Линклар

Бўрими¸ олабўжими?

  • Фаррух Юсуфий

НАТО раҳбарига кўра¸ агар жангарилар Марказий Осиëга ўтмоқчи бўлса¸ халқаро кучлар уларни тўхтатиб қололмайди.

НАТО раҳбарига кўра¸ агар жангарилар Марказий Осиëга ўтмоқчи бўлса¸ халқаро кучлар уларни тўхтатиб қололмайди.

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Ўзбекистонга туташ ҳудудларда фаоллашгани ҳақдаги хабарларни шарҳлаëтган таҳлилчилар¸ бу гуруҳнинг Ўзбекистонга таҳдид солиш даражасида эмаслигини айтмоқдалар.

11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Афғонистонга бостириб кириб, толибон режимини ағдарганидан 8 йил ўтиб¸ исломий жангарилар ўз фаолиятини қайтадан ташкил қилиб, бу воқеалардан аввалги истеҳкомларига қайтмоқда.

Франс пресс агентлигига кўра, ўтган ҳафта Афғонистоннинг шимолий минтақаларида бўлиб қайтган АҚШ генерали Майкл Флинн бу ҳақда огоҳлантирган.

Афғонистон расмийлари ҳам исломий жангарилар, хусусан, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг мамлакат шимолидаги вилоятларда фаоллашиб қолганини айтмоқда.

Ўтган ҳафта ЎИҲнинг 80 аъзосидан иборат гуруҳнинг Сари Пул вилоятининг Олмалиқ қишлоғида база қурганига оид хабарлар пайдо бўлди. Сари Пул Ўзбекистонга чегарадош бўлган Жузжон вилоятига қўшни вилоятдир.

Жузжон вилояти ҳокими Муҳаммадҳошим Зорий Озодлик радиоси билан суҳбатда, Афғонистон президенти сайлови яқинлашган сари толибон, ЎИҲ ва бошқа жанггари гуруҳларнинг шимолий вилоятларда фаоллашиб бораётгани кузатилмоқда, дейди.

- Шубҳасиз, жангари гуруҳларнинг фаоллашиб қолгани ҳақида гапириш мумкин. Булар Покистондан туриб бошқарилаётган гуруҳлар, шу жумладан, Тоҳир Йўлдош етакчилигидаги жангарилардир. Жузжон, Сари Пул ва Фарёб вилоятларида бу гуруҳларнинг ҳаракатлари кўпроқ кузатилмоқда. Улар¸ асосан¸ тун пайтида ҳаракат қилишади. Бизда ҳозир айни ҳосил йиғим-терими мавсумидир ва жангариларнинг фаоллашгани деҳқонларга ҳалақит беради¸ ҳамда Афғонистонда ўтказиладиган сайловларда хавфсизликни таъминлаш чораларига путур етказади, албатта. Лекин ҳукумат хавфсизлик кучларининг жанггариларга қаршилик кўрсатиш салоҳияти етарли ва уларнинг мамлакатдаги жараёнларга таъсир кўрсатишига йўл қўймаймиз, дейди Ўзбекистон чегарасига бевосита туташ Жузжон вилояти ҳокими.

Ал-Қоида террор тармоғига яқин алоқада бўлган толибон ва Ўзбекистон исломий ҳаракати каби гуруҳлар яқинларгача¸ асосан¸ Афғонистон-Покистон чегара олди минтақаларида ҳаракат қилиб келган. Уларнинг энди Афғонистон шимолида фаоллашиб қолгани Покистон армиясининг кейинги икки ой ичида Сват водийсида жангариларга қарши амалиёт олиб бораётгани билан ҳам изоҳланмоқда.

Берлиндаги Хавфсизлик масалалари бўйича Жорж Маршалл маркази таҳличлиси Ник Пратт, жангариларнинг айнан Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларига кўчганини яна бир омил билан изоҳлайди.

- Бу гуруҳлар яқинларгача Покистонда жойлашган эди, ҳозирда Покистон армиясининг Сват водийсидаги жангариларга қарши йирик операцияси давом этаëтгани инобатга олинса, албатта, кўп нарсага фаросати етадиган террорчиларнинг ўз базаларини Афғонистонга кўчириши табиий.

Лекин толибон ва Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг Марказий Осиё билан туташ ҳудудларга кўчгани бу минтақа давлатларига бевосита таҳдидни англатмайди. Уларнинг асосий мақсади Афғонистондаги коалиция кучларига зарба беришдир. Хусусан улар Афғонистон шимолидаги Германия ҳарбийлари ва қайта қуриш билан шуғулланадиган агентликларга ҳужум уюштиришни кўзлаган бўлиш мумкин. Чунки улар немисларнинг ўз сафларида талафотлардан ҳафсаласи пир бўлиб бораётгани Афғонистондаги коалицион кучларнинг нозик жойи эканини жуда яхши билишади, дейди Ник Пратт.

Айни пайтда, ўтган ҳафта НАТО Бош котиби Яап де Хооп Схеффер Қозоғистонга қилган ташрифи чоғида Афғонистонда исломий экстремистларга қарши олиб борилаётган ҳаракатлар уларнинг ўз ҳаракатларини бошқа минтақаларга кўчиришига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Агар жангари ва экстремистлар Марказий Осиё давлатларига ўтишни ният қилса, НАТО кучларни уларни тўхтата олмайди”, деди жумладан НАТО раҳбари.

НАТОнинг Брюсселдаги вакили Озодлик билан суҳбатда НАТО раҳбарининг сўзларида янгилик йўқлиги, зотан НАТО кучлари Афғонистонда чегараларни қўриқлаш билан шуғулланмаслигини таъкидлади.

Марказий Осиё минтақсидаги жангарилик ҳаракатини яхши биладиган таҳлилчи Ник Пратт НАТО Бош котибининг исломий жангариларнинг минтақага нисбатан таҳдид қилаётганига оид фикрлари жуда бўрттирилган, дейди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG