Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:28

Ўзбекча тўй – кимга томоша¸ кимга ўй


Ўзбекнинг йиллаб йиққанини орзу-ҳаваснинг авжга чиққан нуқтаси деб кўриладиган битта тўй "ямлаб" кетаяпти.
Ўзбекнинг йиллаб йиққанини орзу-ҳаваснинг авжга чиққан нуқтаси деб кўриладиган битта тўй "ямлаб" кетаяпти.

Ўзбек тўйларини дабдабасиз ўтказиш юзасидан 100 йилдан бери давом этаётган тарғибот-ташвиқотга қарамай, бугунги кунда ўзбекистонликлар никоҳ тўйларига¸ қарз олиб бўлса-да¸ минг-минг доллар сарфламоқдалар.

Қурултойнинг “Ўзбекистонда тўйлар мавсуми” деб номланган бугунги сонида Австриядан диссидент шоир Ëдгор Обид¸ Лондондан олим Аҳмад ҳожи Хоразмий¸ Норвегиядан педагог олим Абдулла Абдураззоқ¸ Ўзбекистондан таниқли хонанда Азиза Ниëзметова¸ тошкентлик мустақил журналист ва бевосита студиямиз орқали эса тошкентлик Нигорахон иштирок этади.

Ўзбекистонда тўйлар “Тўйлар муборак” ашуласи билан бошланади. Ўзбекистонда тўйлар ҳақида икки хил қарама-қарши фикр шаклланиб улгурган.

Биринчи фикр¸ тўйлар исломий ва камтар бўлиши керак.

Иккинчи фикр¸ тўйлар ҳашаматли бўлиши керак ва тўй қилиш ўзбекларнинг одатий удуми.

Мана шу фикрларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист¸ қизиқчи Мирзабек Холмедов қуйидагича ифода қилган:

- Тўй қилиш қийин эмас. Никоҳни ўқиттирасиз. Бир хонада қиз дугоналари билан¸ бир хонада куëв дўстлари ва улфатлари билан. Ана ширин дастурхон¸ базму жамшид. Бемалол ўйнаб кулаверади.

Ҳозирги ëшлар “Ҳовлида қилмайсан тўйни. Кафе¸ ресторанга борамиз” дейди.

Бола бўлиб самокат минган эмас¸ велосипед олган эмас¸ “Лимузинда олиб келаман мен келинни” дейди¸ дея ифода қилган эди Мирзабек Холмедов.

Энди ҳаëт ҳақиқатига қайтсак. Ўзбекистондаги баъзи бир ўртача тўйларга 60 минг доллар кетар экан. Шу гап ростми¸ дея биз ўзбекистонлик хонанда Азиза Ниëзметовага мурожаат қилдик.

Азиза Ниëзметова: Мен қизим 17 ëшга кирганда турмушга чиқарадиган бўлсам¸ қанақа меҳмонлар келади шу пайтда? Қишда бўладиган бўлса¸ об-ҳаво қандай бўлади? Қаердан меҳмонлар келади? Шунга лойиқ сарф қиламиз. Чет давлатдан ўртоқларимиз келадиган бўлса¸ кўпроқ сарфлаймиз.

Озодлик: Кўп деганингиз қанча? Дейлик¸тўй ëзда¸ июл-август ойларида бўлди.

Азиза Ниëзметова: Масалан¸ 50-60 минг доллар кетади.

Озодлик: Азиза “Ўзбекистонда тўйга 50-60 минг доллар кетади” деяпти. Албатта¸ бунга қўшимча равишда келин кўйлакларини ҳам ижарага олиш керак. Хўш¸ келин кўйлакларининг ижараси ҳозир неча пул?

Азиза Ниëзметова: Келин кўйлаклари 500 доллардан тортиб 10-15 минг долларгача.

Озодлик: Демак¸ Азиза Ниëзметова айтаëтган келин кўйлакларининг нархи 500 доллардан 15 минг долларгача ва тўйнинг нари-бериси 50-60 минг доллар. Ëдгор ака¸ эшитаяпсизми?

Ëдгор Обид: Ҳа.

Озодлик: Мана сиз Австрияда яшайсиз. Австрияда фаровон ҳаëт. Бу айтилаëтган нарх кўпми ëки озми?

Ëдгор Обид: Энди Австрия билан Ўзбекистоннинг ўртасида фарқ бор. Мен бир одамнинг уйланиш тўйи ҳақидаги гапини эшитдим.

“Шундай катта тўй қилдики¸ жуда кўп одам келди ва тўй жуда қизиқ ўтди” деб мақтанди. “Нечта одам келди?” десам¸ “50 та одам келди” деди.

Бу жуда кўп. 50-60 нафар одам Европа тўйлари учун жуда кўп.

Мана ҳозир Азизахоннинг сўзларини эшитдик. 60 минг доллар жуда катта пул. Европадагилар 60 минг доллар эмас¸ 5000-6000 доллар кетадиган тўйига ҳам кредит олади. Бу энди бошқа масала.

Озодлик: Ўзбекистонда ҳам тўй учун қарз олишадику. Фарқи нимада?

Ëдгор Обид: Ҳар ҳолда 5000-6000 билан 50-60 минг ўртасида фарқ бўлса керак.

Озодлик: Абдулла ака¸ 60 минг долларга тўй қилиш сиз учун янгиликми?

Абдулла Абдураззоқ: Менинг ватандан чиқиб кетганимга 10 йилдан кўп бўлди. 50-60 минг деганлари¸ 100 минг доллар ва ундан кўплари алоҳида одамларга хос бўлса керак. Ҳалиги Салим бойвачча¸ Ғафур бойвачча...

Озодлик: Гап улар ҳақида эмас¸ ўртаҳоллар ҳақида кетаяпти.

Абдулла Абдураззоқ: Гап ўртаҳоллар ҳақида кетар экан¸ мен бунақасини олдин ўртаҳоллар ичида учратмадим¸ десам тўғри бўлади.

Озодлик: Биз билан студияда мана тошкентлик Нигорахон ҳам бор. Нигорахон¸ сизнинг фикрларингиз қандай? Наҳотки¸ Салим бойваччалар ўзларига шундай катта тўйни эп кўрса?

Нигорахон: Билмадим¸ мен шахсан Салим бойвачча билан гаплашиб кўрганим йўқ. Лекин мен 50-60 минг долларни ҳозирги пайтда Тошкент учун нормал пул деб ўйлайман. Нимагаки¸ ҳозирги пайтда Ўзбекистон билан Европанинг умуман фарқи қолмади.

Азиза Ниëзметова Ўзбекистонда жуда таниқли хонанда. Балки Ўзбекистонда ва чет элда унинг мухлислари¸ дўстлари¸ танишлари кўпдир. Шу туфайли ҳам сарфланадиган 60 минг доллар Азиза Ниëзметова учун ҳеч нарса эмасдир.

Лекин мен буни бошқа оилалар билан таққослаб кўрсам¸ ҳеч фарқ бўлмаяпти. Оддий оила балки 50 мингдан сал камроқ сарфлар.

Лекин¸ менинг ўйлашимча¸ 60 минг доллар Ўзбекистон тўйлари учун ҳеч нарса эмас.

Озодлик: Энди биз навбатни тошкентлик мустақил журналистга берсак. Ҳозир Тошкентда ўзбекистонлик мулозимларнинг тўйлари оғиздан оғизга ўтиб юрибди. “Фалонча вазир шунақа тўй қилибдики¸ вертолëтлардан пулларни сочиб юборибди” деган гаплар юрибди. Шу гаплар ростми?

Мустақил журналист: Жамиятда оммавий ахборот воситалари бўғиқ бўлган бир пайтда миш-мишлар роса болалайди¸ узунқулоқ гаплар юради. Жамоатчилик ичида катталарнинг тўйлари ҳақида маълумотларни эшитиб қоламиз.

Масалан¸ 4 апрелда Бош прокурор ўринбосари Алишер Шарофиддинов қизини узатди¸ бундан ташқари 30 апрел куни Мирзиëевнинг жияни Алишер Усмоновнинг ўғлига турмушга чиққан ва куни кеча¸ якшанба куни Владимир Норов қизини узатди¸ деган гаплар бўлди.

Энди бунақа тўйлар жуда катта дабдада¸ зебу-зийнатларга бой¸ шовқин-сурон билан ўтади. Катта-катта ҳофизлар келади. Бу нарсаларга жуда катта маблағ сарфланади. Бу ҳозир одат тусига кириб бораëтган жараëн.

Озодлик: Мана Британиядаги парламент вакиллари 200-300 доллар миқдоридаги нарсани ўғирлаганлиги учун катта шов-шувлар бўлди ва битта-иккитаси ишдан ҳам кетди. Мана бизда давлат мулозимларининг ойлиги маълум. Улар қайси пулнинг ҳисобидан бунча дабдабали тўйларни қилаяпти деб ҳеч ким савол бермаяптими?

Мустақил журналист: Бу ўзбек жамиятининг катта муаммоларидан бири. Ўзбекларда тўй илгаридан тўкинликни билдириб келган ва жамиятда удумга кирган бир нарса.

Масалан¸ ўртаҳол оилалар ҳам йиллар бўйи йиғади ва ўзининг бор-будини сочиб¸ катта тўй қилади.

Бу ерда камбағалнинг тўйи ëки бойнинг тўйи¸ давлат амалдори катта тўй берибди¸ деб¸ худди Ғарб жамиятларидагидай одамларни айблаб бўлмайди.

Масалан¸ оддий ўқитувчи ҳам жуда катта тўй қилиши мумкин. “Мен Шерали Жўраевдек ҳофизни олиб келишим керак” деб 5000-10000 доллар сарфлаб олиб келиши ҳам мумкин. Аммо олиб кела олмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун тўйлар ҳалолликнинг ëки ноҳалолликнинг даражасини белгиламайди.

Озодлик: Ўзбеклар “тўй” дейди¸ турклар тугилиб қолсин деган маънода “тугун” дейди¸ немислар “хохцайт” яъни энг юқори даражадаги нуқта¸ дейди.

Ўзбекларда нега тўй деб айтилади? Балки қорин тўйдириш маъносида айтилар? Ҳар ҳолда бу ҳам зеҳният билан боғлиқ ҳолат.

Мана ҳозир Лондонда парламент вакилларининг 300-400 доллар миқдордаги пулни ноқонуний ишлатгани жуда катта жанжалларга сабаб бўлаяпти. Ўзбекистонлик мулозимлар эса бемалол тўй қилаяпти. Аҳмаджон ака¸ сизнинг бу борадаги фикрларингиз қандай?

Аҳмад ҳожи Хоразмий: Мен Азизанинг ва тошкентлик аëлнинг гапларини эшитиб¸ жуда ҳам тўлқинланиб кетдим. Ўзбекистонда 50-60 минг долларга тўй қилиш¸ оддий ҳол дегандай нарса туюлди менга.

Қаранг¸ бу радиони ҳозир жаҳон эшитаяпти. Дунëнинг жуда кўплаб жойларида ватандошларимиз¸ ўзбек тилини тушунадиган одамлар бор. Мен Ўзбекистон учун ғурурланиб кетдим.

Ҳозир шуни эшитаëтган одамларда шундай савол туғилади: Агар шундай экан¸ миллионлаган ўзбеклар чет давлатларда тентираб нима қилиб юрибди?

Озодлик: Тўй қиламиз деб юрибдида улар. Олти-етти ой ишлаб¸ топган пулини банклар орқали жўнатади ва бир борганида ҳамма пулини бир кунда тўйга сарфлаб келади.

Аҳмад ҳожи Хоразмий: Яшанг. Мен шу ерда бир нарсани айтмоқчи эдим.

Олти-етти ойлаб эмас¸ нечадир йиллаб пул йиғиб¸ атрофдагилардан¸ қўшнилардан қолмаслик учун яна қанчадир қарз олиб¸ шундай тўй қилиб¸ охирида салкам хонавайрон бўлиб юрган оилалар ҳам оз эмас.

Мен сизга бир мисол айтай. Ўзбекистонда Рўзимбой Ҳасан деган таниқли журналист бор. Ўша журналист “Ўзбекча тўй – кимга томоша¸ кимга ўй” деган мақола ëзган.

Бу мақола республиканинг марказий газеталарида эълон қилинди. У ҳозир сиз айтаëтган жараëнларнинг барчасини ўша мақоласида кўрсатиб берган.

Катта-катта одамлар¸ вазирлар қилган катта тўйларни. У шу билан бирга шунақа катта тўй қиламан¸ деб хонавайрон бўлиб юрган ўртаҳолларни ҳам кўрсатиб берган.

Ўша мақола асосида Хоразм вилояти ҳокимияти “Вилоятда тўйларни камчиқим ва саришта ўтказиш ҳақида” деган қарор қабул қилган.

Менинг фикримча¸ бундай қонунларни Ўзбекистоннинг бутун вилоятларида қабул қилмоқ керак.

Озодлик: Аҳмад ҳожи ака¸ сиз Хоразм вилояти ҳокимиятида ишлаб юрган кезларингизда¸ президентнинг “Тўйларни тартибга солиш тўғрисида” қарори чиққан. Шу қарордан кейин тўйлар тартибга солинганмиди? Умуман¸ бу жараëнни қуюшқонга солиш мумкинми?

Аҳмад ҳожи Хоразмий: Президентнинг шу қароридан кейин телевидениеда махсус кўрсатувлар ҳам берилди.

Ўша кўрсатув доирасида Тошкентда 40 тоғоранинг қандай олиб борилиши¸ унинг айниб қолиши¸ шуни ташламаслик учун айримларнинг еб заҳарланишигача бўлган ҳолатлар кўрсатилган эди.

Анча-мунча фойдаси теккан. Афсуски¸ кейин шу нарсалар бўшашиб кетди. Буни жуда қаттиқ тутиш керак эди ва уни давом эттириш керак эди.

Озодлик: Азизахон¸ ҳашаматли тўйларни вазирлар қилаëтганини эшитдик. Хўш¸ бошқалар ҳам қилаяптими шунақа тўйларни?

Азиза Ниëзметова: Ҳашаматли тўйларни халқнинг ичида ҳамма қилади. Бири биридан қолишгиси келмайди. Ўзбекларни биласизку¸ топган-тутганини тўйга йиғади. Йиғиб юргандан кейин бир кунда сарф қилади.

Озодлик: Шу яхшими¸ ëмонми?

Азиза Ниëзметова: Одамнинг ҳаëтда яшашдан мақсади яхши кун кўриш¸ фарзандларининг роҳатини кўриш. Фарзанд эртага бирингизни икки қилса¸ яхши. Агар фарзанд бу нарсани тушунмасдан¸ ота-онаси қилган нарсани суиистеъмол қилса¸ бу тўғри келмайди.

Озодлик: Мана сиз кўпни кўргансиз. Шунча сарф-харажат қилишади¸ кейин ëшлар ажралиб кетишади. Энди шунча сарф-харажат увол эмасми?

Азиза Ниëзметова: Энди ҳаммага ҳам ажрашиб кетади деб қарамаслик керак. Ажрашиб кетади ëки бахтсиз бўлади¸ деган назар билан тўй қилмаслик керак.

Авваламбор қудани яхши танлаш керак ва кейин тўй қилиш керак. Шошилмаслик керак. Мен ҳам қизимни бераман¸ деб шошилдим. Энди ҳозир тўхтатдим.

Ўзимни ўзим “Шошилмагин. Олдин ўзи яхши кўрсин. Эртага менга унинг гап-сўзлари керак эмас. Яшайдиган у. Менинг нима ишим бор” деб тўхтатдим.

Энди ҳар ким ўзига лойиқ¸ тўғри келадиган одам билан қуда бўлиши керак. Осмонга осилса¸ мўлжаллаган нарсасидан кўпроқ нарсани сарф қилишга тўғри келади. Каттароқ нарсани истайди¸ тушундингизми?

Дейлик¸ каттароқ одам билан қуда бўлгиси келиб қолади. Каттароқ одам билан борди-келди қилиш учун каттароқ нарса қилиш керак.

Ҳар ким ўзининг тенги билан¸ ўзини тушунадиган оила билан қуда бўлса¸ кўп нарса сарфламайди. Бир-бири билан келишиб¸ исрофгарчилик қилмасдан тўй қилиш керак.

Озодлик: Тўй ҳақида мана турли фикрларни эшитдик. Топганинг тўйга буюрсин¸ деган ниятлар¸ “Кўрганинг тўй бўлсин¸ еганинг қўй бўлсин” деган мақоллар бор.

Кўплаб зиëлилар¸ янглишмасам 100 йиллардан бери¸ тўйнинг бу қадар кўп сарф-харажат билан ўтказилишини танқид қилиб келишади.

Беҳбудий¸ Чўлпон¸ Фитратлар давридан бери бу нарса танқид қилиб келинади. Аммо Ўзбекистонда бундай ҳолат ҳали ҳам давом этмоқда. Айни пайтда мана шундай тўйларнинг тарафдорлари ҳам бор.

Тўйлар санъатни ривожлантиради¸ тўйлар Ўзбекистонда маданий ўзликни билдириб туради¸ деган фикрлар бор. Ана шундай фикрларнинг тарафдори Абдулла ака Абдураззоқ.

Абдулла Абдураззоқ: Тўғри топдингиз.

Озодлик: Наҳотки сиз шундай сарф-харажатли¸ одамларнинг елкасига юк бўладиган тўйларнинг тарафини олсангиз? Нега?

Абдулла Абдураззоқ: Ҳар битта таëқнинг иккита тарафи бор. Масалан¸ бизнинг маҳаллада қашшоқ одамлар ҳам¸ бой одамлар ҳам бор эди.

Бойлар 150 килограмм ош дамлаб кимга едираяпти? Ўша қашшоқларга едираяпти. Есин¸ марҳамат.

Уйида қозонини қайнатишга қодир бўлмаган одамлар учун ҳар кун тўй. Уларга таклифнома керак эмас.

Тўйга боради¸ шоҳона дастурхонда ўтиради¸ ҳамма орзу қилган хонандалардан ашула эшитади. Катта¸ улуғ меҳмондек ўтириб¸ дам олиб чиқиб кетади.

Унинг ўзи учун бу тўйлар ҳаракатга келтирувчи куч вазифасини ўтайди. Чунки бундай катта тўй қилиш унинг учун орзу.

Катта тўйларга 100 минг доллар сарфланса¸ у 5000 доллар ëки 1000 доллар сарфлайди. 5-10 кило ош дамлаб қилинган тўйларни мен ўзим кўрганман.

Дейлик¸ менинг 150 та қариндошим бор. Очиғи ҳозир ҳар ким ўзидан ортмайди. Кўриша олмаймиз¸ махсус вақт топиб кўргани бора олмаймиз. Лекин тўй қилсак¸ албатта айтамиз. 150 та қариндош¸ 50 та ошна-оғайни¸ 100 та маҳалладан қўни-қўшни келмаса¸ мен ўзлигимни йўқотиб қўяман.

Чунки мен кейин қариндошларимни 10 йилда бир кўрмаслигим мумкин. Улар тўй қилиб мени айтмаса¸ мен тўй қилиб уларни айтмасам.

Бу бутун дунëга ибрат қилиб кўрсатса бўладиган¸ ўзбек халқигагина хос бўлган хусусият.

Катта одамлар тўй қилади ва эшикнинг тагига иккита одам қўйиб қўяди. Бу иккита одам “Сенинг таклифноманг борми?” деб сўрайди.

Бизда камбағаллар тўй қилса¸ келадиган одамларни танимайди. Қайтиб кўчада кўриб қолса¸ танимайди. Қанча кўп одам келса¸ пиширганлари етмай қолса¸ шунча хурсанд бўлади.

Бунинг учун жуда катта қалб соҳиби бўлиш керак. Бу дунëдаги кўпгина одамларни ишонтириш мушкул бўлган нарса. Биз буни асрашимиз¸ авайлашимиз керак.

Лекин “бор борича¸ йўқ ҳолича” деган нарсани ҳам унутмаслигимиз керак. Фармонлар билан беш қўлни баробар қилиб бўлмайди.

Бунга 100 йилдан бери ҳаракат бўлаяпти. Қилиб бўлмайди. Фойдаси йўқ. “У фалондай тўй қилибди. Мен ҳам шундай қиламан” деган пойгадан одамларни қайтаришимиз¸ уларга тушунтиришимиз керак.

Тушунчани шу томонга йўналтириш керакки¸ “Мен ундан қолмасам бўлмайди” деган нарса бўлмаслиги керак.

Озодлик: Абдулла ака¸ балки сизнинг тасаввурларингиз бироз эскиргандир. Мана ҳозир биз Нигорахондан сўраб кўрамиз. Нигорахон¸ палаткали тўй ëки ресторанларга ҳамма ҳам киравериши мумкинми? Ўзбекистонда ҳозир таклифнома сўрамайдими?

Нигорахон: Шунақа жойлар ҳозир бор. Саналган одамлар учун жойлар қилинган ресторанлар бор. Таклифномани мен бир қоғоз дея айта олмайман.

Таклиф қилинмаган одам у ëққа бора олмайди. Бу тарафдан бунақа жойлар чет элникига ҳам ўхшаб қолди. Бу жуда қимматбаҳо ресторанларда бўлиши мумкин.

Бунақа жойлар ҳозир Ўзбекистонда бор ва жуда кўп жойларда шунақа қилинган. Меҳмонларнинг сони саноқли бўлади. Бунақа жойлар айнан Тошкентда ҳам жуда кўп.

Озодлик: Тўйлар боис мусиқачилар маза қилаяпти. Кўтарадиган доира борми¸ сурнай борми¸ карнай борми – ҳаммаси тўйда чалинади. Азизахон¸ тўй мавсуми қандай бўлаяпти ҳозир?

Азиза Ниëзметова: Тўй яхши бўлаяпти. Халқнинг ичида тўй нормалный.

Озодлик: Мусиқа санъатининг ривожида тўйларнинг аҳамияти қандай? Кўпинча “ашулачи тўйга бормаслиги керак” деб танқид қилиб келишади.

Азиза Ниëзметова: Ашулачи тўйга бориши керак. Тўйга борса¸ у сайқал топади. Ашулачи қўшиқни мухлисининг ëнида туриб айтиши керак.

Мухлиси “мана шу ашулангизни айтиб беринг” деганида¸ айтиб бериши керак. Шунда санъаткор ўзининг камчилигини билади.

Агар қўшиқни маромига етказиб ижро қилса¸ халқнинг олқишига сазовор бўлади.

Агар қўшиқни сохта айтадиган бўлса¸ одамлар томонидан қарсак¸ олқиш бўлмайди. Ашулачи ўз камчилигини тўйда яққол сезади.

Озодлик: Комилжон акаларни “Тўй эгаси билан олдиндан шартнома қилмаган. Элдан тушганини олиб кетган” деб ўрнак қилиб кўрсатишади. Бугунги кундаги олдиндан келишувлар¸ олдиндан пул олишларга муносабатингиз қандай?

Азиза Ниëзметова: Биласизми¸ Комилжон ака даврида у телевизорга чиққани учун унга пул беришган. Биз эса ҳозир телевизорга чиқишимиз учун пул беришимиз керак¸ лицензия олиш учун пул беришимиз керак.

Ҳамма нарсага пул беришимиз керак. Шунинг учун биз пулга келишмасак бўлмайди. Клипнинг ўзи фалон сўм¸ костюмнинг ўзи фалон сўм. Ҳамма нарса пулга бориб тақалгандан кейин олдиндан шартнома қилмасангиз бўлмайди.

Агар Комилжон аканинг давридай бўлганда¸ биз ҳам пул олмасдан ўтирар эдик.

Мусиқачилар ҳам ëнингда юриши учун битта тўйдан шартнома билан 50 доллар олади.

Озодлик: Азизахон¸ сиз ўзингиз неча пулга тўйга борасиз?

Азиза Ниëзметова: 2500-3000 га борамиз. Тўй эгасидан “Нечта овқат қилаяпсиз?” деб сўраймиз.

Тўртта овқат қилаяпмиз¸ деса¸ “Иккитасини олиб ташланг. Иккита бўлади” деймиз. Ашуламиз билан иккита овқатни берамиз¸ деймиз. Овқатни кўп қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Озодлик: 2500-3000 дегани бу долларми?

Азиза Ниëзметова: Ҳа¸ доллар.

Озодлик: Демак¸ Азиза Ниëзметова 2500-3000 долларга тўйга борар экан. Бундан 100 йил олдин Беҳбудий¸ Чўлпон¸ Фитратлар “Бидъат¸ хурофотларни йўқотайлик. Тўйга сарф қиладиган пулимизга болаларимизни ўқитайлик” дейишган эди. 60 минг долларга жаҳонга танилган дорилфунунларда ўқиш мумкин.

Ëдгор Обид: Назаримда¸ бу долзарблиги анча узоқ давом этадиган масала. Ўзбеклар тўй қилиш учун чет элларда мардикорчилик қилиб юришибди.

20 йил мардикорчилик қилса ҳам 60 минг топа олмайди. Демак¸ улар ҳалол меҳнат билан 60 минг доллар сарф қилиб тўй қиладиганларга барибир етиша олмайди.

Биласизми¸ ўзбек халқи бироз лофчироқ халқ бўлади. Тўйларда ҳам лофчиликлар бўлган.

Озодлик: Сиз сарф-харажатлар бўрттирилган¸ деб ўйлаяпсизми?

Ëдгор Обид: Бўрттирилаëтгани йўқ. Катта тўйлар қилиш¸ 60 минг доллар сарфлаш ҳоким доираларига мансуб нарса.

Уларнинг 100-200 минглаган долларларни қай йўл билан топишини халқ билади. Ҳалол меҳнат билан бундай катта пул топиш мумкин эмас.

Ҳалол меҳнат билан пул топадиган одам уларга етаман дейдиган бўлса¸ чўзилиб қолиши аниқ.

Кейин у бўйнигача қарзга ботиб¸ бутун умр қарз тўлаш билан ўтади. Бу ҳақиқат. Бу бор нарса.

Сиз мана Беҳбудийларни эсладингиз. Бу ҳақда Ҳамзанинг айтган гаплари бор.

Озодлик: Ëдгор ака¸ мана Ҳамзани эсладингиз. Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” деган драмаси бор. Ўша ерда бой Ғафурни уйлантиради ва Ғафур ўша тўй ҳисобига умрбод бойнинг хизматини қилиши керак.

Бир пайтлар совет иттифоқи қуролланиш пойгасини бой бергани учун дунë саҳнасидан йўқ бўлган эди. Ўзбекистонда ҳозир тўй қилиш пойгаси кетмоқда.

Тўйнинг сарф-харажатларини бўрттириб бўлмайди. Чунки бирор бир бюджет бирор бир нарсадан ҳосил бўлади.

Мана гуручнинг нархи¸ ëғнинг нархи¸ рестораннинг ижараси. Нигорахон¸ мана шу нархлар бўрттирилганми? Гуручнинг нархи камбағалга ҳам¸ бойга ҳам бирку.

Нигорахон: Бу гапингиз тўғри¸ лекин қайсидир бир оила столига гуруч билан нондан ташқари банан¸ ананас қўяди. Ҳозир Ўзбекистонда бунақа нарсалар жуда модага кирган.

Озодлик: Тўрт қаватли тортлар бор экан.

Нигорахон: Беш-олти қаватли тортлар ҳам бор. Кимдир Лимузин танлайди¸ кимдир Газ 24 ëки Газ 31 танлайди. Харажат ҳам шунга қараб ҳар хил бўлади.

Озодлик: "Тўйлар муборак" ашуласи айтилар экан¸ “Маҳаллада дув-дув гап” киносидаги каби ҳар битта гуруч одамларнинг кўзига бир тилла тангадай бўлиб кўринади. Аҳмаджон ака¸ сизнинг фикрларингиз борми?

Аҳмад ҳожи Хоразмий: Бор. Тўйлар тўғрисида ўйларим бор. Мен битта нарсани айтмоқчиман.

Комилжон ака тўй тўғрисида қизиқ бир нарсани айтиб берган. “Тўйни свадба дейишади. Лекин бу хато. Тўйни бошқача тушуниш керак. Тўй – томошадан тўй¸ мусиқадан тўй¸ ашуладан тўй¸ овқатдан тўй¸ меҳр-муҳаббатдан тўй” дегани деган эди.

Комилжон ака бирор жойга тўйган борган пайтда¸ “фалон сўм берасан” деган гап бўлган эмас.

Энг қизиғи шундаки¸ Комилжон ака камбағалларнинг ëки ўртаҳолларнинг тўйини ўтказиб берадиган бўлса¸ ўртадан тушган пулни ўша тўйнинг эгасига бериб¸ дуосини олиб кетган.

Мен тўй бўйича Комилжон аканинг издошлари бўлишга чақирмоқчи эдим.

Озодлик: Азизахон “Комилжон аканинг даври бошқа эди. У телевизорда нафақат текин чиқарди¸ балки телевизорда чиққани учун унга гонорар беришарди” деяпти. Ҳозир замон бошқача бўлдику.

Аҳмад ҳожи Хоразмий: Комилжон акаларга телевизорда чиққани учун қанча берган деб ўйлайсиз? У ҳеч қанча пул эмас эди. Телевидение Комилжон акага тўйда тушган пулнинг мингдан бирича ҳам бермас эди.

Биласизми¸ тўйларда Комилжон акага бир қоп пул тушарди. Ўша пулнинг ҳаммасини тўйнинг эгасига бериб кетганига юзлаган одамлар гувоҳ бўлган.

Ҳозирги хонандалар¸ майли¸ ярмини бермасин¸ ҳеч бўлмаса маълум бир қисмини бериб дуо олиш керак. “Олтин олма¸ дуо ол” деган гап бекорга эмас.

Озодлик: Бизда мақол кўп Аҳмаджон ака. Тўйлар ҳақида хулосавий фикр айтсангиз.

Аҳмад ҳожи Хоразмий: Тўйлар масаласида менинг қатъий фикрим бор.

Биринчидан¸ тўйлар камчиқим бўлиши керак.

Иккинчидан¸ тўйлар мусобақа бўлмаслиги керак.

Бир умр топган-тутганини бир кунлик тўйга сарфлаб¸ яна устига қарз олиб¸ бир умр қарзни узиш учун ишлаб¸ оч-яланғоч ўтириш тўғри келмайди.

Ўзбек халқининг менталитетини шу нарсаларда сал ўзгартириш керак.

Озодлик: Абдулла ака¸ сизнинг фикрингиз қандай?

Абдулла Абдураззоқ: Бу фикрларга мен асосан қўшиламан. Менинг бояги айтган гапларим ўзбек тўйларига тааллуқли.

Ресторанларда таклифнома билан тўй қилдими – у ўзбекона тўй эмас. Бу – ўзбекликдан чиқиш¸ миллий руҳдан узоқлашиш. Мен буни ҳеч қачон ëқламаганман ва ëқламайман ҳам.

Юқорида тўйиш¸ деб тўғри айтилди. Бу бир бирининг дийдорига тўйиш ва ҳоказо.

Тарғибот ва ташвиқот ишлари тўй пойгасига қарши қаратилиши керак. Бор борича¸ йўқ ҳолича.

Катта-катта бойларнинг йиғиб қўйган пулларини чиқармасдан босиб ëтганидан кўра ўзбекнинг урф-одатини қилиб¸ ош қилиб халққа едирса ва бундан унинг обрўйи ошса¸ унга бу ҳақли.

Озодлик: Ëдгор ака¸ сиз ҳам бир хулосавий фикр айтсангиз. Тўйларни энди нима қилайлик? Бир мулла¸ уч сўм пул билан оқ тўй қилайликми?

Ëдгор Обид: Нима қипти? Шунақаси ҳам бўлади. Ҳалол никоҳ қилинса¸ тамом.

Комилжон Отаниëзов даври бошқа эди¸ ҳозир бошқа давр. Лекин ҳар қандай даврда ҳам одамгарчилик одамгарчилик бўлиб қолаверади.
Бизнинг халқимиз меҳнаткаш халқ. Яхши ниятлар билан тўй қилгиси келади. Лекин тўйларнинг охири войдодга айланиб қолмаслиги керак.

Озодлик: Нигорахон¸ сиз ҳам якуний фикр айтсангиз. Билишимизча¸ сизнинг тўйингиз бундан беш-олти йил олдин 5000-6000 доллар билан ўтган экан.

Орадан беш-олти йил ўтиб¸ 6000 долларлик харажат 60 минг долларга чиқибди. Мана фарзандингиз ўсиб келаяпти. У катта бўлгунча¸ сарф-харажат балки 600 минг долларга борар.

Нигорахон: Тўғри¸ 5000-6000 доллар кетди. Шу ўтган вақт давомида менинг ҳам фикрим ўзгарди. Балки шу пулга хўжайиним билан борор жойга айлангани бориш минг марта афзалроқ бўлгандир.

Мен ўзим қиз катта қилаяпман ва мана шу жамиятда яшаяпман. Мен қизимга тўйига нарса олиб бермасдан уни ўқитишим мумкин.

Лекин тўйдан кейин “Ойижон¸ сиз менга мана бу нарсани қилмадингиз. Қайнонам менга шунақа деди” деган гапни қизим менга айтиб келмаслиги учун шу нарсаларни қиламан. Бу жамиятда яшагандан кейин қилмасдан иложи йўқ. Мен хоҳламайман¸ лекин иложим йўқ.
XS
SM
MD
LG