Линклар

Инқироз тандирчининг ҳам эшигини қоқди

  • Гулнора Равшан

Азимжон ака ўз тандирларининг яқин-атрофда ном чиқарганини айтади.

Азимжон ака ўз тандирларининг яқин-атрофда ном чиқарганини айтади.

Ота-боболаридан қолган ҳунари билан оиласидаги 22 жонни боқаётган тожикистонлик тандирчи Азимжон ака иқтисодий бўҳрон туфайли ўз молига харидор сийраклашиб қолганидан гапиради.

Рудакий туманининг Деҳқонобод маҳалласида туғилиб ўсган 61 ёшдаги уста Азимжон ака эсини танибдики, тандир ясайди.

Азимжон ака тандирчиликни ўтган асрнинг 30- йилларида Ўзбекистоннинг Қўқонидан Тожикистонга кўчиб келган отасидан ўрганган. Бу ҳунари билан у бугун оиласидаги 22 жонни боқади.

- Шу ҳунар билан суягимиз қотди. Мана, олтита ўғлим бор. Улар ҳам шу иш билан банд. Ўқи, десам кучлари етмадими, ўқишмади.

Рўзғоримиз ҳам, тўйю маъракамиз ҳам шу сотган тандирларимиз ҳисобидан, дейди Азимжон уста янги тикланган тандирга ишлов беришда давом этаркан.

Азимжон акага кўра, тандирга ишлов бериш жараёни камида 3-4 соат давом этади ва анчагина куч талаб қилади.

- Энди бунинг лойини пиширамиз. Бунинг учун икки хил асбоб керак. Товончани ўзим ҳам ясайвераману, аммо мана бу ғундакни кулолчилик цехларда пишириш керак.

Душанбеда бунинг имконияти йўқ, шунинг учун бу асбобни Ўзбекистоннинг Риштонидан олиб келамиз.

Бу асбоблар тандирнинг лойини преслаш баробарида унинг ичини силлиқлайди. Лой қанчалик қаттиқ пишса, тандир ёрилмайди, ноннинг орқасига тандирнинг кесаги ёпишмайди, дейди уста ака.

Уста бир кунда иккита тандир ясайди. Тандирлар эса андазасига қараб нархланади¸ яъни тандирга нечта нон сиғиши назарга олинади.
Тандирларнинг нархи 50 сомонийдан 120 сомоний ( 11 доллардан 27 долларгача - таҳририят)гача.

- Ҳар йил бемалол сотар эдик. Мана бу йилга келиб кризиснинг таъсирими, халқда пул йўқ. Қаерга борсак “Насияга беринг, ўн кундан кейин келинг, Россиядан пул келса¸ оламан”, дейишади.

Энди бу тандир рўзғорнинг керакли нарсаси, ҳаммага ҳам керагу лекин бечора халқимизда пул йўқ, дейди Азмжон ака.

Азимжон ака шу йилга қадар фақат тандир ясаганини, уни сотиш ташвишини қилмаганини, чунки харидорлар ўзлари унинг уйига келиб, тандир сотиб олишганини айтади.

Аммо жорий йилда уста тандирларини республика қишлоқ ва туманларига олиб чиқиб, эрталабдан то қош қорайгунга қадар харидор ахтараётган экан.

Азимжон ака ва ўғилларининг муаммолари биргина бу эмас.

- Тандиримиз учун керакли тупроқ ахтарамиз, бизга ширали тупроқ керак. Бунақа тупроқ Ҳисор тоғларида бўлади. Лекин ҳозир бу ҳудудларни одамлар эгаллаб олган, яъни сотиб олишган. Улар ғишт қуйишади, шунинг учун кейинги пайтлар энг катта муаммоимиз тупроқ бўлиб қолди.

Бемалол истаган жоймиздан тупроқ ололмаймиз. Устига устак¸ ҳозир цемент тандирлар чиққан. Бу ҳам ишимизнинг белига тепаяпти.

Лекин цемент тандирни бир марта ўрнатган одам қайтиб сотиб олмаса керак, чунки цемент тандирнинг нони тез қотиб қолади. Уни қиздириш ҳам муаммо. Аммо бу ота - боболардан қолган мерос, лой тандирларнинг нони уч тўрт кун юмшоқ туради. Ўтин ҳам кам ишлатилади, дейди Азимжон ака.

Суҳбат давомида пайқаганимиз ўзбегу тожик косибларининг нонини нимта қилаётган яна бир омил Тожикистон бозорларида хитойи темир тандирларнинг пайдо бўлаётгани экан.

- Энди карвон кўп, ризқи бошқа. Кунимизни ўтказаяпмиз бир амаллаб. Даромадларимиз бу эшикдан кирса, бошқа эшикдан харажатларимиз учун чиқиб кетаяпти.

Ҳа, энди нолимаймиз. Худо халқимизга тинчлик фаровонликни берсин. Шу халқда пул бўлса, ун арзон бўлса, бизга ҳам иш бўлиб туради. Оллоҳдан тилаганим шу, дейди Азимжон ака.
XS
SM
MD
LG