Линклар

Ўзбек маҳбуси иқрорига асосланган немисча маҳкама

  • Абдулла Искандар

“Исломий жиҳод иттиҳоди” аъзолари экани даъво қилинаëтган судланувчилар¸ Германия аксил-террор гуруҳларининг 2007 йилги махсус амалиëти давомида қўлга олинган эди.

“Исломий жиҳод иттиҳоди” аъзолари экани даъво қилинаëтган судланувчилар¸ Германия аксил-террор гуруҳларининг 2007 йилги махсус амалиëти давомида қўлга олинган эди.

Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажрагани даъво этилаëтган “Исломий жиҳод иттиҳоди” га аъзоликда айбланаëтган Германия фуқароларига қарши Тошкент турмасида 19 йиллик жазо ўтаëтган маҳбус кўрсатма берди.

Германиянинг Франкфурт шаҳрида “Исломий жиҳод иттиҳоди” аъзолари сифатида кўрилган уч нафар Германия фуқароси устидан маҳкама жараëни бошланди.

Айбланувчиларнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари билан биргаликда жанговарликдан таълим олгани айтилмоқда.

Ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари билан 27 июн куни бошланган маҳкама қора курсисида ўтирганларга қарши Ўзбекистон қамоқхонасида диний экстремизмда айбланиб жазо ўтаëтган Шерали исмли маҳкумнинг берган гувоҳлиги асосий далил-исбот сифатида ишлатилмоқда.

Немис терговчиларининг Ўзбекистонга махсус бориб¸ Шералини сўроқ қилишгани маҳкама жараëнида билдирилди.

Айни пайтда немис матбуоти “Нега Германия адлия тизими репрессив режим қамоқхонасидаги маҳкумнинг иқрорига таяниши керак?” деган саволни ўртага қўймоқда.

Бу саволни ўртага қўйган “Die Zeit” газетаси “Германия халқаро терроризмга қарши ҳамкорликдаги кураш шиори остида¸ инсон ҳуқуқлари топталаëтган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилмоқда” деб ëзди ва маҳкама тасарруфидаги ўзбекистонлик маҳкум иқрорига шубҳа билдирди.

Франкфуртда ўтаëтган маҳкамада ўзбекистонлик Шерали исмли маҳкум билан бир қаторда Қозоғистонда жазо ўтаëтган ва ўзбек эканлиги тахмин қилинган Аҳмаднинг ҳам иқрорномасидан фойдаланилмоқда.

Бу ҳақдаги тафсилотларни суд жараëнини кузатаëтган ва ëпиқ ўтаëтган жараëн ҳақда ҳозирча гапириш ваколатига эга бўлмаганидан ўз исми айтилишини истамаган немис журналисти хабар қилди.

- Иқрорномаси суд жараëнида фойдаланилаëтган бу икки шахс Ўзбекистон ва Қозоғистондаги қамоқхонада жазо ўтамоқда.

Немис терговчилари уларнинг кўрсатмаларидан фойдаланишмоқда. Улар Франкфурт ва Дюссельдорфдаги маҳкамада айбланганлар билан алоқада бўлганини айтишган¸ дейди маҳкамани кузатаëтган немис журналисти.

Суҳбатдошга кўра¸ Германия маҳкамаси қора курсисидаги 27 яшар Ҳусайн ва 28 яшар Умида¸ 2007 йилда Германияда бир қатор портлашлар уютириш мақсадида¸ портловчи модда учун зарур унсурларни сотиб олишга уринишган.

Бундан олдин улар Афғонистондаги лагерда жанговар таëргарликдан ўтишган. Ҳозир Ўзбекистон ва Қозоғистон қамоқхоналарида терроризмда айбланиб жазо ўтаëтган Шерали ва Аҳмадларнинг улар билан бирга эканлиги маҳкамада айтилган.

Озодлик: Немис терговчилари Ўзбекистонга бориб Шералини тергов қилганми?

- Немис терговчилари Ўзбекистон ва Қозоғистон қамоқхонасида уларни тергов қилишган¸ дейди ўз исми айтилишини истамаган немис журналисти.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ зобити Икром Ëқубов Ғарб терговчисининг ўзбек қамоқхонасида сўроқ қилиш жараëнларининг гувоҳидир.

- Биринчидан¸ жуда муҳим бир жиҳатга эътибор бериш керакки¸ Ўзбекистон қамоқхоналарига¸ умуман Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари назорати остида бўлган зоналарга ëки тергов изоляторларига бирор-бир хорижлик киришининг ўзи жуда қийин масала.

Немис терговчисининг боргани ва Шерали исмли маҳкумни сўроқ қилгани менинг эсимда. Бу шу нарсадан далолат берадики¸ Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар биз ўйлагандан кўра ҳам яқинроқ. Бу биринчи масала.

Иккинчи масала шундаки¸ бир хорижликнинг келиб Ўзбекистон ҳукумати рухсат бергандан кейин сўроқ қилиш процедураси мана бундай бўлади:

Авваламбор¸ сўроқ қилинадиган шахс бир неча шахслар ичидан танлаб олинади ва унга қандай жавоб бериш кераклиги яхшилаб тушунтирилади.

Тергов қилинмоқчи бўлаëтган шахс МХХ терговчилари ëки милиция терговчиларининг кўрсатмаларини инобатга олмайдиган бўлса¸ уни ҳар қандай қийноқ усулини қўллаб бўлса ҳам ўзларининг йўриғига юргизишшга ҳаракат қилишади.

Мана шу практикагина мавжуд. Ўзбекистон куч ишлатар тизимларида бошқа практика йўқ¸ дейди МХХ собиқ зобити Икром Ëқубов.


Ëпиқ режимлар билан мулоқот қилаëтган немис адлияси танқидга учради

Нега Германия адлия тизими Ўзбекистон каби репрессив тузум билан ҳамкорлик қилмоқда? Нега Қизил Хоч ва халқаро инсон ҳуқуқлари фаолларига очилмаëтган ўзбек қамоқхонаси эшиклари немис терговчилари учун ланг очилмоқда?

Озодлик мухбири бу саволларни Германия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибига берди.

- Бизда судлов ва тергов тизими мустақил. Франкфуртдаги адлия тизимлари ишига биз аралаша олмаймиз.

Кимни¸ қаерда¸ қачон ва қай тарзда тергов қилишни терговчиларнинг ўзлари мустақил белгилашади¸ дейди Германия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими суҳбат давомида немис терговчисининг ўзбек ëки қозоқ қамоқхонасида тергов қилинишига сиëсий ëрлиқ ëпиштирмаслик кераклигини тавсия қилган бўлди.

Ислом ва террорчилик масалалари бўйича даниялик мутахассис Флемминг Роуз¸ ўзбек маҳбуси иқрорининг немис маҳкамасида ишлатилишини "кулгили" деб атади.

- Ўзбекистон маҳбусларга нисбатан ўта репрессив муносабати билан машҳур. Ўзбекистонда маҳбуслар қийноққа тутилишини¸ исканжага солинишини биламиз.

Улар берган гувоҳлик бир ҳужжат ролини ўтай олмайди ва маҳкаманинг холислигини шубҳа остига қўяди¸ дейди ислом ва террорчилик масалалари бўйича даниялик мутахассис Флемминг Роуз.

Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей¸ қийноқлар эвазига олинган иқрорномаларнинг Ғарб давлатлари тарафидан истифода қилинишини қоралаб келади.

- Германия маҳкамаси ўзбек маҳбуслари иқрорига таяниб айблаëтган уч фуқаро “Исломий жиҳод иттиҳоди” уюшмаси аъзоси деб кўрилмоқда. “Исломий жиҳод иттиҳоди”нинг Ўзбекистон исломий ҳаракатидан айрилган кичик гуруҳи экани иддао қилинади.

Баъзи рус манбалари ўтган ойги Андижон ва Хонобод портлашлари ортида “Исломий жиҳод иттиҳоди” турганини ëзган эди.Немислар ўзбек ҳукумати ривоятини машруъ қилмоқда¸ дейди Крейг Мюррей.

"Исломий жиҳод иттиҳоди"нинг асли йўқ бир ташкилот эканини немис ТВ канали¸ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ зобити Икром Ëқубов тилидан баëн қилган эди.

Ëқубов Озодлик мухбирига бу гапни яна такрорлади.

- “Исломий жиҳод” деган ташкилотнинг ташкилот сифатида ўзбек жамиятида борлигига мен ишонмайман. Чунки Ўзбекистонда жамият¸ аввал ҳам таъкидлаганимдай¸ тўлиқ МХХ ва куч ишлатар тизимларининг қўлида.

Шундай экан¸ қанақадир гуруҳ ва ташкилотнинг гуруҳ ва ташкилот сифатида уюшиши ва фаолият кўрсатиши¸ Ўзбекистон каби давлат шароитида амри маҳол нарса.

Иккинчидан¸ “Исломий жиҳод” ташкилоти ҳақида бир фикрни илгари сурмоқчиман. Менинг ўзимнинг қарашларим шундайки¸ бу Ўзбекистон махсус хизматларининг навбатдаги асос солган ташкилотларидан бири. Менинг фикрим шундай¸ дейди МХХ собиқ зобити Икром Ëқубов.

Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейга кўра¸ бу ташкилотнинг илдизи расмий Тошкент заминида.

-“Исломий жиҳод иттиҳоди” ташкилотининг мавжудлигига оид бирор исбот-далилни кўрганим йўқ. Бу ташкилотнинг Ўзбекистон махсус хизматлари тарафидан яратилгани ҳақдаги гаплар ҳақиқатга яқин.

2004 йилдаги портлашлар “Исломий жиҳод” зиммасига юклатилган эди. Портлашларнинг немис парламенти ҳайъатининг Тошкентга сафари олдидан бўлгани мени таажжубга солган эди¸ дейди Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей.

Крейг Мюррейга кўра¸ немис хавфсизлик кучлари нафақат “Исломий жиҳод иттиҳоди”нинг мавжудлигига ишонишни истаяпти¸ балки исломий таҳдид ҳақидаги ўзбек хавфсизлик хизмати яратган афсонага ҳисса ҳам қўшмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG