Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни тиклаш Тожикистон учун кўпроқ фойда берган бўларди, деган фикрдалар.

- Тожикистоннинг Хитой билан муносабатларинии яхшилаётгани, назаримда, айрим шахсларгагина фойдалидир. Лекин бизда “гилам сотсанг қўшнинга сот, бир четида ўзинг ҳам ўтирасан”, деган мақол бор. Шунинг учун биринчи галда қўшни билан алоқаларни мустаҳкамлаш лозим.

Агар икки мамлакат аввалгидек ҳамкорликни, яхши қўшничиликни тикласа, биринчи галда ҳар икки давлат ҳалқига манфаати тегади, - дейди кузатувчи Жамол Саидов.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, тожик - ўзбек муносабатлари совуқлашгани ва Россиянинг глобал иқисодий инқироздан чиқиш йўлларини қидириш билан овора бўлганидан фойдаланган Хитой халқ республикаси Тожикистонда ўз таъсир доирасини кучайтириб, кенг миқёсдаги қурилиш ҳамда ишлаб чиқариш ишларини бошлаган.

Жумладан, Хитой маблағи билан республика жанубидаги Хингоб дарёсида Нуробод ГЭСи ва Душанбе шаҳрида кўмир билан ишлайдиган иссиқлик тармоқлари қурилишлари бошланиши кутилмоқда.

Бу қурилишларга Хитой томони бир миллиард доллар сармоя ётқизиш ниятини билдирди.

Шунингдек, расмий Пекин ва Душанбе ўзаро ҳамкорлик дастури бўйича яна бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни белгилаган ва бу лойиҳаларга Хитой томони қариийб 300 миллион сармоя ётқизиши белгиланган.
XS
SM
MD
LG