Линклар

Андишанинг оти қўрқоқ

  • Барно Анвар

Президент Каримов журналистларни дадилроқ бўлишга қанча кўпроқ даъват қилса¸ ўзбек журналистларини дадиллик шунча тезроқ тарк этаëтгандек кўринади.

Президент Каримов журналистларни дадилроқ бўлишга қанча кўпроқ даъват қилса¸ ўзбек журналистларини дадиллик шунча тезроқ тарк этаëтгандек кўринади.

Ислом Каримов ўзбек журналистларини ўз гражданлик позициясига эга бўлишга чақириб турган бир пайтда¸ 2008 йилнинг энг яхши журналистлари деб топилган ўзбек мухбирлари Озодликка оғиз очишдан ҳам чўчишди.

27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўзбекистонлик журналистларга мурожаат қилган президент Каримов оғзидан табрик билан бирга янграган танқид бу гал аввалгилардан бироз кескинроқ бўлди.

Аввал хабар қилганимиздек, президент Каримов журналистларни Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган юксак ҳиссасини улуғлаш билан бирга йиллар давомида улар қутула олмаётган муаммоларни санаб:

“…биз эскидан қолган, қўл-оёғимизни кишандек боғлайдиган баъзи бир қолиплардан, овозимизни баралла қўйишга халақит бераётган номаъқул қарашлардан, мухтасар қилиб, ўзбекона қилиб айтганда, андишани нотўғри тушуниш, ўзини ўзи назорат қилиш каби ҳолатлардан воз кечишимиз зарур”¸ деди жумладан.

Шу гапларни таъкидлаган президент Каримов журналистларнинг асосий камчиликлардан бири сифатида раҳбарларга “итоатгўйлик билан, муте бўлиб қараш ҳолатлари” борлигини танқид қилади.

Кейин эса ўзбекистонлик журналистларни ўз фуқаролик позициясида фаол бўлишга чақирди:

“Яъни, шу юрт меники, шу заминдаги ютуқ ва ўзгаришлар ҳам меники, лекин ҳаётимиз, тезкор тараққиётимиз йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга биринчи навбатда мен дахлдор ва масъулман… бу ҳаётда адолат учун, ҳақиқат учун курашадиган… журналистлар, қалам аҳлини мен ўзимга энг яқин инсонлар, деб биламан…”, дея журналистларни дадиллик, ошкораликка чорлади Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.

Ана шундай мақтов ва танқид руҳидаги табриклар остида “2008 йилнинг энг яхши журналисти”, деб топилган қаламкашларнинг номи матбуотда эълон қилинди.

10 журналист “2008 йилнинг энг яхши журналисти”, деб топилди. 14 журналист эса рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлди.

Ана шу мукофот муносабати билан биз “энг яхши”, деб топилган журналистлардан бир нечасига микрофон тутдик ва президентнинг байрам табригида билдирган танқидий фикр ҳамда тилакларига муносабатини билишга уриндик.

Аммо, уринишларимиз натижа бермади.

2008 йилнинг энг яхши журналисти, деб топилган “ЎзА” - Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг Республика ахбороти таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Олим Тўрақулов: “Сизнинг радиоингиз Ўзбекистонда аккредитациядан ўтмаган”, деган, одатда, амалдорлар рўкач қиладиган важ билан суҳбатдан бош тортди.

- Рухсати бор¸ расмий нимадан ўтган одамларни жўнатинглар. Бу мавзуда истаганча суҳбатлашамиз. Ҳеч тортинадиган¸ яширадиган¸ нима деган жойимиз йўқ¸ деди Олим Тўрақулов.

Яна бир энг яхши журналист — “Ёшлар” телерадиоканали катта муҳаррири Муҳаббат Ҳамроева суҳбатга таклифимизни эшитибоқ, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Яна бир энг яхши журналист — “Ватанпарвар” газетаси мухбири Жамшид Ниёзов билан, ҳатто, ҳамкасбларининг кўмагида ҳам суҳбатлаша олмадик.

Шу тариқа, 2008 йилнинг бошқа энг яхши журналистлари ҳам уларни касб байрами билан қутлаган юрт раҳбари Ислом Каримовнинг журналистларга билдирган танқидий фикрларини, гўёки яна бир карра исботлаб, бу ҳақда ўз муносабатини билдиришдан бош тортди.

Ҳукумат мукофотига сазовор бўлган журналистлар Озодликка интервью беришдан биринчи бор бош тортаётгани йўқ, албатта.

“Президентнинг уларни ўз-ўзини цензура қилишда айблаб, қилган танқиди ҳам уларни журъатга ундай олмаганини тушунса бўлади”, дейди биз билан суҳбатда ўзбекистонлик ёш журналист, эндиликда бу касбни қўйиб ўқитувчилик билан шуғулланаётган Шоҳиста Каримова.

Унинг сўзларига кўра, у каби қаламкашлар сафига сиғмаган журналистлар орасида президент Каримовнинг бу йилги табрик нутқини мутойиба қилиб юрганлар анчагина.

Шоҳиста Каримова: Масалан¸ табрикдаги “Нега танқид қилмаяпсан? Шунча раҳбарлар. Уларга қулсан¸ мутесан” деган гапларни¸ касб байрамини нишонлаëтган журналистлар мийиғида кулги билан қарши олишгани табиий ҳол.

Ўз-ўзини цензура масаласига келсак¸ Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида эркин фикрнинг йўқлиги ўз-ўзини цензура кўринишида эмас. Бу давлат томонидан мажбурий равишда ўрнатилган цензуранинг кучи билан¸ унинг тазйиғи билан боғлиқ.

Мен журналистиканинг ичида юриб кўрган одамман. Ўзига яраша бир қанча танқидий¸ таҳлилий эшиттиришлар қилиб¸ дакки еган одамман. Бу ерда шахсан менда “ўз-ўзини цензура” деган нарса йўқ эди.

Битта-иккита раҳбарларда шунақа эркин фикрга очиқ муносабат бор эди. “Тайëрладингизми? Танқидий материалингизнинг асослари борми? Марҳамат¸ узатинг” дейилади ва материал эфирга кетгандан кейин тепадан ўз-ўзидан цензуранинг босими бўлади. Бунга кўп мисоллар келтириш мумкин.

Масалан¸ “Ëш куч” таҳририяти ходимларига бўлган муносабат¸ “Моҳият” газетасининг тарқаб кетганлиги билан боғлиқ муносабат. Бунга ўхшаган катта-кичик мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Бу мисолларнинг ҳаммасининг ўзиëқ Ўзбекистонда ўз-ўзини цензура эмас¸ давлат томонидан эркин фикрга қарши тазйиқнинг ўрнатилганлигини исботлайди.

Озодлик: Мана бугун¸ ҳозир 2008 йилнинг энг яхши журналисти деб топилган журналистларга микрофон тутдик. Уларни табриклаш баҳонаси билан уларнинг президентнинг танқидий фикрларига муносабатини¸ тилакларига муносабатини ўрганмоқчи бўлдик. Лекин уларнинг ҳаммаси жавоб беришдан бош тортди. Ваҳоланки¸ улар шу мукофотга лойиқ кўрилган журналистлар. Цензуранинг бир кўринишидан жабр тортмаган журналистлар. Уларнинг гапиришига нима халақит берган бўлиши мумкин?

- Уларнинг гапиришдан бош тортганининг ўзи ҳам сизнинг саволингиз учун жавоб бўла олади. Улар қўрқишади. Қўрқув¸ жасоратсизлик ва асоратда фаолият юритаëтганлигининг уларнинг қон-қонига¸ ҳужайра-ҳужайрасида сингиб кетганлигининг бир кўринишидир. Бу отни бир жойга боғлаб қўйиб¸ орқасига қамчи уриш билан баробар. Шунақа бир ахмоқона кўринишни эслатади¸ дейди ўзбекистонлик ёш журналист, эндиликда бу касбни қўйиб ўқитувчилик билан шуғулланаётган Шоҳиста Каримова.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу йилги табрик нутқида бир иборани алоҳида тилга олди.

