Линклар

Водийда арзончилик?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонликларнинг кўпи арзончиликдан мамнун бўлса¸ айримлари унинг ортидан кескин кўтарилиш бўлмасмикин¸ дея хавотирда.

Ўзбекистонликларнинг кўпи арзончиликдан мамнун бўлса¸ айримлари унинг ортидан кескин кўтарилиш бўлмасмикин¸ дея хавотирда.

Шу кунда ун-нон, мева-чева ҳамда айрим қурилиш материаллари анча арзонлаган. Oптимистлар арзончиликни халқнинг тиришқоқлиги, пессимистлар эса харид қувватининг пасайиб кетганлиги билан изоҳламоқда.

Андижон ва Фарғона бозорларидаги нарху навони ўрганиш ишида менга фарғоналик ва андижонлик тингловчиларимиз ёрдам берди.

Фарғона бозорларида бу йил мева фавқулодда арзон, дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

- Мева-чевалар Фарғона бозорларида ҳақиқатан ҳам жуда арзонлаган. Яқиндагина 500 сўмдан сотилаëтган сархил¸ чиройли пишган ўриклар 200-300 сўмга тушиб қолди.

Яқинда 2500-3000 сўмдан сотилаëтган Россия гилослари¸ қашқар гилос деймиз¸ 800-1000 сўмга тушиб қолди¸ дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Андижонда ҳам мева бу йил арзон, лекин энг арзони ўрик, дейди Аҳмаджон ака.

- Мевалар жуда арзон. Шу даражада арзонки¸ 200 сўмга бир кило ўрик беради ҳозир¸ дейди Аҳмаджон ака.

Мевадан ташқари¸

- Нонлар жуда арзон бўлиб кетди. 400-450 сўмга чиқиб кетган нонлар 250 сўмга тушиб кетди¸ дейди Аҳмаджон ака.

Демак, шу кунда Фарғона водийсида мева-чеваю ун-нон арзон.

Қурилиш материалларининг ҳам баъзи турлари, масалан, цемент арзон бу йил.

- Кеча килосини 190 сўмдан олдик¸ дейди Аҳмаджон ака.

Лекин бу янаям қимматлаб қолгани. Чунки¸

- 10 кунча олдин 140 сўмдан олган эдик¸ дейди Аҳмаджон ака.

Ўтган йилги нархга қиёслаганда цемент 2 бараварга арзонлади, дейди бошқа бир андижонлик Бурҳон ака.

- Цемент ўтга йили 300 сўмга чиққан эди¸ дейди Бурҳон ака.

Шифер ҳам бу йил арзонлади.

- Шифер ўтган йил 16 минггача чиққан эди. Ҳозир 9000-10000 га олса бўлади дейишаяпти¸ дейди Бурҳон ака.

Хўш¸ арзончиликнинг сабаби нимада?

Фарғоналик Маъруфжон аканинг фикри мана бундай.

- Бу йилги арзонлашувнинг энг асосий сабабларидан бири ҳақиқатан ҳам боғу-роғларда етиштирилган меваларнинг кўплиги.

Мана кечагина Олтиариққа бориб келдим. Олтиариқнинг йўлидаги боғларда мевалар саланглаб осилиб ëтибди. Ҳосил чиндан ҳам кўп.

Иккинчидан¸ Исроил Усмоновнинг асшуласи бор. Ўша ашуланинг “Пул бўлмаса арзонидан не фойда” деган сатрлари бор. Одамлар шунчалик арзон даражадаги нарсани сотиб олиш даражасида бадавлат бўлмаслиги мумкин¸ дейди Маъруфжон ака.

Арзончилик сабаблари тўғрисида фикр юритган, андижонлик Аҳмаджон аканинг гапларида Маъруфжон аканинг сўнгги фикрига ҳамоҳанглик кўрдик. Аҳмаджон аканинг ўзи ҳам савдогар.

- Нақд пул йўқ. Ҳалигидақа карточка қилиб олибди. Биз уни нима қилишни ҳам билмаймиз. Бир нарса карточка оласизми¸ дейди. Йўқ¸ деймиз. Ундан пул чиқариб олар экан. Биз уни билмаймиз ҳам. Халқнинг қўлида нақд пул йўқда ҳозир¸ дейди Аҳмаджон ака.

Пластик карточкаларни назарда тутаяпти Аҳмаджон ака.

Демак, арзончиликнинг бир сабаби ҳосилнинг мўл бўлгани, иккинчиси – аҳоли харид қувватининг пасайиб кетганидир.

Харид қувватининг пастлигига эса, суҳбатдошларимиз фикрича, бир томондан меҳнат мигрантларидан келаётган ақчанинг кескин камайиб кетгани ҳамда нақд пул тақчиллиги сабаб бўлмоқда.

Натижа – арзончилик.

Лекин, андижонлик Бурҳон аканинг фикрича, арзончилик. деб суюнишга ҳеч қандай асос йўқ.

Ҳамма гап ўтган 2008 йили ҳамма нарса фавқулодда қимматлаб кетганида. Шунинг учун нархларнинг бу йил бироз қайтганидан арзончилик келди, деган нотўғри таассурот пайдо бўлаяпти.

- 2006-2007 йилларга солиштирганда жуда қиммат ҳозир. Мен аниқ биламан¸ 2007 йилда қиëм қилиш учун 75 сўмдан ўрик олиб келиб берганман¸ деди Бурҳон ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG