Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:43

Қийноқ масаласи кўтарилмоқда


Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулованинг айтишича, қийноққа солинган маҳбуслардан келаётган шикоят аризалари миқдори кўпайган.
Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулованинг айтишича, қийноққа солинган маҳбуслардан келаётган шикоят аризалари миқдори кўпайган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, мамлакатда жиноятда гумонланиб қўлга олинганларни қийноққа солиш ҳолатлари кўпайиб бораётир.

Сўнгги бир ярим йил мобайнида Қирғизистонда 300га яқин одам ҳуқуқ - тартибот тузилмалари ходимлари томонидан калтакланган. Бишкекдаги “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази мана шундай хабар тарқатди.

Мазкур марказ раҳбари Азиза Абдурасулова фуқароларнинг ҳуқуқий саводсизлиги, малакали адвокатлар етишмаслиги, ички ишлар ходимлари касбий малакасининг пастлиги мамлакатда қийноқлар қўлланилишига сабаб бўлаётган асосий омиллар эканини айтади:

- Қонун доирасида қийноқлар умуман қўлланилмаслиги лозим. Қирғизистон “Қийноқларга қарши конвенция”га имзо чеккан.

Бироқ, қўлга олинганларни калтаклаш ҳуқуқ – тартибот тузилмалари ходимлари орасида кенг тарқалган.

Қийноқларга барҳам бериш масаласида сиёсий ирода ҳам керак. Яъни қийноқларни қўллаган одамларни жазога тортсак, қолганларга ўрнак бўларди, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова.

Айни пайтда, Ички ишлар вазирлигининг бир қатор вакиллари “қийноқ” деган сўзни милиция ходимларига боғлаш тўғри эмаслигини айтмоқдалар.

Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, айрим ёш милиция ходимлари тажрибасизлиги сабабли қўлган олинган шахсларга бир-икки тарсаки туширганини¸ умуман¸ қийноқ деб аташ мумкин эмас.

- Кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари баъзи пайтларда асоссиз фактлар асосида хабарлар тарқатадилар. Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг “милиция 300 одамни калтаклаган”, деган маълумоти ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.

Милиция ходимлари фаолиятини назорат қилувчи прокуратура деган тизим бор. Бизнинг ҳар бир ҳаракатимиз прокуратуранинг қатъий назорати остидадир. Шунинг учун ҳам ички ишлар бўлинмаларида қийноқ қўллаш учун имкониятнинг ўзи йўқ, дейди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мабуот хизмати раҳбари Бақит Сейитов.

Айни пайтда Ўшдаги “Сулаймон нури” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Содиқжон Маҳмудов Қирғизистонда қўлга олинган шахсларга нисбатан қийноқларнинг қўлланилиши юзасидан ёзилган аризалар кўп маротаба тегишли идораларга топширилгани, бироқ бу аризалар юзасидан бирон марта тергов олиб борилмаганини айтади:

- 2007 йилда қийноқлар қўллагани учун бир қатор терговчилар лавозимидан бўшатилган. Бундан ташқари қийноқларни қўллаган шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган, холос.

Қирғизистон Жиноий Кодексининг 35 модаси, яъни қийноқ қўллаган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш моддасига асосан республикада ҳали бирон марта ҳам суд жараёни ўтказилмаган, дейди Содиқжон Маҳмудов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, 2008 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти молиявий кўмагида ҳуқуқ ҳимоячилари жазони ўташ ва терговгача вақтинча сақлаш муассасаларидаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганганлар.

Содиқжон Маҳмудовга кўра, мазкур лойиҳа асосида иш олиб борилган 10 ой давомида биргина “Сулаймон нури” ташкилотига маҳбуслардан ўзларига нисбатан милиция ходимлари томонидан қийноқлар қўлланилгани тўғрисида 94 ариза тушган.
XS
SM
MD
LG