Каримовга кўра, журналистларда “фуқаролик позицияси фаол бўлиши лозим”.

Одатан, собиқ совет замонларида қўлланган шиорларни ёдга солган бу чақириқ билан президент Каримов бугун нимани назарда тутди ва бу билан бугунги журналистлардан нима талаб қилинмоқда, деган савол билан биз ўзбекистонлик таҳлилчи, жамиятшунос Бахтиёр Исабековга ҳам мурожаат қилдик.

Бахтиëр Исабеков: Фуқаролик ëки ўзининг ибораси билан айтганда гражданлик позициясининг умумий маъноси олинса¸ албатта¸ бир фуқаро сифатида давлатда бўлаëтган ҳар қандай ишга фаол аралашиши керак ва ҳар қандай сиëсий тадбир ва бошқада мустақил фикр билан чиқиш дегани¸ менимча¸ яхши нарса. Лекин¸ менинг назаримда¸ президент айнан журналистлардан талаб қилаëтган нарсада кўпроқ ҳозирги ҳукумат¸ президент олиб бораëтган сиëсатни коммунистлар давридагидай кўпроқ тарғибот қилиш назарда тутилаяпти.

Озодлик: Умуман давлат раҳбари томонидан журналистлардан мана шу фуқаролик позициясининг фаол бўлишининг талаб қилиниши тўғрими?

Бахтиëр Исабеков: Ўзи умуман фуқаролик позицияси дейиш ва журналистдан уни талаб қилиш билан ҳатто ҳозирги давлат сиëсатини қўллашдан ҳам кўпроқ давлатнинг фуқароси сифатида¸ яъни фуқаро сифатида ëндош деган талаб қўйилаяпти¸ шекилли.

Бу касб вазифасидан кўра сенинг давлатнинг фуқароси эканлигинг устунроқ деган нарса. Бу ўз ўзидан ҳозирги олиб борилаëтган сиëсатга тўғри келади. Чунки давлат ҳамма нарсадан устун.

Бошқачароқ айтганда¸ салкам 20 йил ичида буюк давлат қуриб бўлдик шекилли¸ буюк давлатнинг фуқароси фаол бўлиши керак. Мана шу нарса талаб қилинаëтган бўлиши керак.

Озодлик: Шу нуқтаи-назардан президентнинг шу талаби тўғрими?

Бахтиëр Исабеков: Умуман¸ журналистдан қайси позицияда бўлиш ëки бошқа нарсани талаб қилиш¸ мен яна айтаман¸ талаб қилиш мумкин эмас. Журналист учун касбидан келиб чиқадиган нарса бор. Ҳалоллик¸ холислик¸ ҳар қандай воқеа-ҳодисани холис баëн қилиш.

Озодлик: Фақат ҳуқуқий майдон яратилса.

- Ана шу керак. Шундай майдон бўлса¸ журналист ўз ўзидан холис бўла бошлайди. Бизда журналист ҳеч қачон ўзининг фикрини айтганлиги учун мукофот олган эмас. Лекин кўпларга ëқадиган¸ жумладан президентга ëқадиган нарсани ëзганлиги учун жуда кўп мукофотлар олишган. Бунинг ҳаммаси кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас. Президент¸ президент аппаратидагилар¸ умуман ҳукумат қанақа қилиб матбуотнинг қанақалигини билмаслиги мумкин?

Мана Қирғизистонда воқеалар бўлди. Ҳозир Эронда бўлаяпти. Шу воқеани баëн қиладиган¸ шунга муносабат билдирадиган одамларимиз йўқ дейсизми? Фойдаси йўқ. Муносабат билдириб бўлмайди. Фуқаровий фаоллик¸ журналистнинг оддий фаоллиги ҳақида қанақа қилиб гапирса бўлади? Шу ҳақдаги маълумотлар тўхтатилса¸ берилмаса¸ мумкин бўлмаса. Совет тизимидан қолган эски тоғора ҳалигача келаяптида¸ дейди Бахтиëр Исабеков.
XS
SM
MD
LG