Линклар

Ўзбекистон Хитойга очиладими?

  • Фаррух Юсуфий

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Хитой билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини яна бир бор таъкидлади.

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Хитой билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини яна бир бор таъкидлади.

Якшанба куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитой давлат кенгаши раисининг ўринбосари Ли Кэцянни қабул қилди. Хитой мулозимининг расмий ташрифи Ўзбекистон ҳукуматининг таклифи билан амалга ошмоқда.

27 июн куни Хитой Халқ Республикаси давлат кенгаши раисининг ўринбосари Ли Кэцян Ўзбекистон ҳукумати таклифига биноан Тошкентга келди.

Шу куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов билан учрашган Хитой мулозими кейинги йилларда икки давлат ўртасида ривожланиб бораётган муносабатларни, айниқса, иқтисодий соҳада янада чуқурлаштириш лозимлигини урғулади.

ЎзА агентлиги якшанба куни хитойлик меҳмонни қабул қилган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдан мана бу иқтибосни келтирди:

“Ташрифингиз мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга интилишлари муштарак эканидан яна бир ёрқин далолатдир, биз ривожланиб бораётган Ўзбекистон-Хитой муносабатларини юксак қадрлаймиз”.

Ўзбекистоннинг, Каримов таъбири билан айтганда, Хитой билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга интилиши 2005 йил 13 май воқеаларидан кейин, айниқса кўзга ташлана бошлади.

Андижон хунрезлигидан кейин президент Ислом Каримов биринчи хориж сафари билан Пекинга борди ва ўша кунлари жонига оро кирган Хитой ҳукуматидан сиёсий таянч билан биргаликда жиддий молиявий кўмак ўлароқ, бир миллиард АҚШ долларидан ортиқроқ сармояларга оид ваъдаларни олиб қайтди.

Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистондаги иқтисодий вазият, айниқса бугун давом этаётган халқаро молиявий бўҳрон шароитида, Хитой учун ўзининг улкан иқтисодий имкониятларидан минтақадаги иқтисодий ўйин шиддатини ошириш мақсадларида фойдаланиш учун қулай фурсат яратди, дейди таҳлилчилар.

- Ҳар бир давлат ўз ихтиёридаги имкониятларни минтақа ва жаҳон миқёсида ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларида ишлатади, албатта.

Ҳозир Хитой ана шундай имконияти бўлган саноқли мамлакатлардан биридир. У Марказий Осиёда ўз мавқеини ошириш учун асосан иқтисодий воситаларни ишга солаётганини кўряпмиз.

Сиёсий жиҳатдан эса, ҳозирча Хитойнинг Марказий Осиёдаги мавқеи халқаро институтларни назорат қилувчи Ғарб давлатлариникидан анча сустроқдир¸ дейди Лондондаги Шарқ ва Африка университетининг Марказий Осиё бўйича эксперти.Алишер Илҳомов.

Бугун Хитой иқтисодий нуфузи бўйича жаҳонда учинчи ўринни эгаллайди. "Ўтган йили ички ялпи маҳсулоти 4 триллион АҚШ долларидан ортиқроқни ташкил қилди ва унинг йилдан йилга ошиб бораётгани инобатга олинса, Хитойнинг Марказий Осиё минтақасида фаоллиги ҳам ошиб боришини башорат қилиш мумкин", деб қўшимча қилади лондонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Якшанба куни Оқсаройдаги учрашувда президент Каримов Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги ошаётганига мисол ўлароқ, 2008 йилда ўзаро савдо ҳажми 50 фоизга ошиб, қарийб 1 миллиард 300 миллион АҚШ долларини ташкил қилганини қайд этди.

ЎзА агентлиги тарқатган хабарда Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодига бир миллиард АҚШ долларидан ошиқроқ сармояларни ётқизиш ниятлари президент Каримовнинг Хитой Президенти Ху Цзин Тао билан дўстлиги натижаси сифатида тақдим этилди.

"Бироқ Хитой Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига бераётган кредит ва грантлар кўлами фонида Ўзбекистонга кўрсатилаётган молиявий ёрдам анча камтар кўринади", дейди ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.

- Кейинги пайтларда Хитой Марказий Осиë давлатлари билан ўзининг савдо алоқаларини жуда ривожлантираяпти. У бунга жуда мустаҳкам фундамент тайëрлаган. Бу фундаментлардан биттаси халқаро миқëсдаги автомобил трассасининг қурилиши.

Икинчиси¸ Хитойни Марказий Осиë¸ кейинчалик Европа ва Россия билан улайдиган темир йўл қурилиб келаяпти. Мана, газ қувури ҳам битай деб қолди. Шу йилнинг охиригача газ қувури Туркманистонгача бориб етади.

Хитой ўзининг Марказий Осиëга киршини енгиллатиш мақсадида мисли кўрилмаган даражада кредитлар ва грантлар бераяпти.

Масалан¸ Туркманистонга жуда кам фойдаси билан тўрт миллиард доллар кредит бераяпти. Яна Қирғизистонга тахминан уч миллиард атрофида¸ Қозоғистонга 10 миллиард доллар атрофида кредит беришини айтган эди.

Бу борада Ўзбекистон сал назардан четда қолгандай бўлаяпти. Шу жиҳатдан Хитой Бош вазири¸ кейинчалик катта лавозимни эгалайдиган амалдор¸ ҳозир Ўзбекистонга келган.

Ўзбекистонга 4 миллиард доллар бўлмаса ҳам¸ бир-икки миллиард доллар атрофида инвестиция ëтқизиш ва кредит беришни мўлжаллаган бўлса керак деб ўйлайман¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

- Албатта, - деб давом этади собиқ дипломат Йўлдошев, - Хитой каби иқтисодий жиҳатдан жаҳон миқёсида мавқеи кундан кунга ошиб бораётган давлат билан ҳамкорлик¸ биринчи навбатда¸ бугун иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечираётган оддий ўзбекистонликлар учун айни муддао бўларди.

Лекин, дейди, сиёсатшунос...

- Хитойнинг шу жиҳатдан келиши¸ ўзини яккалаб қўйган Ўзбекистонни очишга хизмат қилиши мумкин. Шуларни назарга олиб маълум бир мулоҳаза билдириш мумкин.

Ўзбекистон “Биз кўпроқ транзитга йўл очамиз. Ҳаво йўли транзитига¸ темир йўл транзитига¸ автомобил транзитига¸ нефт қувурлари транзитига¸ газ транзитига йўл очамиз”, дейиши мумкин. Ўзбекистон барибир ҳеч кимга мамлакатни очмайди¸ шу жумладан Хитойга ҳам.

Хитой билан¸ Россия билан алоқаларни ривожлантириш оддий ўзбекистонликлар учун анча яхши бўлади. Чунки бу алоқалардан иш жойлари кўпайиши мумкин¸ нарх-наволар тушади¸ бориш-келишлар кўпаяди.

Ҳар қандай мамлакат бир - бирига очиладиган бўлса¸ савдо¸ иқтисодий алоқаларни ривожлантирадиган бўлса¸ бу ижтимоий аҳволни яхшилашга олиб келади. Бунга Каримов режими¸ ҳозирги Ўзбекистон ҳукумати тайëр эмас.

Агар Ўзбекистон божларни олиб ташлаб¸ чегараларни очадиган бўлса¸ бу Каримов режими ўзини ўзи бўғиб ўлдиргани билан баробар, дейди ўзбекистонлик собиқ дипломат ва сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG