Линклар

"Жиҳодчи"лар ови бошланди


2004 йилнинг 30 март куни Тошкентдаги Чорсу бозорида юз берган портлаш учун маъсулиятни номини аввал биров эшитмаган “Исломий жиҳод иттиҳоди” зиммасига олган эди.

2004 йилнинг 30 март куни Тошкентдаги Чорсу бозорида юз берган портлаш учун маъсулиятни номини аввал биров эшитмаган “Исломий жиҳод иттиҳоди” зиммасига олган эди.

Германиянинг Франкфурт шаҳрида “Исломий жиҳод иттиҳоди” га алоқадорликда айбланаëтганлар устидан маҳкама бораëтган айни пайтда¸ Ўзбекистонда шу гуруҳ аъзолигида айбланиб¸ 15 йигит қамоққа олинди.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Чоршанба” маҳалласида яшовчи 29 ёшли Ойбек Остонов Тошкент шаҳридаги кафелардан бирида қоровул бўлиб ишларди.

Ойбекнинг опаси Насиба Остонованинг Озодликка билдиришича, жорий йилнинг 18 июн куни Қашқадарё вилоят миллий хавфсизлик хизмати ходимлари укаси Ойбекни Тошкентда ушлаб, Қашқадарёга олиб кетишган.

Насиба Остонова: Тошкентда Мирзо Улуғбек паркидаги “Уголок” кафесида охранник бўлиб ишлаëтган эди. 18 июн куни кечки соат 10-11 ларда иккита машинада олти киши келиб олиб кетишган. Эшитишим бўйича¸ айбдор қилишаëтган эмиш.

Озодлик: Нимада айблашаяпти?

- Конституцияга тажовуз қилиш билан бирга «Исломий жиҳод”га қатнашган деган туҳмат билан айб қўйишаяпти. Бу нарса укамга ëт нарса.

Менинг укам бунақа нарсаларга аралашган бўлмаса¸ ҳозир ишлаëтган жойида ичкилик ҳам бор, қизлар ҳам бор. У қизларни кўрса¸ намозни ҳам эсидан чиқарадиган бола. Намоз ўқимайди. Ҳозир Ойбек билан бирга яна 15 кишини олиб кетишганмиш¸ дейди Насиба Остонова.

Ўзбекистондаги Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам Қашқадарёда 15 нафар йигит “Исломий жиҳод иттиҳоди” гуруҳига алоқадорликда айбланиб¸ ҳибсга олинганини тасдиқлади.

- Остонов Ойбекни Қашқадарë вилояти МХХ ходимлари ноқонуний ҳибсга олиб¸ Тошкентдан Қаршига олиб кетишган. У ҳозирча Бешкент туман изоляторида сақланмоқда.

Остонов Ойбекдан ташқари 15 га яқин қўлга олинганлар тергов қилинаяпти. Ҳаммаси ЖКнинг 159 моддаси - Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, 244 модданинг 1-қисми - Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш¸ 224 модданинг 2-қисми - Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш моддалари билан айбланаяпти, дейди Суръат Икромов.

Биз Қашқадарёдаги оммавий ҳибсга олиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоят миллий хавфсизлик идорасига боғландик.

Озодлик: Бу Қашқадарë вилояти МХХми ?

МХХ ходими: Ҳа, худди шундай.

Озодлик: Мен радиодан телефон қилаяпман. Исмим Меҳрибон. Қашқадарë вилояти МХХ ходимлари томонидан Шаҳрисабзда 15 кишини “Исломий жиҳод”да айблаб қўлга олишибди, деган хабар чиқди. Шу ахборотни ўрганаëтган эдик.

МХХ ходими: Меҳрибон опа¸ бу маълумотдан менинг хабарим йўқ. Бунга мутасаддилар билан гаплашиш у ëқда турсин¸ телефонини ҳам беришимиз мумкин эмас.

Озодлик: Ҳибсга олинганми ëки йўқми?

МХХ ходими: Хабарим йўқ.

Суръат Икромовга кўра, “Исломий жиҳод иттиҳоди” гуруҳига алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олиш Ўзбекистонда илк бор учраяпти.

Суръат Икромов бу гуруҳ Ўзбекистонда мавжуд эмаслигини айтаркан, Қашқадарёдаги оммавий ҳибсларни ўзбек ҳукуматининг навбатдаги сиёсий ўйини сифатида баҳолайди.

- "Исломий жиҳод" ташкилотининг Ўзбекистонда борлиги ҳали номаълум. Нимагаки¸ бу борада ҳали бирорта суд жараëни бўлмади ва биз бу ташкилотга алоқадорликда айблаб қамалган бирорта одам ҳақида ҳали эшитмадик.

Шунинг учун мен бунга шубҳа билан қараяпман. МХХ “Шуни уюштириш керак. Рақамлар керак. Террорист деган тамға қўйилиши керак” деган буйруқни бажараяпти.

Бутун дунёга бизда шунақа террорчилар бор, деб кўрсатмоқчи бўлаяпти-да. Бу сиëсий ўйин. Шу ўйин давом этаяпти, деди Суръат Икромов.

Бир қатор хорижий оммавий ахборот воситаларига мурожаат йўллаб¸ ўзини “Исломий жиҳод иттиҳоди” деб таништирган гуруҳ жорий йилнинг 26 май куни Хонобод ва Андижонда бўлган воқеаларни ўз зиммасига олишини билдирди.

“Қашқадарёда 15 нафар йигитнинг айнан “Исломий жиҳод иттиҳоди”га алоқадорликда айбланиб ҳибсга олиниши айни воқеа билан боғлиқ эмасми?” деган савол туғилади.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, бундай боғлиқлик йўқ ва Қашқадарёдаги оммавий ҳибс Ўзбекистонда диндорлар билан боғлиқ янги сиёсий репрессия бошланаётганидан далолатдир.

- Ўзи "Исломий жиҳод" қонундан ташқари бўлса. Ақли бор одам бу ташкилотнинг аъзоси бўладиган бўлса¸ ҳеч қачон Ўзбекистон ҳудудига кирмайди. Чунки бугун бўлмаса¸ эртага қўлга тушиши мумкин.

15 кишини бир жойдан топиб қамашнинг ўзи умуман ақлга тўғри келмайди. Гап шундаки¸ махсус хизматлар ўзини оқлаш учун, репрессияларни бошлаш учун янги бир экстремистик¸ террористик гуруҳлар пайдо бўлди, деб янги саҳифани очаяпти.

“Биз олдинги террорчиларни тугатиб бўлдик. Энди янгилари пайдо бўлаяпти” деб шунақа ишларни қилаяпти. Буни давоми албатта бўлади.

Ҳукумат бир ëки икки гуруҳ одамни қамаш билан чекланмайди. Ҳукумат иқтисодий¸ ижтимоий муаммолардан¸ инқироздан халқни чалғитиш учун¸ бундан ташқари халқни қўрқитиш учун қама-қамаларни давом эттираяпти, деди Тошпўлат Йўлдошев.

“Исломий жиҳод иттиҳоди” гуруҳи 2004 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажралиб чиққанини эълон қилган ва ўша йили Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятларида содир этилган ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.
XS
SM
MD
LG