Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:48

Фермер аёл калтакланди


Калтакланган фермернинг айтишича, ҳосил ўрими кеч бошлангани учун буғдой бошоқлари қуриб қолган.
Калтакланган фермернинг айтишича, ҳосил ўрими кеч бошлангани учун буғдой бошоқлари қуриб қолган.

Жиззах вилояти Арнасой туманидаги фермер Оязимхон Хидирова раҳбарлардан 22 гектар жойдаги буғдойни ўз вақтида ўришга рухсат берилишини талаб қилгани учун калтакланди.

Ерларни оптималлаштириш ислоҳоти ортидан Оязим Хидирова ва Арнасойдаги яна бир фермер ўртасида 22 гектар ер устида баҳс бормоқда.

Ҳидировага кўра, аввалига қонуний тарзда Ҳидированинг 40 гектар ерига қўшиб берилган бу экин майдонини ҳозир ноқонуний равишда ундан олиб қўйишга уриниш бўлмоқда.

Пора эвазига бу ерни бошқа фермерга олиб беришни кўзлаётган туман раҳбарлари фермернинг етилган буғдойини ўриб олишига рухсат бермай келган.

- Сўнгги 20 кун ичида буғдойни ўт босиб, тўкилиб кетаётганига чидолмай охири раҳбарлар жам бўлиб турган йиғинга яна борган эдим, “Бухоро” сувдан фойдаланиш уюшмаси раҳбари томонидан калтакландим, - дейди фермер биз билан суҳбатда.

- “Хўш¸ нимага келдинг?” деди. Келишимга сабаб¸ ғаллани ўрдиришим керак¸ десам¸ у деб¸ бу деб мени ҳақоратлади. “Сенинг ҳақоратлайдиган оғзингдан тилингни юлиб оламан”, деб кийимидан тортган эдим йиртилиб кетди ва яна ҳақоратлашни бошлади.

“Мени сўккунча ўзингнинг онангни сўкиб қўя қол” десам¸ аччиғи чиқиб бир тепди. “Ҳуқуқ органларининг олдига олиб бориб тептираман мен ўзимни. Сен жавоб берасан” деб судрасам¸ тепкилашни бошлади.

Яхшиям ўзимнинг давримда ишлаган ер ўлчовчи¸ ҳайдовчилар ажратиб қўйишди¸ - дейди Оязимхон Хидирова.

Ҳидирова ўзининг калтаклангани ҳақида ёзган аризаси ҳам туман ички ишлар бошқармаси томонидан эътиборсиз қолдирилганини айтмоқда. Аксинча, ички ишлар бошқармасидан уни шундай огоҳлантиришган:

- “Худо хоҳласа ғаллани йиғиштириб олайлик¸ кейин прокурор¸ ҳоким¸ мен сени қаëққа жўнатишни ўйлаб кўрамиз. Сен хатингда кўрсатганингдай туман билан эмас вилоят билан гаплашадиган бўлиб қолдингми? Бўпти¸ аризангни вилоятга жўнатиб юборамиз¸ вилоят кўриб чиқади” деб айтди¸ - дейди Оязимхон Хидирова.

"Бундай ошкора дўқ-пўписаларни эшитганимдан сўнг масала туман даражасида ижобий ҳал бўлмаслигига кўзим етди ва тўғри вилоят ҳокими билан боғланишга мажбур бўлдим"¸ дейди Хидирова сўзларини давом эттириб:

- Охири Маҳмуд Холбўтаевга телефон қилдим. Телефонда унга “Акажон¸ мана ишонмасангиз текшириб кўринг. Разрешениеда ҳам менда¸ қарорда ҳам менда турибди. Ака¸ ишонмасангиз мана ҳужжатлари текшириб менга жавобини айтинг” деган эдим¸ “Бўпти синглим. Хафа бўлманг. Ҳозир мен сизга жавобини айтаман. Агар жавобини айта олмасам¸ эрталаб ерингизни олиб қўйган одам комбайн билан ëнингизга боради ва қайтариб беради” деди¸- дейди Оязимхон Хидирова.

Шу тариқа, пишиб етилганидан кейин раҳбарлар рухсат бермагани боис 20 кун ўроқ солинмай турган буғдойга 28 июн куни ўрим машинаси тушди. "Аммо майдонни ўт босган, бошоқлар эса жуда қуриб кетгани боис, ўроқ тегмай тўкилиб кетаяпти", деб куюнади жиззахлик фермер аёл.

- 20 кун олдин ўрганимда¸ берадиган 77 тонна ғаллани 100 тонна қилиб топшириб¸ ғалланинг ер майдонини ҳайдатиб¸ ишчилар ҳам хурсанд бўлиб¸ уларга бир тоннадан бераман деган эдим¸ ўт босган ерлар олача бўлиб қолмасмиди.

“Хўп¸ энди мен ўраман экан. 20 кундан бери бу ғаллани барбод қилиб бўлдик. Ўт босди¸ ғалла синиб тушди. Режани бажара олмай қолсам¸ нима қиламан” десам¸ “Ердан ажрамайман десанг¸ режани бажариб қўясан” деди.

Мен меҳнатимга ачиниб кетаяпман. Тўққизта ишчимнинг ҳам меҳнатига ачиниб кетаяпман. Қишни қиш демасдан дориларни сепиб¸ суғориб юрганига ачиниб кетаяпман.

Ўзбекистонда давру-даврон сураяпмиз¸ деб ўйлаган эканмизку¸ лекин олдин биз қул эдик¸ энди эса мардикор бўлдик¸ дегандай бўлиб қолдида. Биз давлат учун мардикор бўлиб қолган эканмиз¸ - дейди жиззахлик деҳқон-фемер Оязимхон Хидирова.

Аввалги эшиттиришларимизда ҳикоя қилганимиздек, бу аёл айни пайтда инсон ҳуқуқлари фаоли ҳамдир.

У Жиззах вилояти Арнасой туманидаги амалдорлар, айниқса, фермерларни қийин-қистовга олаётган амалдорларнинг камчиликлари, порахўрликлари ҳақида халқаро жамоатчиликка хабар бераётган фаоллардан биридир.

Унинг жиззахлик ҳамкасбим Зиёдулла Раззоқов айни шу фаолияти боис шу кунларда Оязим Хидирова шундай муаммоларга дуч келмоқда ва ҳозир уни вилоятдан кўчириб юборишга ҳаракат бормоқда, дейди.

- Уларнинг бирдан бир мақсади Арнасой туманидаги катта раҳбарларнинг кирдикорларини фош қилганлиги эвазига¸ жонкуяр аëл Оязимхон Хидировани ўша ердан йўқ қилиш¸ унинг ерларини тортиб олиб¸ ўзини водийга кўчириб юбориш, - дейди жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Зиёдулла Раззоқов.
XS
SM
MD
LG