Линклар

Эрон Британияни айбламоқда


Президентлик сайловида ғалаба қилгани айтилаётган Маҳмуд Аҳмадийнажод бир қатор Европа давлатларини Эрон ички ишларига аралашганликда айбламоқда.

Президентлик сайловида ғалаба қилгани айтилаётган Маҳмуд Аҳмадийнажод бир қатор Европа давлатларини Эрон ички ишларига аралашганликда айбламоқда.

Эрон расмийлари пойтахтдаги намойишларда иштирок этиш айби билан Буюк Британиянинг Теҳрондаги элчихонасида ишловчи маҳаллий саккиз ходимни ҳибс этди. Бу воқеа Теҳрон-Лондон муносабатларини янада кескинлаштирди.

Эрондаги Форс ахборот агентлигининг хабар қилишича, яқинда Теҳронда президентлик сайлови натижаларига қарши бўлиб ўтган намойишларда иштирок этган Буюк Британия элчихонасининг маҳаллий саккиз ходими қўлга олинган.

Агентликка кўра, ҳибс этилган шахслар Теҳрондаги намойишларда муҳим рол ўйнаган. Бироқ¸ Форс агентлиги ушбу хабар манбаини ошкор қилмади.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Девид Милибанднинг айтишича, Эрон расмийлари 27 июн куни элчихонанинг тўққиз ходимини ҳибс этган, бироқ кейинчалик улардан бир нечтасини озод қилган.

Грециянинг Корфу оролларида ўтказилаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти йиғинида иштирок этаётган Девид Милибанд Теҳрондаги элчихона ходимларининг ҳибс этилишидан жиддий ташвиш билдириб, ўз ҳукумати Эронга норозилик нотаси юборганини маълум қилди.

- Бу бизга нисбатан ҳақорат ва қўрқитишдир ва бу ҳаракатларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Улар элчихонанинг сидқидилдан хизмат қиладиган ходимларидир.

Сўнгги ҳафталар мобайнида Теҳронда рўй берган намойишлар ортида Буюк Британия элчихонаси турибди, деб ўйлашга умуман асос йўқ, деди Девид Милибанд.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирига кўра, ушбу масала ЕХҲТ доирасида учрашаётган ЕИ Ташқи ишлар вазирларининг бугунги учрашувида муҳокама қилинади.

12 июн кунги президентлик сайлови натижалари эълон қилингандан сўнг Теҳрон кўчаларида бўлиб ўтган намойишлар чоғида 20 дан зиёд фуқаро нобуд бўлди.

Айни пайтда Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи ҳукумат ва мухолифат тарафдорларига мурожаат қилиб, уларни миллий бирдамликка чақирди.

- Ёш намойишчилар эҳтиросларини оловлантирманг ва одамларни бир-бирига қарама-қарши қилманглар деб мен ҳар иккала томонга мурожаат қиламан, деди Эрон Олий руҳонийси.

Теҳрон сўнгги ҳафта ичида буюк британиялик икки дипломатни мамлакатдан қувди. Бунга жавобан Британия ҳукумати ҳам эронлик дипломатларни Лондондан чиқариб юборди.

Айни пайтда Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод эндиликда Ғарбга нисбатан қаттиққўл ва кескин сиёсат билан ёндашишини маълум қилди.

Маҳмуд Аҳмадийнажод Ғарб давлатларини Эрон ички ишига аралашганликда айблаб келмоқда.

Кўпгина Ғарб давлатлари 12 июн кунги президентлик сайлови натижаларига қарши Теҳронда ўтказилган намойишларни куч билан тарқатгани учун Эрон ҳукуматини танқид қилмоқда.

Сайловнинг расмий натижаларига кўра, амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод мутлоқ ғолиб деб топилган. Бироқ мухолифатчилар сайловда қонунбузарликка йўл қўйилганини таъкидлаб, қайта сайлов ўтказишни талаб қилиб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG