Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:07

Янги уруш ҳиди келмоқда


Айни кунларда Россия ҳарбийлари¸ Грузиянинг айирмачи ўлкаларида уруш ўйинлари ўтказмоқда.
Айни кунларда Россия ҳарбийлари¸ Грузиянинг айирмачи ўлкаларида уруш ўйинлари ўтказмоқда.

Ғарб давлатлари ўтган йилги Россия-Грузия можаросидан кейин путури кетган Москва билан алоқаларини яхшилашга уринаётган бир пайтда эски можаронинг янгидан бошланишига оид хавотирлар айтилмоқда.

Ўтган йил августида юзага чиққан Россия-Грузия можаросидан кейин Москва билан НАТО ўртасида тўхтаб қолган алоқалар шанба куни расман қайта тикланди.

НАТО-Россия кенгаши доирасидаги мулоқотни қайтадан бошлашга бағишланган мажлисдан кейин мухбирлар билан мулоқот қилган НАТО Бош котиби Яап де Хооп Схеффер икки томоннинг террорчилик ва ядровий қуролларни тарқатмаслик каби масалаларда ҳамкорлиги ўта муҳимлиги боис¸ гиналарни унутиш фурсати келганини таъкидлади.

- Ўзаро келишмовчиликлар НАТО-Россия кенгаши доирасидаги мулоқотнинг буткул тўхтаб қолишига сабаб бўлмаслиги лозимлиги ҳақида келишиб олганимиз йиғиннинг ижобий натижаси бўлди, деди НАТО раҳбари.

Грузияга оид масалалар хусусида келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда, лекин “Россия НАТОга муҳтож, НАТО эса Россияга муҳтождир”, дея қўшимча қилди Схеффер.

Айни матбуот анжуманида сўзлаган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ортиқча мулозамат қилиб ўтирмади.

- Бизнингча, ҳамма янгича реалликни қабул қилиши лозим. Биз Тбилиси бошлаган урушдан кейин қабул қилган қарорларни бекор қилмаймиз ва бу қарорлар амалдаги ишларда инобатга олиниши шарт, деди Россия Ташқи ишлар вазири.

Айни пайтда, 29 июн куни Россия Грузияга туташ Шимолий Кавказ минтақасида икки ҳафталик ҳарбий машқларни бошлади. 8000 дан ортиқ ҳарбий қатнашаётган уруш ўйинларининг бир қисми Грузиянинг айирмачи Абхазия ва Жанубий Осетия минтақасида ҳам ўтказилади. Бу эса Москва Кавказ минтақасида янги қуролли можарони бошламоқчи, деган хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Россия собиқ президенти Владимир Путиннинг собиқ маслаҳатчиси Андрей Илларионов Озодлик радиосига берган интервьюсида Москва террорчилик таҳдидига оид баҳоналар билан яна Грузияга ҳужум қилиши мумкин, дейди.

-Россиянинг барча пропаганда воситалари бунга шаъма қилмоқда. Улар Грузияни террорчи таҳдиди келаётган давлат, дея таърифламоқда. Кейинги пайтларда улар ҳатто, Россия ҳудудида амалга оширилган сўнгги террорчи хуружларининг Грузияга элтувчи излари бўлиши мумкинлиги ҳам айта бошладилар, дейди Илларионов.

Ўтган августда Тбилиси айирмачи Жанубий Осетия минтақасини ўз назоратига қайтаришга уринганида ўртада чиққан урушда Россия Грузиянинг ҳарбий салоҳиятини деярли йўққа чиқарди.

Ҳозирда Вашингтондаги Като Институтида таҳлилчилик қилаётган Илларионов фикрича, қуролли можаро Москва провокацияси маҳсули бўлган. Россия бир неча йилдан бери айирмачи минтақаларда ҳарбий базаларни қуриш ва ўз қўшинларини у ерда жойлаштириш орқали Грузия билан қуролли можарога тайёрланиб келган эди, дейди таҳлилчи.

-Қуролли кучларнинг бошқа давлат ҳудудига мунтазам равишда суқулиб кириши, жумладан халқаро тан олинган Россия-Грузия давлат чегарасининг бузилиши халқаро қонунларга кўра, агрессиянинг аниқ кўринишидир, дейди Путиннинг собиқ маслаҳатчиси.

Жорий ҳафтада бошланган ҳарбий машқлар 6 июл кунига қадар давом этади. Айни шу куни АҚШ Президенти Барак Обама Россия Президенти Дмитрий Медведев билан музокара қилгани Москвага келади. Вашингтон Москва саммити АҚШ-Россия муносабатларига янги туртки бўлишига умид қилмоқда. Илларионов Обама ташрифи давомида Россия Грузия билан янги можарони бошлаши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Айни пайтда, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳам янги можаро бошланиши мумкинлиги хусусида хавотир билдирмоқда. Россия ЕХҲТ кузатувчиларини можаро ҳудудларидаги мандатини узайтиришдан бош тортиб келмоқда. ЕХҲТ миссиясининг мандати ўтган ҳафта тугаган эди.

Бундан ташқари¸ Грузия ҳудудида қолаётган Европа Иттифоқининг 200 кишилик кузатувчилар гуруҳи айирмачи минтақаларга киритилмаяпти. Франция Ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер шанба кунги НАТО-Россия учрашувида мавжуд вазият қабул қилиб бўлмаслигини баён қилди.

-Мен бу масалада, яъни Европа Иттифоқи кузатувчиларини чегаранинг нарёғига қўйилишига оид масалада озгина муроса бўлишини истаётган эдим. Лекин менинг илтимосим ҳозирча қабул қилингани йўқ, дея таъкидлади ҳафсаласи пир бўлган Франция Ташқи ишлар вазири.

Шу ойнинг бошида Россия БМТнинг яна бир айирмачи минтақа Абхазиядаги 100 кишилик кузатувчилар гуруҳи мандатини узайтириш масаласига ҳам вето қўйди. Айни пайтда, Россия Франция воситачилигида эришилган сулҳ келишувининг асосий шартига зид равишда айирмачи минтақалардан минглаб қўшинларини олиб чиқишдан бош тортиб келмоқда.

Ўтган ҳафта маркази Брюсселда жойлашган Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи Жанубий Осетия ва Абхазия айирмачи ўлкаларидаги хавфсизлик вазияти аянчли қолаётганидан огоҳлантирди. Мавжуд омиллар, дейилади ташкилот эълон қилган ҳисоботда, ҳар қандай кичик воқеанинг янги жанжалга айлианиб кетишига олиб келадиган вазиятни яратмоқда.

Россия билан Грузия ўртасида янги можаро бўлишини башорат қилаётган яна бир россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенгауэр яқинда Jamestown Foundation жамғармасига тегишли Eurasia Daily Monitor нашрида эълон қилган мақоласида АҚШ президенти Москвага ташрифи чоғида бу таҳдидни тушунган ҳолда Грузия масаласини музокараларнинг кун тартибига оилб чиқса ва унинг бу тактикаси муваффақиятли бўлса, янги можаронинг олди олиниши мумкин, деб ёзди.
XS
SM
MD
LG